Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан 3-мақола: қор парчаси – мўъжиза

29.12.2018   3770   5 min.
Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан 3-мақола: қор парчаси – мўъжиза

Қишда қор ёғишини томоша қилиш завқли иш. Тўғрими? Ҳамма жой оппоқ қорга бурканади, атроф мусаффо, ҳаво топ-тоза, учиб-учиб тушаётган қор парчаларига қўлингизни тутсангиз, кафтингизга қўниб эриб кетади.

Биз қорни уч ёки тўрт кўринишда тасаввур қиламиз: майда қор. Қор майдалаб ёққанда қаттиқ совуқ бўлади, одамнинг хаёлига осмонда қор тугаб қолаётгандек, ана шу қор охиргисидек туйилади; ўртача қор, бу қор ёққанда ҳаво мўътадил бўлади, суяккача ўтиб кетадиган совуқ бўлмайди; лайлак қор. Бу қор ҳамманинг жону дили. Аммо у узоқ вақт ёғмайди ва ҳаво ҳарорати ҳам ёқимли бўлади; шилта қор. Бу ёмғир аралаш ёғадиган қор. Бунда ҳам ҳаво хийлагина совуқ бўлади.

Демак, билганларимиз шу тўрт хил қор экан. Уларни ҳажмига қараб ажратамиз. Аммо Аллоҳ таолонинг мусаввирлигини қарангки,  ушбу қор зарраларининг бирортаси бошқа бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири алоҳида санъат асаридир.

Олимларнинг таъкидлашича, ер юзини буткул қор қопласа ҳам ҳеч бир қор заррасига бошқасига ўхшамайди.

Америкалик тадқиқотчи олим Вильсон Бентлей 50 йил давомида олиб борган кузатишлари натижасида 1985 йил шундай хулосага келди. Қор заррасини суратга туширишни санъат даражасига кўтарган олим умрининг ярмини шу ишга сарф этди.

Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк Яратувчини танишга кифоя қилади. Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).

Қорнинг мўъжизаси шу билан тугамайди. Ҳар йили қишда тоғларда муз захираси йиғилади. Муз қалин бўлиши учун қор кўп ёғиши керак. Агар тоғлар меъёрида муз захирасини тўплаб ололмаса, ўша йили дарёларнинг суви кам бўлади. Шунингдек, яйловларга ва далаларга ҳам қор кўп ёғса, ўша баҳорда ўт-ўлан мўл бўлади, экин-тикин баракали бўлади.

Аллоҳ таоло муборак Каломида: «У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир» (Анъом сураси, 99-оят), деб марҳамат қилган.

Бундан аён бўладики, қиш фаслининг қаҳратони ва қор-ёмғирлари бизнинг баҳоримизни, ёзимизни, кузимизни сероб қилиш учун экан. Биз эса ана шу ғанимат фаслда Қуръони каримни мутолаа қилайлик, зикрни кўпайтирайлик, амри маъруфлар, наҳйи мункарлар эшитиш учун муҳтарам олимларимизнинг суҳбатига бориб файз олайлик. Дўстларни зиёрат қилиб иймонлашайлик. Зотан, улуғларимизнинг тавсиялари ҳам шу ўзи.

Қуръони каримни қанчалик кўп ўқисак, қалбларимиз шифо топади, кўнглимиз роҳатланади, кўзимиз равшанлашади, хотирамиз мустаҳкам бўлади. Қалб шифо топса, тананинг бошқа аъзолари ҳам соғлом бўлиши машҳур ҳадисда ворид бўлган. Яна бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар (Байҳақий, Абу Нуайм Қузоий ривоят қилган Жалолиддин Суютий бу ривоятни “Жомеул аҳодис”да, Муттақий  Ҳиндий “Канзул уммол”да келтирган)

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ѐки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди” (Ибн Қудома. Мухтасару минҳожил қосидин).

Ёғаётган қор парчалари, тунларнинг қуюқлиги биз бандаларга ана шу ҳикматларни эслатиб, ибодатга маҳкам бўлишимизга ундайди.

 

Фотограф Алексей Клжатов ҳам кўп йиллардан бери қор парчаларининг йирик планли суратларини тасвирга тушириш билан шуғулланади. У доимий равишда ўз расмларини Flickr ресурсига жойлаб келади. “Мен уйимнинг очиқ айвонида LED чироғ билан ёритилган шиша устига тушаётган қор парчаларини суратга оламан. Баъзида эса табиий ёруғлик ҳамда фон сифатида қора толалардан фойдаланаман”, деб ёзади у.

Қуйида Алексей тасвирга олган қор парчаларидан намуналар келтирилди:

 ЎМИ матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кўзни тийиш фақат эркакларга буюрилган эмас!

23.12.2024   218   7 min.
Кўзни тийиш фақат эркакларга буюрилган эмас!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Интернет, телефон ва шу каби бошқа жиҳозларда ҳаром нарсаларни томоша қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: «Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ бандаларнинг нима қилаётганидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).

Аллоҳ таоло «Мана шу улар учун покликдир» деганида кўзни тийиш билан мўминларнинг ҳаёти янада покиза, янада гўзал бўлишини назарда тутган. Лекин банда кўзини тиймаса, бунинг акси бўлади.

Бу – қизларда кўп учрайдиган ҳолат. Кимки кўзини ҳаромдан тийиб яшаётган бўлса, унинг ҳаётда хотиржам, сокин, қаноатли эканини кўрасиз. Лекин ким кўзининг жиловини қўйиб юборган бўлса, тушкунликда, ҳаётдан норози бўлиб яшаётганига гувоҳ бўласиз.

Демак, қиз боланинг хурсанд ёки тушкун кайфиятда яшаши унинг кўзлари нима билан машғул эканига боғлиқ экан. У кўзини тиймасдан, ҳаромга назар ташлаган пайтда ўзини руҳи синган, маҳзун ҳолда кўради. Кўзини ҳаромдан сақлаган пайтларда эса ўзини бахту саодат ичида топади.

Бир қиз айтади: «Интернетда фильмлар, қисқа видеолар томоша қилишни шунчаки кўнгилхушлик, хурсандчилик деб ҳисоблардим. Уларни қизиқиб томоша қилардим, лекин кўриб бўлгач, сабаби аниқ бўлмаган маҳзун ҳолатга тушиб қолардим. Ниҳоят, бир куни бу ҳолатимнинг сабабини топдим. Мен кўнглимни ёзиш учун кўраётган киноларда беҳаё ва аянчли саҳналар кўп бўларди. Мана шундай ҳаром нарсаларни томоша қилиш қайғуга ботиб қолишимга, маҳзун ҳолатга тушиб қолишимга сабаб бўлар экан. Шундан кейин ўзим билан ўзим кураша бошладим. Ёмон саҳналар кўрсатилган пайтда бошқа каналга олиб қўядиган ёки компьютерни ўчириб қўядиган бўлдим. Нафсимнинг хоҳишларига қарши туриш анча қийин бўлди, лекин Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан кўзимни сақлаганим учун хурсанд бўлардим».

 

Кўзни тийиш фақат эркакларга буюрилган эмас!

Баъзи қизлар «Оятдаги кўзни тийиш фақат эркакларга хос буйруқ, чунки аёлда эркакни фитнага соладиган нарсалар бор. Шунинг учун эркаклар аёлларга қарамай, кўзини тийиши керак. Эркак кишида эса аёлнинг ҳис-туйғуларини жунбушга келтирадиган нарса йўқ. Шунинг учун аёлнинг эркакларга қарашида ҳеч қандай муаммо йўқ», дейишади.

Бу мутлақо нотўғри. Аёл кишида эркакнинг ҳис-туйғуларига таъсир қиладиган жиҳатлар бўлганидек, эркакларда ҳам аёлларнинг ақли ва ҳис-туйғуларини уйғотадиган омиллар бор.

Эркак киши аёлнинг нозик, келишган қоматига, ҳуснига қараб, унга қизиқади. Аёл кишини эса эркакнинг кўркам жисми, бойлиги, атирининг хушбўй ҳиди, қатъияти, журъати ва бошқа ўзига хос жиҳатлар ўзига ром қилади.

