Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Биз киммиз ўзи?

28.02.2019   4082   5 min.
Биз киммиз ўзи?

Подшоҳ аъёнлари қуршовида кўчадан дабдаба билан ўтиб борарди. Қаршисидан абгор ҳолдаги гадо чиқиб, баланд овозда деди:

  • Ассалому-алайкум қариндош!
  • Эй нодон, - деди подшоҳ ғазабланиб. – Қандай қилиб сенга қариндош бўлай?! Сен ким-у, мен ким?
  • Қариндошмиз, олампаноҳ. Ҳаммамиз бир ота-она – Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг фарзандларимиз-ку.

         Нима ҳам дердик, ўша гадо ҳақ. Инсоннинг инсондан фарқи (“афзаллиги”, “устунлиги” ва ҳоказо)ни ташқи кўриниши, кийими, терисининг ранги, моддий имкониятлари, ижтимоий мавқеи, мансаби... кабилар билан ажратиш ўта нисбий тушунча. Дейлик, бири – “фуқаро”, иккинчиси – “зодагон”. Нима бўпти? Яна, бек ким-у, хожа ким, фақир ким? Ҳаммаси – ҳазрати Инсон эмасми? Масалан, “оқсуяк”-зодагонга бир умр бахтли-саодатли бўлмоқ, дорилбақога қайтгач, тўппа-тўғри жаннатга тушмоқ кафолати берилганида, бошқа гап эди! Ёки, куч-қудратда тенгсиз паҳлавонлар, заифлардан кўра узоқроқ умр кўрадими-йўқми – буни ҳеч ким билмайди! Баъзан, бошқаларга нисбатан зоҳирий устунлик – инсон ўзининг чексиз орзу-истаклари-ю, ақли воситасида ўйлаб топган “кашфиёти” холос, дейиш мумкин.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишидек баробардур”. Фақат, гоҳо бу ҳақиқатни ё билмаймиз, ёки билишни истамаймиз...

Чексиз оламда Инсон – ким ўзи?

Бу саволга ўтмиш мутафаккирлари турли-туман жавоблар топишган. Умар Хайём инсонни “табиатнинг гултожи”, “оламнинг меҳвари” дея улуғласа, фаранг мутафаккири Блез Паскаль камтарона, ҳатто тушкун кайфиятда: “атом зарраси каби адашган”, “бир дақиқа ялт этиб кўриниб, абадий йўқолган соя”га  ўхшатади. “Коинот ичра инсон нима? – дея савол қўяди Б.Паскаль ва бундай жавоб беради: – чексизлик билан қиёслаганда йўқлик, йўқлик билан қиёслаганда борлиқ, ҳамма нарса ва ҳеч нарса орасидаги ўрталикдир.

Инсоннинг улуғлиги унинг фикрлаш қобилиятида. Ёлғиз тафаккургина бизни юксакка кўтаради, макон ва замон бундай имконга эга эмас, чунки улар ичра биз ҳеч нарсамиз”.

Дарҳақиқат, инсон бу чексиз оламда имкониятлари ниҳоятда чекланган мавжудот, десак, ўзимизга мос баҳо берган бўламизми? Мисол учун, жуда паст овозни эшитмаймиз, ўта баланд овоздан эса қулоқ ёрилиб кетади. Кичик зарраларни кўролмаймиз, шунингдек, ўта узоқ масофани ҳам кўзимиз илғамайди. Ҳатто,  “энг учқур” деб таърифланувчи ақл-идрокимиз имкониятлари ҳам албатта, чегараланган. Қадимги ҳинд ҳикматида айтилганидек, “Биз олам, одам ва жамият ҳақида жуда-жуда оз нарса билишимизни билиш учун ниҳоятда кўп нарса билишимиз кераклигини камдан-кам одам билади”. Бинобарин, Инсон ўз ақл кучи билан “ҳамма нарсани” билувчи эмас, балки Аллоҳ истаган нарсанигина билгувчидир.

Инсоннинг феъл-атвори жуда ҳам қизиқ. Ўта мураккаб. Унинг баъзи  қирралари шундай кутилмаган ҳолатда намоён бўладики, буни аввалдан айтиш, башорат қилиш, “режага киритиш” ва ҳатто тасаввур қилиш ниҳоятда мушкул...

“Араб тафаккури хазинаси”дан: “Хасталик тўшагида ўзига заифлик билан бирга орзу-умид, жангу-жадал майдонида эса бузғунчилик билан бирга куч-қувват топиб, ўзида иккала зиддиятни жамлай олган мавжудот – инсондир”. Баайни, Инсон жисмида сув ва олов бирлашган. Тупроқдек хокисорлик ҳам, тенгсиз бунёдкорлик, бузғунчилик, қайноқ меҳр-муҳаббат, ваҳшийлик, ҳавойилик (масалан, кибр), йиртқичлик... ҳам инсонга хос. “Инсон ҳар доим беозор бўлмасдан, баъзан дунёдаги энг ваҳший махлуққа айланиши мумкинлигини гоҳо тан олгимиз келмайди”.

Юқоридаги фикрлар инсон зотига нисбатан инсонлар томонидан айтилган ва кимдир бунга қарши чиқиши ҳам мумкин. Агар бирор бир буюмни ясасангиз унинг қандайлигини сиздан бошқа ҳеч ким аниқ ва батафсил билмайди. Одам зотини ҳам уни яратган Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким заррасигача, қалбидаги ҳисларигача билиши мутлақо мумкин эмас. Шу сабаб биз ҳақимизда Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятларга назар солсак:

“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман. (Бақара сураси, 30)

(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”. (Аср сураси, 2-3)

Ахир, инсон заиф яратилган-да! (Нисо сураси, 28)

Нима бўлганда ҳам инсон эканлигини, бандани Аллоҳ таоло яратганлигини, ҳаётга келишдан мақсад ва юклатилган вазифаларни унутмасдан яшаш ҳар бир ўзини ОДАМ деб билган мавжудот учун унутилмас ва исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!

 

“Инсоннома” китоби асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қурбон ҳайити – эзгулик ва бағрикенглик байрами!

05.06.2025   13729   4 min.
Қурбон ҳайити – эзгулик ва бағрикенглик байрами!

Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити  Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
 

Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон  ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.


Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик  қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.


Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.


Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.


Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.


Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).


Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.


Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.


Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.


Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!


Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин! 

Убайдуллоҳ Абдуллаев, 
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари