Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари Жанубий Корея ОАВлари диққат марказида

24.07.2023   2497   2 min.
Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари Жанубий Корея ОАВлари диққат марказида

Корея Республикасининг етакчи телеканали - «KBS» «Буюк ипак йўли бўйлаб сайёҳат» теледастури Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус кўрсатувни томошабинларнинг эътиборга ҳавола қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Махсус кўрсатув Ўзбекистоннинг экотуризм, гастрономик, зиёрат, тоғ туризми ва ландшафт туризми салоҳиятига оид маълумотларни қамраб олди.

Ижодий сафар билан Ўзбекистонда бўлиб қайтган «KBS»  телеканали вакиллари Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Самарқанд, Бухоро ва Фарғона шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги замонавий кўнгилочар масканлар, ўзбек миллий таомлари ва бошқа мавзулар ҳақида атрофлича ҳикоя қилишган.

Шу билан бирга, ижодий гуруҳ вакиллари томонидан Жанубий Кореялик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳам кенг ёритиб берилди.

Унда, жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон пойтахтидан республиканинг бетакрор тарихий шаҳарларига қатнайдиган “Афросиёб” тезюрар поезди воситасида Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги маълум қилинган.

«KBS»  телеканили мухбирининг айтишича, Тошкент меъморий жиҳатдан Ўрта аср ёдгорликлари, замонавий кўп қаватли бинолари ва собиқ иттифоқ меъморчилиги анъаналари уйғунлиги билан сайёҳларни ҳайратга солади.

«Тошкентдан мамлакат бўйлаб саёҳатчилар нафақат равон  автомобиль йўллари, балки поездда ҳам саёҳат қилиши мумкин, дея таъкидлайди япон тележурналисти. Йилнинг барча фаслларида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишида замонавий “Афросиёб” тезюрар поезди қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Бухорогача бўлган 600 км йўлни уч соату қирқ дақиқада босиб ўтадики, бу авиапарвозга нисбатн қулай ва арзондир”.

Мухбир Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари Марказий Осиёнинг маданий дурдоналари ҳисобланишини алоҳида қайд этган.

“Бухоро шаҳри 1997 йилда 2500 ёшга тўлди. Эски шаҳар марказида Бухоронинг диққатга сазовор осори атиқаси - 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метр. Самарқанд эса 2750 йилдан бери мавжуд бўлиб, ушбу шаҳар дунёдаги энг қадимий масканлардан бири ҳисобланади. Ушба қадимий кент ўнлаб босқинчилардан омон қолган ва қатор вайронагарчиликларни бошдан ўтказганига қарамай, у эртакнамо улуғворлигини йўқотмаган”, дейди у.

Теледастурда қадимий ўзбек шаҳарларининг тарихий ва меъморий диққатга сазовор жойлари, миллий ҳунармандчилиги, ажобий табиат манзаралари ҳақидаги батафсил маълумотмотлар япон телетомошабинларининг эътиборига ҳавола қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Умматимга таҳдид қилинган нарса келади

11.07.2025   3539   4 min.
Умматимга таҳдид қилинган нарса келади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي مُوسَى t قَالَ: صَلَّيْنَا الْمَغْرِبَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، ثُمَّ قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، فَخَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا زِلْتُمْ هَاهُنَا، قُلْنَا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، قُلْنَا نَجْلِسُ حَتَّى نُصَلِّيَ الْعِشَاءَ، قَالَ: أَحْسَنْتُمْ أَوْ أَصَبْتُمْ، ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ إِلَى السَّمَاءِ وَكَانَ كَثِيرًا مَا يَفْعَلُهُ فَقَالَ: النُّجُومُ أَمَنَةٌ لِلسَّمَاءِ فَإِذَا ذَهَبَتِ النُّجُومُ أُتِيَ السَّمَاءَ مَا تُوعَدُ، وَأَنَا أَمَنَةٌ لِأَصْحَابِي فَإِذَا ذَهَبْتُ أُتِيَ أَصْحَابِي مَا يُوعَدُونَ، وَأَصْحَابِي أَمَنَةٌ لِأُمَّتِي فَإِذَا ذَهَبَتْ أَصْحَابِي أُتِيَ أُمَّتِي مَا يُوعَدُونَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқидик. Сўнгра «Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик», дедик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар ва:

«Ҳали ҳам шу ердамисизлар?» дедилар.

«Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули. Хуфтонни ўқигунимизча ўтириб турайлик, дедик», деб жавоб бердик.

«Яхши қилибсизлар» ёки «Тўғри қилибсизлар», дедилар у зот. Сўнгра бошларини осмонга кўтардилар. Кўпинча шундай қилар эдилар. Ке­йин у зот:

«Юлдузлар осмон учун омонликдир. Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади. Мен саҳобаларим учун омонликдирман. Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади. Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар. Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўладиган суҳбатлардан бирининг мазмуни ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўша пайтдаги Ислом жамиятининг қалби – юраги эканлиги ҳаммага маълум. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари мусулмонларга ўрнак бўлганидек, у зотнинг масжидлари ҳам ўзга масжидларга ўрнакдир. Ислом жамиятида ҳар бир масжид ўз қавмидан ташкил топган кичик жамиятнинг тинимсиз уриб турган юраги бўлиши керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур суҳбатда саҳобаи киромларга ажойиб ўхшатиш ила ўзларининг фазлларини баён қилиб бермоқдалар:

«Юлдузлар осмон учун омонликдир».

Юлдузлар осмонда турсалар, осмон омон бўлади. Улар осмоннинг омонлик ишончларидир.

«Қачон юлдузлар кетса, осмонга унга таҳдид қилинган нарса келади».

Осмонга таҳдид қилинган нарса унинг низомининг бузилиши ва қиёмат қоим бўлишидир.

«Мен саҳобаларим учун омонликдирман».

Осмон юлдузлар билан омон турганидек, саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшар эканлар.

«Қачон мен кетсам, саҳобаларимга уларга таҳдид қилинган нарса келади».

Саҳобаи киромларга таҳдид қилинган нарса уларнинг ораларида хилоф ва келишмовчиликлар келиб чиқишидир.

«Саҳобаларим умматим учун омонликдирлар».

Осмон юдузлар билан, саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тинч-омон яшаганларидек, Ислом уммати ҳам саҳобаи киромлар билан тинч яшар эканлар.

«Қачон саҳобаларим кетсалар, умматимга уларга таҳдид қилинган нарса келадир».

Ислом умматига таҳдид қилинган нарса ҳавои нафсга эргашиш ва молу дунёга ўч бўлиш каби нуқсонларга мубтало бўлишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билиб олишимиз керак. Ана шундай улуғ фазл эгалари бўлган зотларни ҳурматлаш ва улардан ўрнак олиш мусулмон умматининг бурчидир.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди