Ҳикоя қилишларича Ҳишом деган машҳур ва моҳир жарроҳ бўлган экан. Бир куни шошилинч сафарга чиқди. У сафари давомида ташкиллаштирилган бутун дунё тиббиёт олимлари мажлисида жарроҳликда янги услуб қилганини ёритиб бериши керак эди. Самолётга чиққач, кўп ўтмай, самолёт носозлиги сабабли қўнишга мажбур бўлибди. Бироқ, бориши керак бўлган манзилга ҳали анча масофа бор эди.
У аэропорт ходимидан сўрабди. "Мен катта тиббиёт олимиман, муҳим бўлган мажлисга кетаётган эдим, сизлар манзилимга етишим учун кейинги самолётни 16 соат кутишимни айтяпсизлар. Мен бунча вақт кута олмайман, менинг ҳар бир дақиқам ҳар бир бемор инсон учун ўта қадрли", деди.
Аэропорт ходими "Унда сизга машина беришимиз мумкин, сиз манзилингизга машинада 3-4 соатда етиб оласиз" деб жавоб қайтарди.
Мажбур бўлган доктор Ҳишом машинада сафарини давом эттирибди. Чамаси икки соат йўл юргач, кун кеч бўлиб қолгани ва қаттиқ ёмғир ёғиб, юришга қийналгани ҳамда анча толиққани учун йўлда кўринган кичик бир уй олдида тўхтади. Уй эшигини тақиллатса, уйдан кекса бир аёлнинг овози эшитилди. “Келинг, эшигимиз очиқ, кираверинг”.
Шунда Ҳишом у кекса аёлдан бир оз дам олиши учун рухсат сўраб, унга пул узатди.
Кекса аёл “бу қандай пул?”, “Мен пулни кўрмаяпман” деди. Чунки у аёлнинг кўзи ожиз эди. “Ўтиринг, анаву стол устида иссиқгина чой бор, унинг ёнида сизни қорнингизни тўйдирадиган таомлар ҳам бор. Мусофир экансиз, чой ичиб, ул-бул еб кучга киринг”, деди.
Ҳишом “Раҳмат” дея, таомланди. Таомланар экан, кекса аёл ёнида кичик бир бола ҳеч бир ҳаракатсиз ётганига кўзи тушди. Кампир намоз ўқиб бўлгач, йиғлаб, Аллоҳдан бемор бўлиб ётган болага шифолар сўраб дуо қилди. Ҳишом бу ҳолатдан мамнун бўлиб, “онахон, Аллоҳим дуоларингизни ижобат қилсин”, деди.
Шунда кампир “Болам, сиз мусофир экансиз, мен Аллоҳга нима деб дуо қилган бўлсам барчасини ижобат қилди. Фақатгина битта дуойимни қабул қилиши қолди”, деди.
“Ҳишом у қандай дуо экан?” деб, сўради.
Кампир “Сиз кўрган бу бола менинг набирам. Унинг ота-онаси вафот этган. Унинг дардига бизнинг табиблар даво топаолмаяпти, лекин, эшитишимча катта бир доктор бор экан. Унинг исми Ҳишом экан. У биздан узоқроқда яшайди, набирамни унинг олдига олиб боришга имконим йўқ. Лекин, мен набирамни ётоқ бўлиб қолишидан қўрқаман. Шунинг учун Аллоҳдан бу ишимни осон қилишини сўраб дуо қиляпману, ҳали ижобат бўлгани йўқ”, деди.
Шунда доктор Ҳишом кўзига ёш олиб, “Эй мўтабар она, биласизми сизнинг дуойингиз самолётни қўнишга мажбур қилди, ёмғир ёғиб мени сизнинг уйингизга киришимга сабаб бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу экан. Мен сиз айтган табиб Ҳишомман. Аллоҳ таоло: “Дуо қилинглар ижобат қиламан”, дейди. Сизнинг дуойингизни ижобат қилди. Бу Аллоҳ таолонинг қазои-қадаридир”, деди.
Манбалар асосида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё
С.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи ўқиган намозлари қайси?
Ж.Пешин намози.
С.Одам алайҳиссаломдан Нуҳ алайҳиссалом давригача бўлган оралиқ вақт қанча?
Ж.Ўн аср.
С.Ҳамма оятида Аллоҳнинг исми зикр қилинган сура қайси?
Ж.Мужодала сураси.
С.Қайси оятда араб ҳарфларининг барчаси ишлатилган?
Ж.Фатҳ сурасининг охирги оятида.
С.Инсонни Дажжол фитнасидан асрайдиган ўнта оят қайси?
Ж.Каҳф сурасининг аввалги ўнта ояти.
С.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўрганишни тавсия қилган сура қайси?
Ж.Нур сураси.
С.Мерос ҳукмлари келган сура қайси?
Ж.Нисо сураси.
С.“Кичик Нисо сураси” деб номланган сура қайси?
Ж.Талоқ сураси.
С.“Мунжия” (нажот берувчи) деб номланмиш сура қайси?
Ж.Мулк сураси.
С.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг исломга киришларига сабаб бўлган сура қайси?
Ж.Тоҳо сураси.
