Аввалроқ, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига асосан, «Ҳаж–2019» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 21 январь куни, соат 11:00 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири ўринбосари билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда Ҳаж-2019 мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ушбу учрашувда шартноманинг бандлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини келишиб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2024 йил ҳаж мавсумида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олиб, ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирган эдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур кўрсатмалардан келиб чиқиб, муҳтарам Юртбошимизга ҳожилар билан бирга мурожаат йўллаган эдилар.
Мурожаатда Ватанга қайтгач, ҳар бир ҳожи маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлиши таъкидланган эди.
Ҳожилар имом-хатиблар билан бирга маҳаллаларга, оилаларга кириб, халқимизнинг маънавияти, маърифати юксалишига хизмат қиляптилар.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳор домла Юнусов пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги «Ҳазрати Али» жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, Учтепадаги масжидлар имом-домлалари, маҳалла фаоллари, ҳожи оталар, ҳожи оналар ҳам дастлаб мазкур масжидда йиғилдилар.
Сўнгра Абдуқаҳҳор домла бошчилигида имом-домлалар, маҳалла фаоллари, ҳожи оталар, ҳожи оналар бўлиниб, тумандаги 22 та маҳаллага кириб бордилар.
Абдуқаҳҳор домла муайян сабабга кўра жазо муддатини ўтаб қайтган бир йигит билан гаплашиб, унга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар бердилар.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари нотинч хонадонлар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб бориб, уларга зарур кўмак бермоқдалар.
Бундай хайрли ишлар изчил давом эттирилиб, пойтахтимизнинг ҳар бир маҳалласида ўтказиляпти.
Шу пайтгача имом-хатиблар, отинойилар, маҳалла фаоллари, ҳожи оталар, ҳожи оналар биргаликда 50 мингдан ортиқ хонадонга киришди.
Тадбирлар тугагач, имомлар, маҳалла фаоллари, ҳожилар яна «Ҳазрати Али» масжидига қайтиб келиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар. Келгусидаги ишлар режасини белгилаб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати