Мисрда чоп этиладиган нуфузли “Ал-Аҳрам” газетаси саҳифасида “Самарқанд – мозийга саёҳат” сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ушбу мақола мазкур газетанинг мухбири, Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган муддатидан олдин Президент сайлови жараёнларини ёритиш учун аккредитация олган Ғада Ал-Шаркавий қаламига мансуб.
Муаллиф Ўзбекистон тарихи, маданияти ва анъаналари, мамлакатимизнинг бой сайёҳлик имкониятлари, шунингдек, турфа ўзбек таомлари ҳақидаги таассуротларини атрофлича қаламга олган.
Унинг ёзишича, Ўзбекистонга, айниқса, кўҳна Самарқанд шаҳрига бориб, афсонавий Регистон майдонини ўз кўзи билан кўришни у болалигидан орзу қилган. Узоқ йиллик орзу ниҳоят 2023 йили ушалган - у Ўзбекистонда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайловларини ёритиш учун мамлакатимизга келишга мушарраф бўлган.
«9 июль куни бўлиб ўтган сайловлардан сўнг мен таржимон йўлбошчим билан Тошкентдан Самарқанд шаҳрига поездда йўл олдим. Поезд ҳам бу мамлакатдаги ҳамма нарсалар сингари, тоза, озода эди. Икки соатдан сал кўпроқ йўл юрдик.
Менинг ихтиёримда атиги олти соат бўлгани учун вақтдан унумли фойдаланган ҳолда ўзим орзу қилган шаҳарда кўнглимга ёққан ҳамма нарсани кўришни хоҳладим. Машҳур тадқиқотчи ва саёҳатчи Ибн Баттута бу шаҳарни энг гўзал ва мафтункор шаҳарлардан бири, улуғворлик тимсоли, дея моҳирона таърифлаган. ЮНЕСКО Самарқандни жаҳон маданиятининг ўчоғи ўлароқ эътироф этган.
Эрта тонгданоқ шаҳар бўйлаб саёҳатим араб тилини яхши биладиган тажрибали мутахассис ҳамроҳлигида бошланди”, деб ёзади муаллиф.
Мақола давомида газетхонлар эътиборига Гўри Амир мажмуаси, Регистон майдони, Шоҳи-Зинда, Бибихоним меъморий мажмуаси ва бошқа диққатга сазовор масканлар ҳақидаги маълумотлар ҳавола этилади.
“Баъзи ривоятларда номи “Замин сайқали” дея зикр этилган Самарқандни кўпинча мовий гумбазлар шаҳри, деб ҳам аташади. Унинг тарихи милоддан аввалги 1,5 минг йилдан кўпроқ даврга бориб тақалади. Шаҳар Ўзбекистоннинг шимоли-шарқидаги Зарафшон дарёси воҳасида жойлашган. Бугунги кунда Самарқанд республика пойтахти Тошкентдан кейин иккинчи ўринда турадиган муҳим шаҳар ҳисобланади”, деб ёзади муаллиф.
«Дунёнинг кўплаб мамлакатларига саёҳат қилганимга қарамай, Ўзбекистон менга жуда таниш бўлиб туюлди. Бу ўлканинг кўчалари, одамлари, ошхонаси, урф-одатлари ва бой тарихи менда катта таассурот қолдирди. Самарқандга саёҳат орқали узоқ йиллик орзуим ушалди. Бу ерда ўзимни гўё вақт машинасига ўтирган ҳолда узоқ ўтмишга саёҳат қилгандек ҳис қилдим.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Ал-Аҳрам” газетаси 1875 йил август ойида Мисрнинг расмий газетаси сифатида дунё юзини кўрган. У Миср ва араб дунёсидаги энг йирик нашр бўлиб, кунлик адади 1 миллион нусхани ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.