Мушрикларнинг жабр-зулми кучайгач, мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розиялоҳу анҳо билан Умму Гулсум розиялоҳу анҳони олиб келиш учун ишончли саҳобаларни Маккага юбордилар. Шундай қилиб, Фотима розияллоҳу анҳо ўн саккиз ёшида Макка билан видолашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розиялоҳу анҳога уйланганларидан кейин саҳобалардан, Фотима розиялоҳу анҳога совчилар кела бошлади. Фотима розиялоҳу анҳо оталарининг хизматларида тургани боис саҳобалар шу пайтгача бунга журъат қила олишмаган эди. Аввало, Ҳазрати Абу Бакр розиялоҳу анҳу ва кейинроқ Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу оғиз солдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк бир назокат ила узр баён қилдилар. Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу бу шарафни Ҳазрати Али розиялоҳу анҳуга лойиқ кўриб, таклифини унга айтдилар. Аммо Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу: “Ҳазрати Абу Бакр (розиялоҳу анҳу) ва ҳазрати Умар (розиялоҳу анҳу)дек зотларга рад жавобини берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг таклифимни қабул қилишлари мумкинми?” деган андишада эди. Ҳазрати Умар розиялоҳу анҳу Ҳазрати Али розиялоҳу анҳуни Набий алайҳиссаломнинг куёви бўлишга энг муносиб зот эканлигига ишонтирдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бордилар. Аммо уялганларидан зиёрат сабабини айта олмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Абу Толиб ўғлининг қандай эҳтиёжи бор экан?” дедилар. Бўлажак куёв тортина-тортина гап бошладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари Фотима (розиялоҳу анҳо)нинг қўлини сўраб келдим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак чеҳраларида мамнуният ҳислари намоён бўлди. Эртасига Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу такрор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордилар. Набий алайҳиссалом:
— Маҳр учун ёнингизда бирон нарса борми? — дея сўрадилар.
Али розиялоҳу анҳу:
— Йўқ, эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), — деди.
— Фалон куни сизга бир зирҳ берган эдим, ўша қани? Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу хурсанд бўлиб:
— Ўзимда турибди, эй Набийуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), — деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сарпо, совға-салом олишлари учун уни сотишга буюрдилар. Ҳазрати Усмон розиялоҳу анҳу зирҳни 470 дирҳамга харид қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пулнинг бир қисмини хушбўйликлар олиш учун Билол розиялоҳу анҳуга қолган қисмини Умму Салама розиялоҳу анҳога бериб, Фотима розиялоҳу анҳо учун кийим-кечак харид қилишни буюрдилар. Сўнгра Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розиялоҳу анҳу орқали Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Талҳа, Зубайр розиялоҳу анҳулар ва ансорлардан яна шунча кишини ҳузурларига чорладилар. Фотима розиялоҳу анҳонинг қошига бориб: “Эй Фотима! Али сенга уйланмоқчи, бунга нима дейсан?” дедилар. Муҳтарама қизлари қаттиқ ҳаё ва иболари боис сукут сақлаб, ҳеч қандай жавоб бермадилар. Бу эса розилик аломати эди. Бу аснода чақирилган саҳобалар ҳам етиб келишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай дедилар:
— Танҳо ҳамду санога лойиқ, қудрати ила бутун мавжудотни яратган Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло оила қуришни ва қариндош-уруғларни ҳурматлашни амр этди: “У сувдан — нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб эгаси ва куда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир” (Фурқон, 54) Энди мақсадга келсак, Ҳақ таоло амрига кўра, Фотимани Алига никоҳлаб бераман. Агар рози бўлса, тўрт юз мисқол кумуш эвазига вожиб бир амал ва қоим бир суннат ила Фотимани Алига узатаётганимга сизларни шоҳид қиляпман. Аллоҳ уларнинг мол-дунёларига барака бериб, наслларини азиз қилсин. Мана шуни сизларга маълум қилиб, ўзимга ва барчангизга Аллоҳдан мағфират тилайман”. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир товоқ хурмо келтириб, мўьтабар меҳмонларга тортиқ қилдилар. Бу орада Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу ҳам етиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила: “Эй Али! Мен тўрт юз мисқол кумуш эвазига Фотимани сенга никоҳладим”, дедилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу шукр саждасини адо қилдилар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу ва Фотима розиялоҳу анҳонинг ҳаққига: “Аллоҳ оилангизга барака ва хурсандчилик берсин. Сизларга солиҳ фарзандлар ато этсин”, деб дуо қилдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу бениҳоя хурсанд бўлдилар. Зеро, ҳаётларида энг буюк воқеа юз берган - Пайғамбарлар хотами Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига уйланиш шарафига муяссар бўлган эдилар. Давоми бор...
Саидаброр Умаров
Бугунги кунда таомланиш маданиятимиз тобора ғарб маданиятига мослашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ресторанларда вилкалар ва пичоқлардан фойдаланиш одатий ҳолга айланган, ҳатто ўзимизнинг миллий таомларимизни ҳам қўл билан ейишдан уяладиганлар топилади. Аслида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш одобларига назар ташласак, гўштни пичоқ билан эмас, тишлаб ейиш тавсия қилинганини кўрамиз.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: "Гўштни пиоқ билан кесиб еманглар, чунки бу ажам (мусулмон бўлмаган)ларнинг иши. Уни тишлаб енглар, шунда ейиш осонроқ ва мазаси ёқимлироқ бўлади" (Абу Довуд, 3778-ҳадис).
Яна бир ҳадиси шарифда Софван ибн Умайя розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомланаётиб, гўштни суягидан қўлим билан ажратиб едим. Шунда у зот: Суякни оғзингга яқин олиб келиб егин, ана шунда мазали ва ёқимли бўлади”, дедилар (Абу Довуд, 3779-ҳадис).
Бу ҳадислар бизга нимани ўргатади? Энг аввало, таомланиш маданияти ғарбга эргашиш билан ўлчанмаслигини англатади. Бугунги кунда баъзи кишилар қўл билан овқат ейишни маданиятсизлик деб билишади. Аслида эса, бу айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан биридир. Суннатга мос келган нарса ҳеч қачон ор ва уят бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, қўлда ейишда мия овқатга тайёргарлик кўради ва ҳазм жараёни яхшироқ кечади. Қўллар билан овқатни ушлаганда мия ошқозонга ҳазм жараёнини бошлаш ҳақида сигнал юборади. Қўллар теридаги микробиота (фойдали бактериялар) туфайли организмнинг иммунитетини кучайтиради. Қўл билан ейишда киши овқатнинг тузилиши ва ҳароратини ҳис қилиб, шунга мувофиқ иш кўради. Қўл билан овқат еганда одам секинроқ ейди ва танасига етарлича тўйинганлик сигналини беришга имконият беради. Бу эса ортиқча овқат ейишнинг олдини олади. Болалар учун қўл билан овқат ейиш моторика (майда қўл ҳаракатлари) ва мустақилликни ривожлантиради.
Демак, таомланишда ҳам биз суннатни унутмаслигимиз, ўз маданиятимиз ва исломий қадриятларимизга содиқ қолишимиз керак. Ғарб қадриятлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда, биз суннат йўлидан узоқлашмайлик!