Аввалроқ, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига асосан, «Ҳаж–2019» мавсумининг ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча, 21 январь куни, соат 11:00 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири ўринбосари билан учрашув ўтказдилар.
Учрашувда Ҳаж-2019 мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ушбу учрашувда шартноманинг бандлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини келишиб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
اللهُ أكبر اللهُ أكبر لا إلهَ إلَّا الله واللهُ أكبر اللهُ أكبر ولله الحَمْد
Ўқилиши: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.
Маъноси: Аллоҳ буюк, Аллоҳ буюк. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюк, Аллоҳ буюк ва ҳамд Аллоҳ таоло учундир.
Такбири ташриқ 5 июнь бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни, яъни 9 июнь аср намозига қадар айтилади:
• 5 июнь – 5 маҳал,
• 6 июнь – 5 маҳал,
• 7 июнь – 5 маҳал,
• 8 июнь – 5 маҳал,
• 9 июнь – 3 маҳал.
Жами 23 маҳал намозда такбири ташриқни бир маротаба айтиш вожиб амал саналади.
Ушбу такбир хоҳ жамоат билан, хоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтилади.
Аёллар такбири ташриқни махфий айтадилар.
Намозга кечикиб қўшилган киши ҳам намозини тўлиқ қилгандан кейин такбири ташриқни айтади.
Даврон НУРМУҲАММАД