С.Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қиёматни кўзи билан кўрмоқчи бўлса ўқисин", деб айтган суралари қайси?
Ж.Таквир, Инфитор, Иншиқоқ суралари.
С.Қайси саҳобийдан фаришталар ҳам ҳаё қилар эди?
Ж.Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳудан.
С.Қориларнинг саййиди деб ном олган саҳобий ким?
Ж.Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу.
С.Байтул маъмур қаерда жойлашган?
Ж.Осмонда.
С.Халойиқ ичида энг охири ўладиган ким?
Ж.Ўлим фариштаси.
С.Жаннатнинг энг олий даражаси қайси?
Ж.Фирдавс.
С.Таровиҳ намозига одамларни жамлаган ким?
Ж.Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.
С.Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нечта фарзандлари бўлган?
Ж.Еттита.
С.Жаннат хазинабонининг исми нима?
Ж.Ризвон.
С.Дўзах хазинабонининг исми нима?
Ж.Молик.
С.Жаннатнинг нечта эшиги бор?
Ж.Саккизта.
С.Дўзахнинг нечта эшиги бор?
Ж.Еттита.
С.Аъроф нима?
Ж.Аъроф – жаннат билан дўзах ўртасидаги аросат жой.
С.Аъроф эгалари қаерга тушади, жаннатгами ёки дўзахга?
Ж.Жаннатга тушадилар.
С.Ҳикмат берилган, пайғамбарлик берилмаган киши ким?
Ж.Луқмони ҳаким.
С.Бир куни рўза тутиб, бир куни оғзи очиқ юришни одат қилган пайғамбар ким?
Ж.Довуд алайҳиссалом.
С.Дарахтни ичига яширинганда арралаб ўлдирилган пайғамбарнинг исми нима?
Ж.Закариё алайҳиссалом.
С.Душманининг қўлида тарбияланиб катта бўлган пайғамбар қайси?
Ж.Мусо алайҳиссалом.
С.Бешикда гапирган ва ҳозиргача тирик бўлган пайғамбар қайси?
Ж.Исо алайҳиссалом.
С.“Мен икки қурбонлик қилинган зотларнинг ўғлиман” деган пайғамбар қайси?
Ж.Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам.
С.Марям алаҳиссаломни ўз кафиллигига олган пайғамбар қайси?
Ж.Закариё алайҳиссалом.
С.Нуҳ алайҳиссаломнинг аҳлидан нажот топмаган икки киши ким?
Ж.Хотини ва ўғли.
С.Масиҳи Дажжолни ўлдирадиган пайғамбар ким?
Ж.Исо алайҳиссалом.
С.Муҳаммад алайҳиссаломнинг туяларининг исми нима эди?
Ж.Қасво.
С.Тўфондан сўнг Нуҳ алайҳиссаломнинг кемалари қаерда қўнди?
Ж.Жудий тоғига, Ашуро куни.
С.Ейиш мумкин бўлган, аммо сотиш мумкин бўлмаган таом қайси?
Ж.Қурбонлик гўштидан тайёрланган таом.
С.Башарият тарихида энг олисга қилинган сафар қайси?
Ж.Исро ва Меърож.
С.Сидратул мунтаҳо нима?
Ж.Еттинчи осмондаги буюк дарахт.
С.Муқаддас руҳ ким?
Ж.Жаброил алайҳиссалом.
С.Жаброил алайҳиссаломнинг қанотлари нечта?
Ж.Олти юзта.
С.Исо алайҳиссалом қаерда туғилганлар?
Ж.Фаластинда Байти Лаҳмда.
С.Қавмини ўттиз йил динга даъват этган, аммо бирорта ҳам киши имон келтирмаган пайғамбар қайси?
Ж.Лут алайҳиссалом.
С.Қайси пағамбарлар уйланмай бўйдоқ ўтишган?
Ж.Яҳё ва Исо алайҳиссаломлар.
С.Кўз ўнгида аёлини фаришталар куйдириб юборган пайғамбар қайси?
Ж.Лут алайҳиссалом.
С.Саждада турган ҳолида боши чопилган пайғамбар қайси?
Ж.Яҳё алайҳиссалом.
С.Қиёмат кунида хотинидан қочадиган пайғамбар қайси?
Ж.Лут алайҳссалом.
С.Жаннат аҳлининг ёши неча ёшда бўлади?
Ж.Ўттиз уч ёшда.
С.Қиёмат куни одамлар орасида биринчи ҳукм қилинадиган масала қайси?
Ж.Ноҳақ тўкилган қонлар.
С.Биринчи бўлиб фитна туфайли ўлимни орзу қилган зот ким?
Ж.Юсуф алайҳиссалом.
С.Жаннат аҳлининг саййидалари ким?
Ж.Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад алайҳиссалом, Марям бинт Имрон ва Фиравннинг аёли Осиё розияллоҳу анҳунна.
С.Биринчи бўлиб соатни жорий қилган ким?
Ж.Нуҳ алайҳиссалом, кемада намоз вақтларини аниқлаш учун.
С.Каъбанинг ичида нозил бўлган оят қайси?
Ж.Нисо сурасининг 58-ояти
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