Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг истакларига кўра ночорликда кун кечирганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Аммо, жанг қилиш ва сафарга чиқишлари учун бир нечта қурол ва уловлари бўлганлиги ҳақида ҳам манбаларда келтирилган. Жумладан Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Мухаммадий” асарида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қурол-аслаҳалари ва уловлари ҳақида қуйидагича маълумотлар келтирилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари вақтида тўққиз дона қиличлари бор эди. Булар ичида оталари Абдуллоҳдан мерос қолган бир қилич бўлиб, оти Маъсур эди. Мадинага ҳижрат қилганларида шу қилични тақиниб келдилар. Иккинчиси, Зулфиқор қиличидур. Бу эрса Бадр сўқишида душмандан ўлжа олинмиш эди. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу қўлига ўтгандан сўнгра тилларда достон бўлиб, дунёга оти чиққан шу қиличдур. Самсома деган яна бир қиличлари бор эдиким, араблар олдида унинг ҳам номи кўтарилмиш эди. Сулаймон пайғамбардан қолган яна бир қиличлари бўлиб, отини Расуб дер эдилар. Бу қиличнинг қиссаси Қуръонда ҳам бордур. Яман подшоси Билқис хотин Сулаймон алайҳиссаломга тортиқ қилиб юбормиш эди. Отлиқ-атоқлик қиличлари шулардир. Етти кишилик уруш кийими, совутлари бўлиб, булар ичида биттаси Довуд алайҳиссаломдан қолган, уни яҳудлардан ўлжа олмиш эдилар. Вафотларидан озгина илгари шу совутлардан бировини ўттиз соъ арпага гаров қилганлари ҳадис китобларида ёзилмишдур. Уч дона қалқон, олти дона найза, икки дона дубулғалари бор эди. Минарлик уловлардан етти от, олти хачирлари бўлиб, булар ичида бир оқ хачир Миср подшоси Муқовқис юборган ҳадялар билан келмиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда шуни кўпроқ минар эдилар. Бул хочир узун умр кўриб, тишлари тушиб, кўзлари хиралашиб яшамиш эди. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу хаворижлар билан урушганида шу хачирни минган эдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳудан кейин имом Ҳасан розиялоҳу анҳу, имом Ҳусан розиялоҳу анҳу, имом Муҳаммад Ҳанафия минган эдилар. Яна икки эшаклари бор эди. Бирининг оти Яъфур, яна бириси Уфайр эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнгра Яъфур ўзини қудуққа отиб ҳалок қилди. Яна миниш учун боқилган учта туялари бўлиб, улар Қасво, Жадъо, Азбоа деб аталмиш эдилар. Булар ичида Азбоа бек чопоғон — югурук бўлиб, пойга чопишганида туялар ҳеч олдига ўтмаган эди. Саҳобалар муни пойгага қўшар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларида шу туялари мотам тутиб, емай-ичмай, охири очликдан ҳалок бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичимликлар ичида сутни яхши кўрар эдилар. Соғишга аталган бир неча қўй, эчкилари ҳам бор эди. Бу ҳақда еттидан юзгача ривоят қилинмишдир. Тун саҳарларида, намоз вақтларида қичқирганини яхши кўриб, бир дона оқ хўроз ҳам асраган эдилар.
— Хўроз қичқирганини эшитсанглар, Аллоҳдан яхшилик сўраб дуо қилинглар, чунки у фаришталарни кўриб қичқиради. Агар фаришталар “омин” десалар, дуо қабул бўлади. Агар эшак ҳанграса, унда Худодан паноҳ сўранглар, у эрса шайтонни кўриб ҳанграйди, — дедилар.
Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрларининг охирида қўлларидаги бор моллари шу эди. Булар ҳам ҳижратдан кейин йиғилган моллардур. Ҳижратдан илгари Маккада турган чоғларида ва Мадинага янги келганларида энг фақир, энг мискин оилалар қаторида умр ўтказур эдилар. Кўпчилик халққа кўрсатган, ўргатган йўллари эрса, Қуръоннинг зоҳирий шариат йўллари эрди. Лекин ўзлари оилалари билан тариқат йўлини тутдилар Абу Зар Ғифорий, Салмон Форсий, Абу Дардо розиялоҳу анҳулар каби хос саҳобаларига ҳам ихтиёрий равишда шу йўлни ўргатдилар. Чунки шариат камоли тариқат билан бўлур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Менинг уламо умматларим Бани Исроил пайғамбарлари кабидур, — дедилар.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.