Аввал, 21–23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида “I Халқаро зиёрат туризми форуми” ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Анжуманда ўнлаб давлатлардан олимлар, уламолар, туризм соҳаси сармоядорлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро форумда иштирок этиш учун бугун, 21 февраль куни эрта тонгда Бухоро шаҳрига етиб келдилар.
Муфтий ҳазратлари вилоятга сафарларини хайрли иш билан бошладилар. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида янги қурилаётган жоме масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб бериш учун мазкур туманга ташриф буюрдилар. Айтиш мумкинки, ушбу туманда шу кунга қадар бирорта ҳам масжид йўқ эди. Янги жоменинг қурилиши ҳудуд аҳолиси учун жуда катта хурсандчилик ва тарихий воқеа бўлди.
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги янги жоме масжидга йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак номлари берилди. Жоме масжид пойдеворига биринчи тамал тошини муфтий ҳазратлари яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар. Муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар эҳтиёжи, ёшлар тарбияси йўлида катта хизмат қилиши, бундай улуғ савобли ишга ҳисса қўшган вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда мутасаддилари ҳаққига дуолар қилдилар. Янги жоме масжид қурилиши тез орада якунланиб, мўмин-мусулмонларимиз ихтиёрига топширилишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.
Маросимда уламолар, маҳалла фаоллари ва мўйсафид отахонлар ҳам иштирок этдилар. Шунингдек, уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Муфтий ҳазратнинг Бухоро вилояти сафарлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 4 октябр куни Бухоро давлат техника университетида “Таълим ва одоб-аҳлоқда Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг ўрни” номли халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Унда Малайзиядаги Жаҳон суфийлар маркази бош котиби шайх Абдулкарим бин Ҳадид, индонезиялик профессор, доктор шайх Али Масийкур Мусо, россиялик шайх Мавлон Дилдор Сафарали, бангладешлик шайх Сафиул Аъзам Ходим каби таниқли уламолар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Халқаро илмий йиғинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков нуфузли олимларни юртимизга ташрифлари билан қутлаб, ушбу анжуман Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини чуқур ўрганиш ва тасаввуф илмлари ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб этишда яна бир босқич бўлишини эътироф этди.
Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанддан кейин “нақшбандия” номи билан кенг танила бошлаган хожагон-нақшбандия тариқати ислом оламида вужудга келган илк сўфийлик тариқатларидан бири ҳисобланади. У аксарият тариқатлардан фарқли равишда, пайдо бўлган ватани — Ўрта Осиёдан бошқа кўпгина ўлкаларда ҳам тарқалган. Сўфийлик тариқатлари орасида биринчилардан бўлиб таркидунёчиликка қарши ижтимоий фаол турмуш тарзини тарғиб қилган. Баҳоуддин Нақшбанд илгари сурган “Дил ба ёру — даст ба кор”, яъни “Дилинг Худода, қўлинг ишда бўлсин”, деган эзгу шиор замирида умуминсоний ғоялар, маънавий камолот, ботиний поклик устувор аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам бу тариқатнинг мавқеи кўтарилиб, дунё бўйлаб ёйилди.
– Сўнгги йилларда маънавий-маърифий қадриятларимизнинг тикланишига юртимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Ҳомиджон домла Ишматбеков. – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Махдуми Аъзам ва бошқа сўфий алломалар мангу қўним топган қадамжолар обод этилиб, бутунлай янги қиёфага кирди. Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази фаолият юритяпти. Ушбу марказ ташаббуси билан 2018 йилдан буён “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали нашр этиб келинади. Анъанавий тарзда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказида ҳар йили сентябрь ойи учинчи жума куни Республика нақшбандхонлик илмий-амалий анжумани ўтказиб келинади.
Анжуманда сўзга чиққанлар юртимизда тасаввуф таълимоти доирасида шаклланган қадриятлар, инсоний одоб-ахлоқ мезонлари, тинчликпарварлик ғояларидан ёш авлодни ватанга муҳаббат, буюк аждодларга эҳтиром руҳида тарбиялашда ҳамда бузғунчи ақидапараст ва диний-экстремистик ғояларга қарши туришда самарали фойдаланиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати