Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм” деган дуони ўргатган эканлар.
Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан”.
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин инсонларнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ушбу дуо ўргатилибдими, демак, бизлар кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).