Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Март, 2025   |   11 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:38
Аср
16:39
Шом
18:28
Хуфтон
19:41
Bismillah
11 Март, 2025, 11 Рамазон, 1446

Насиб қилса келар Шому Ироқдан

8.02.2019   5012   3 min.
Насиб қилса келар Шому Ироқдан

Ҳикоя қилишларича Ҳишом деган машҳур ва моҳир жарроҳ бўлган экан. Бир куни шошилинч сафарга чиқди. У сафари давомида ташкиллаштирилган бутун дунё тиббиёт олимлари мажлисида жарроҳликда янги услуб қилганини ёритиб бериши керак эди. Самолётга чиққач, кўп ўтмай, самолёт носозлиги сабабли қўнишга мажбур бўлибди. Бироқ, бориши керак бўлган манзилга ҳали анча масофа бор эди.

У аэропорт ходимидан сўрабди. "Мен катта тиббиёт олимиман, муҳим бўлган мажлисга кетаётган эдим, сизлар манзилимга етишим учун кейинги самолётни 16 соат кутишимни айтяпсизлар. Мен бунча вақт кута олмайман, менинг ҳар бир дақиқам ҳар бир бемор инсон учун ўта қадрли", деди.

Аэропорт ходими "Унда сизга машина беришимиз мумкин, сиз манзилингизга машинада 3-4 соатда етиб оласиз" деб жавоб қайтарди.
Мажбур бўлган доктор Ҳишом машинада сафарини давом эттирибди. Чамаси икки соат йўл юргач, кун кеч бўлиб қолгани ва қаттиқ ёмғир ёғиб, юришга қийналгани ҳамда анча толиққани учун йўлда кўринган кичик бир уй олдида тўхтади. Уй эшигини тақиллатса, уйдан кекса бир аёлнинг овози эшитилди. “Келинг, эшигимиз очиқ, кираверинг”.
Шунда Ҳишом у кекса аёлдан бир оз дам олиши учун рухсат сўраб, унга пул узатди.

Кекса аёл “бу қандай пул?”, “Мен пулни кўрмаяпман” деди. Чунки у аёлнинг кўзи ожиз эди. “Ўтиринг, анаву стол устида иссиқгина чой бор, унинг ёнида сизни қорнингизни тўйдирадиган таомлар ҳам бор. Мусофир экансиз, чой ичиб, ул-бул еб кучга киринг”, деди.

Ҳишом “Раҳмат” дея, таомланди. Таомланар экан, кекса аёл ёнида кичик бир бола ҳеч бир ҳаракатсиз ётганига кўзи тушди. Кампир намоз ўқиб бўлгач, йиғлаб, Аллоҳдан бемор бўлиб ётган болага шифолар сўраб дуо қилди. Ҳишом бу ҳолатдан мамнун бўлиб, “онахон, Аллоҳим дуоларингизни ижобат қилсин”, деди.

Шунда кампир “Болам, сиз мусофир экансиз, мен Аллоҳга нима деб дуо қилган бўлсам барчасини ижобат қилди. Фақатгина битта дуойимни қабул қилиши қолди”, деди.

“Ҳишом у қандай дуо экан?” деб, сўради.

Кампир “Сиз кўрган бу бола менинг набирам. Унинг ота-онаси вафот этган. Унинг дардига бизнинг табиблар даво топаолмаяпти, лекин, эшитишимча катта бир доктор бор экан. Унинг исми Ҳишом экан. У биздан узоқроқда яшайди, набирамни унинг олдига олиб боришга имконим йўқ. Лекин, мен набирамни ётоқ бўлиб қолишидан қўрқаман. Шунинг учун Аллоҳдан бу ишимни осон қилишини сўраб дуо қиляпману, ҳали ижобат бўлгани йўқ”, деди.

Шунда доктор Ҳишом кўзига ёш олиб, “Эй мўтабар она, биласизми сизнинг дуойингиз самолётни қўнишга мажбур қилди, ёмғир ёғиб мени сизнинг уйингизга киришимга сабаб бўлди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу экан. Мен сиз айтган табиб Ҳишомман. Аллоҳ таоло: “Дуо қилинглар ижобат қиламан”, дейди. Сизнинг дуойингизни ижобат қилди. Бу Аллоҳ таолонинг қазои-қадаридир”, деди.

 

Манбалар асосида Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё

Мақолалар
Бошқа мақолалар

«Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра»

11.03.2025   461   4 min.
«Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра»

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. У зот: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган», дедилар.

Термизий ривоят қилган ва бу ҳадис ҳасан, саҳиҳдир, деган.

Термизийдан бошқаларининг ривоятида:

«Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зотни рўпарангда топасан. Аллоҳни фароғатда танисанг, У сени қийинчиликда танийди. Билки, сени четлаб ўтган нарса сенга етмайди. Сенга етган нарса сени четлаб ўтмайди. Билки, сабр ортидан ютуқ, ғам-ғусса ортидан кушойиш келади. Ва албатта, қийинчилик билан енгиллик бордир», дейилган.

 

Шарҳ: Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирларига мингашиб олиб, у зотнинг ортларида кетаётган эдилар. Шунда Набий алайҳиссалом у кишига бутун Ислом умматига зарур бўлган ушбу ҳадиси шарифдаги гапларни айтдилар:

«Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади».

Аллоҳнинг динидаги амр ва наҳийларга қатъий риоя қилсанг, Аллоҳ таоло сени, аҳли оилангни ва дину дунёингни муҳофаза қилади. Зотан, У Зотдан ўзга муҳофаза қилувчи йўқ.

«Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда ‎топасан».

Банда Аллоҳ таолонинг динига оғишмай амал қилса, дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган даражага ҳам эришар экан. Ушбу жумладан англанадиган ҳақиқат шудир.

«Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра».

Чунки барча нарса У Зотнинг ихтиёридадир. У Зотдан ўзга берувчи йўқ. Бошқа зоҳирий берувчилар ҳам У Зотнинг амри ила У Зотнинг берганидан берадилар. Шунинг учун орага бошқани қўшмай, тўғридан-тўғри ҳақиқий берувчининг Ўзидан сўраш керак.

«Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста».

Чунки ҳақиқий кўмакчи – У Зотнинг Ўзидир. Бошқаларнинг барчаси кўмакка муҳтож.

«Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди‎. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган‎».

Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдандир. Аллоҳнинг дунёдаги барча махлуқотлари жамланиб, сенга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ тақдирингга битган нарсадан бошқаси бўлмайди. Шунинг учун ҳаммани қўйиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қил.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1.     Болаларга хуш муомалада бўлиб, уларга таълим-тарбия бериш;
2.     Аллоҳнинг буйруғу қайтариқларига бўйсуниш У Зотнинг муҳофазасига сабаб бўлиши;
3.     Талаб-истакларни фақат уларни бажо келтирувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;
4.     Кўмак ва ёрдамни ҳақиқий кўмак берувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;
5.     Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдан экани;
6.     Барча махлуқотлар жамланиб, бир инсонга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса, Аллоҳ тақдирда битган нарсадан бошқаси бўлмаслиги;
7.     Банда фароғат пайтида Аллоҳни ёдга олиб, тоат-ибодатда бўлса, қийинчиликка йўлиққан пайтида У Зот уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги;
8.     Сабр ортидан ютуқ, ғам-ғусса ортидан кушойиш, қийинчилик ортидан енгиллик келиши.

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади