Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Бошқа галактикаларда ҳам ҳаёт борми?

08.02.2019   5483   6 min.
Бошқа галактикаларда ҳам ҳаёт борми?

“Айтинг: “Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (ибрат назари билан) боқингиз!” (Юнус, 101)

Уламолар, инсон зоти учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган ҳар бир нарсада ибрат ва тафаккур намунаси мужассамдир, одам боласи уларни кўрганда фикр юритиб “ибрат назари билан боқмоғи” лозим дейишади.

Бизга тортиқ қилинган она заминимиз Ер сайёраси ҳам унча катта бўлмаган юлдуз – Қуёш атрофида айланувчи 8 та сайёрадан бири бўлиб, галактикамиздаги юлдузларнинг тахминий сони эса 200-400 миллиард атрофида деб баҳоланади.

Астроном олимларнинг таъкидлашича бизнинг галактикамиз – Сомон Йўли, спиралсимон галактика типига кирар экан. Ўз навбатида галактикаларнинг ҳам бир нечта типлари мавжуд. Америкалик олим Эдвин Хабблнинг фикрига кўра, коинотда эллиптик, линзасимон, спиралсимон ва нотўғри типдаги галактикалар бор.

Тадқиқотчилар Коинотнинг замонавий астрономик методлар ёрдамида тадқиқ қилиш мумкин бўлган қисмини Метагалактика деб атайди. Унинг ўлчами ва ҳажми кузатув асбобларининг имкониятлари кенгайиши билан ортиб бораверади.                                                                   

Бугунги кунда Метагалактиканинг ўлчами реликт нурланиш асосида аниқланган ва барча йўналишда 14 миллиард парсек, содда қилиб айтганда 46 миллиард ёруғлик йилига тенг деб қаралади. Айни дамгача олимлар томонидан аниқланган Ердан энг узоқда жойлашган объект (2016 йил аниқланган) ГН-з11 галактикаси ҳисобланади. Унинг қизилга силжиши з=11,1 га тенг ва бу тахминан 13,4 миллиард ёруғлик йилига тенг бўлган масофа демакдир.

Мутахассисларнинг фикрича замонавий телескоплар мавжудлигига қарамасдан галактикаларнинг аниқ сонини аниқлаш мушкул вазифа ҳисобланади, чунки биз Коинотнинг фақатгина бирор бир кичик қисминигина тўғридан-тўғри кузатишимиз мумкин холос. Бази олимларнинг сўнги маълумотларига қараганда Коинотдаги галактикаларнинг сони тахминий 100-200 миллиардга етади.

Германияда суперкомпютер ёрдамида ўтказилган тажрибалар асосида аниқланган қиймат эса янада ката – 500 миллиард! Табиийки, бу рақамлар абсолют аниқ эмас, балки тахминий рақамлардир.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: олимлар галактикалар сонини қандай аниқлашади? Гап шундаки, Хаббл космик телескопи каби кучли телескопларда Коинотнинг маълум бир қисми чуқур ўрганилади. Бунинг учун Хаббл телескопи танланган жойга юзлаб соатлар давомида қаратилиб, Коинотнинг ушбу қисмига “чуқур” кириб боради. Шу йўсинда олинган тасвирлар асосида галактикаларинг умумий сони тахминан аниқланади. Катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, Коинотдаги галактикаларнинг кўпчилиги карлик (митти) галактикалар ҳисобланди. Масалан, Маҳаллий галактикалар тўдасига кирувчи галактикалардан 3 таси йирик спиральсимонлардир: Андромеда, Сомон Йўли ва Учбурчак. Қолган барчаси карлик ва нотўғри галактикалардир. 

Демак, бугунги кунда кузатиладиган галактикаларнинг умумий сони биз қўллаётган замонавий телескопларнинг кучига жудаям боғлиқ бўлиб, агар келажакда кузатув асбоблари янада такомиллашса, Коинотдаги биз кузатишимиз мумкин бўлган объектларнинг ҳам сони янада ошиши аниқ. Шуни инобатга оладиган бўлсак, галактикаларнинг сони ҳам 500 миллиарддан анча кўплигига шубҳа йўқ.

Аслида 500 миллиард галактика ҳам етарли даражадан ортиқ. Масалан, агар сиз уларни санаб чиқаман десангиз “нон-стоп” режимида тахминан 15845 йил (тасаввур қилинг, эрамиздан аввалги сўнги тош давридан бошлаб ҳозиргача) вақт сарфлашингизга тўғри келади! Яъни ўртача 80 йил умр кўрадиган инсон бутун умрини тўлалигича фақатгина галактикаларни санаб чиқишга сарфлаган тақдирда ҳам у бугунги кунда маълум бўлган галактикаларнинг 0,005 фоизини санашга улгурарди, холос.

Ушбу мақолани ўқиш жараёнида ҳаёлингиздан беихтиёр шунча юлдузлар, осмон жисмлари ва галактикалар қандай қилиб ҳеч қандай воситасиз коинотда муаллақ, бир-бирига урилмасдан турибди ва чексиз ададдаги бу жисмларни ким яратган деган саволлар келиши мумкин. Бу савол соҳа олимларини ҳам чуқур ўйuа толдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, юқоридаги маълумотлар дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги энг замонавий тадқиқот марказларида олиб борилган изланишлар хулосасидир. Аммо, бундан қарийб бир ярим минг йил аввал ҳеч қандай телескоп ва компютер бўлмаган даврда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Китоб – Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

Осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир. (У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) «Бўл!» деса, бас, у бўлади. (Бақара, 116, 117)

Яна:

(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир. (Бақара, 255)

Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.” (Моида, 17)

“Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-маҳфуз)да бордир.” (Юнус, 61)

Энди Оли Имрон сурасининг қуйидаги икки оятига эътибор беринг:

“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.” (Оли Имрон, 190)

“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни бе-ҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. (Оли Имрон, 191)

Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Осмонлар ва Ернинг нима сабабдан яратилгани ва улар нима вазифани бажаришини очиқ-ойдин баён этмоқда.

Миллиардлаган галактика, ундан ҳам кўп юлдузлар ва ҳатто она заминимиз ҳам биз бандаларнинг ақл юритиб, тафаккур қилиб ва натижада Аллоҳ таолога итоат этмоғимиз учун яратилгандир!   

 

Мақолани интернет манбалар асосида

Саидаброр умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

09.06.2025   877   4 min.
Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин  тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.

Ҳурматли юртдошлар!

Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.

Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.

Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.

Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.

Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.

Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.

Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбекистон янгиликлари