Аёллар ҳам, эркаклар ҳам нафақат қарама-қарши жинсга назар солиш, балки ўзи каби жинс вакилларининг ҳам авратига қараш ҳам ҳаромдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам бундай деганлар: «Эркак эркакнинг, аёл аёлнинг авратига қарамасин. Эркак эркак билан бир матога ўраниб олмасин, аёл аёл билан бир матога ўраниб олмасин» (Имом Муслим ривояти).

 

Демак, шариатимизда аёл киши бошқа бир аёлнинг авратига қарашдан, бирор жойини ушлашдан қайтарилган. Фақатгина тиббий муолажа ва шу каби зарурат бўлганда шариат бунга рухсат беради.

Аллоҳ таолонинг оятларига аҳамият берадиган бўлсак, У Зот барча мўминларга – эркагу аёлларга мурожаат қилганида «Эй иймон келтирганлар!» деб хитоб қилади. Бу хитоб иймон келтирган ҳар қандай эркак ва аёлга тегишли бўлади.

Бунинг ёрқин мисоли ушбу оятдир:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шояд тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят.)

Бу оятдаги хитоб эркагу аёл мўминларга қаратилган, шунинг учун рўза тутиш барчага баробар фарз қилинган. Буни қуйидаги оятда ҳам кўришимиз мумкин:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (Бақара сураси, 278-оят).

Бу оятда эркак ҳам, аёллар ҳам судхўрлик қилмасликка буюрилган. Демак, Аллоҳ таолонинг Китобидаги қоида шундай: «Эй иймон келтирганлар» деган хитоб эркагу аёлларни ажратмайди, барча мўмин ва мўминаларга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло мўмину мўминаларга бирор нарсани буюрса, уларга «Эй иймон келтирганлар», деб хитоб қилган. Лекин мўминларга кўзни тийишни буюрганида эркакларни ҳам, аёлларни ҳам ўз ичига оладиган умумий хитоб билан юзланмади, балки эркакларга алоҳида оятда, мўминаларга кейинги оятда буюрди:

«Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганидан хабардордир. Мўминаларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар, зоҳир зийнатларидан бошқасини кўрсатмасинлар, рўмоллари билан кўксларини тўсиб юрсинлар...» (Нур сураси, 30-31-оятлар).

Нима учун Аллоҳ таоло кўзни ҳаромдан тийишга буюриш учун мўминаларга алоҳида оят нозил қилмади? Нима учун эркаклар билан аёлларга битта оятда биргаликда буюрмади? Эҳтимол, бундан мақсад – муслима аёл кўзни тийиш қанчалик муҳим эканини англаб етишидир? Токи аёллар бу буйруқ фақат эркакларга қаратилган, деб ўйлаб қолмасин. Чунки аёл киши (қиз бола ҳам) бегоналарнинг авратига қараса, ҳаёти барбод бўлади, қалби маҳзунликка тўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», деганлар.

Бошқа бир ривоятда «Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», дейилган («Саҳиҳул Бухорий»).

Авратга қараш ҳам зинонинг бир туридир. Эркакнинг, аёлнинг авратига қарайдиган кимсаларга қандай жазо берилиши қуйидаги оятларда айтилган: «(Мўминлар) Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай илоҳга ибодат қилмайдилар; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар; зино қилмайдилар. Ким бу ишларни қилса, уқубатга дучор бўлади. Қиёмат куни уларнинг азоби бир неча баробар кўпайтирилади, улар у ерда хор бўлиб, абадий қолади. Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир» (Фурқон сураси, 68-70-оятлар).

Мана шу оятга кўра, ким кўзи билан зино қилса-ю, тавба қилмаса, Қиёматда уқубатга дучор бўлади. Уқубат жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, у ерда зинокорлар азобланади. Кимки зинокорлар водийсига тушадиган бўлса, унинг учун азоб кўпроқ бўлади, у ерда хор бўлиб, абадий қолиб кетади.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

Мақолалар