Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Насиб қилса келар Шому Ироқдан

08.02.2019   5702   3 min.
Насиб қилса келар Шому Ироқдан

Ҳикоя қилишларича Ҳишом деган машҳур ва моҳир жарроҳ бўлган экан. Бир куни шошилинч сафарга чиқди. У сафари давомида ташкиллаштирилган бутун дунё тиббиёт олимлари мажлисида жарроҳликда янги услуб қилганини ёритиб бериши керак эди. Самолётга чиққач, кўп ўтмай, самолёт носозлиги сабабли қўнишга мажбур бўлибди. Бироқ, бориши керак бўлган манзилга ҳали анча масофа бор эди.

У аэропорт ходимидан сўрабди. "Мен катта тиббиёт олимиман, муҳим бўлган мажлисга кетаётган эдим, сизлар манзилимга етишим учун кейинги самолётни 16 соат кутишимни айтяпсизлар. Мен бунча вақт кута олмайман, менинг ҳар бир дақиқам ҳар бир бемор инсон учун ўта қадрли", деди.

Аэропорт ходими "Унда сизга машина беришимиз мумкин, сиз манзилингизга машинада 3-4 соатда етиб оласиз" деб жавоб қайтарди.
Мажбур бўлган доктор Ҳишом машинада сафарини давом эттирибди. Чамаси икки соат йўл юргач, кун кеч бўлиб қолгани ва қаттиқ ёмғир ёғиб, юришга қийналгани ҳамда анча толиққани учун йўлда кўринган кичик бир уй олдида тўхтади. Уй эшигини тақиллатса, уйдан кекса бир аёлнинг овози эшитилди. “Келинг, эшигимиз очиқ, кираверинг”.
Шунда Ҳишом у кекса аёлдан бир оз дам олиши учун рухсат сўраб, унга пул узатди.

Кекса аёл “бу қандай пул?”, “Мен пулни кўрмаяпман” деди. Чунки у аёлнинг кўзи ожиз эди. “Ўтиринг, анаву стол устида иссиқгина чой бор, унинг ёнида сизни қорнингизни тўйдирадиган таомлар ҳам бор. Мусофир экансиз, чой ичиб, ул-бул еб кучга киринг”, деди.

Ҳишом “Раҳмат” дея, таомланди. Таомланар экан, кекса аёл ёнида кичик бир бола ҳеч бир ҳаракатсиз ётганига кўзи тушди. Кампир намоз ўқиб бўлгач, йиғлаб, Аллоҳдан бемор бўлиб ётган болага шифолар сўраб дуо қилди. Ҳишом бу ҳолатдан мамнун бўлиб, “онахон, Аллоҳим дуоларингизни ижобат қилсин”, деди.

Шунда кампир “Болам, сиз мусофир экансиз, мен Аллоҳга нима деб дуо қилган бўлсам барчасини ижобат қилди. Фақатгина битта дуойимни қабул қилиши қолди”, деди.

“Ҳишом у қандай дуо экан?” деб, сўради.

Кампир “Сиз кўрган бу бола менинг набирам. Унинг ота-онаси вафот этган. Унинг дардига бизнинг табиблар даво топаолмаяпти, лекин, эшитишимча катта бир доктор бор экан. Унинг исми Ҳишом экан. У биздан узоқроқда яшайди, набирамни унинг олдига олиб боришга имконим йўқ. Лекин, мен набирамни ётоқ бўлиб қолишидан қўрқаман. Шунинг учун Аллоҳдан бу ишимни осон қилишини сўраб дуо қиляпману, ҳали ижобат бўлгани йўқ”, деди.

Шунда доктор Ҳишом кўзига ёш олиб, “Эй мўтабар она, биласизми сизнинг дуойингиз самолётни қўнишга мажбур қилди, ёмғир ёғиб мени сизнинг уйингизга киришимга сабаб бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу экан. Мен сиз айтган табиб Ҳишомман. Аллоҳ таоло: “Дуо қилинглар ижобат қиламан”, дейди. Сизнинг дуойингизни ижобат қилди. Бу Аллоҳ таолонинг қазои-қадаридир”, деди.

 

Манбалар асосида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   9017   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