Бугун, 28 декабрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига Абдураҳмонов Яҳё Убайдулло ўғли имом-хатиб этиб тайинланди.
Абдураҳмонов Яҳё 1999-2003 йилларда Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасини тамомлаган. 2004-2008 йилларда Тошкент ислом институтида таълим олган. Миср давлатидаги “ал-Азҳар” университетида малака оширган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг Олий журналистика факультетида ўқиган. 2004-2018 йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Кулол қўрғон” жоме масжидида имом ноиби, имом-хатиби вазифаларида ишлаган. Айни вақтда Тошкент ислом институтида “Тажвид” фани ўқитувчиси ва Халқаро ислом академиясининг мустақил тадқиқотчиси ҳисобланади.
2018 йилда Тошкент шаҳридаги туманлараро қорилар мусобақасининг мутлақ ғолиби, шаҳар бўйича 2-ўрин соҳиби бўлган. 2018 йилда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови Тошкент шаҳридаги босқичи ғолиби, Республика босқичида эса 2-ўринни эгаллади.
Абдураҳмонов Яҳёга ушбу марказий жоме масжиддаги шарафли вазифада халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжини таъминлаш йўлида Аллоҳ таолодан куч-қувват сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Замонамиз муҳаддисларидан бири – Шайх Муҳаммад Аввома Суриянинг Ҳалаб шаҳрида ҳижрий 1385 (милодий 1939) йили таваллуд топган.
Илм талабини 12 ёшида бошлаб, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин ва Абдулфаттоҳ Абу Ғудда каби олимларни маҳкам тутди.
Шайх Муҳаммад Аввома таълим муассасаларини битирганидан сўнг ҳам асло устозларидан узилмаган, илмий масалаларда доимо улар билан маслаҳатлашиб, насиҳат ва кўрсатмаларини олиб турган. Устози шайх Абдуллоҳ Сирожиддин билан эллик йил, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда билан қирқ беш йил давомида вафотларига қадар доимий алоқада бўлиб, дуоларини олиб турган.
Сўнг Дамашқ университетининг Шариат факультетига ўқишга кириб, аввал ўқиган илмларини мустаҳкамлаб, замонавий илмлардан ҳам баҳраманд бўлди.
Аллоҳнинг фазли ва марҳамати ила у кишининг истеъдоди тенгдошлари орасида эрта намоён бўлиб, юксак натижаларга эришди. Шу туфайли ҳали ёш бўлишига қарамай, устозлари ва катта олимлар дарс берадиган ўша даврдаги Ҳалабнинг энг катта масжидларидан бирида устоз ва шайхлари билан бир қаторда дарс бериш бахтига мушарраф бўлди.
Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йили Мадинаи мунавварага бориб, Мадина Ислом университети қошида илмий тадқиқот марказига асос солди. Кейинчалик бу марказни тарк этиб, 1986 йили ўзи Ислом меросини таҳқиқ қилиш марказини таъсис қилди. Бу марказни айни дамда у кишининг ўғли доктор Муҳйиддин бошқариб келмоқда.
Шайх ақида, фиқҳ, усул, араб тили ва тарожим каби илмларни жамлаган етук олимлардан саналади. Асосий илмий фаолияти эса, ҳадис илмлари билан боғлиқ. Қўлёзмалар таҳқиқи билан ҳам Ислом дунёсида машҳур. Фазилатли шайх, аллома Муҳаммад Саъид Тантовий у кишининг устозлари табақасидан саналса-да, Муҳаммад Аввома ҳақида: “Ер юзида таҳқиқ илмини у кишидан яхшироқ биладиган одамни билмайман”, деб эътироқ этган.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг кўплаб китоб, рисола ва таҳқиқ ишлари чоп этилган. Жумладан, Имом Ибн Абу Шайбанинг 26 жилдлик “Мусаннаф”, Имом Абу Довуднинг 6 жилдлик “Сунан”, Имом Заҳабийнинг 6 жилдлик “Кошиф” китоблари таҳқиқи шулар жумласидан.
Олимнинг “Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни” номли китоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Қолаверса, бу китоб дунёнинг бир неча тилларига ҳам таржима қилинган ва қатор таълим муассасаларида дарслик сифатида ўқитилади.
Шайх Муҳаммад Аввома ҳаёти ва унинг илмий асарлари ҳақида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Малайзия, Туркия, Иордания ва Судан каби мамлакатларда қатор илмий ишлар олиб борилмоқда, рисолалар ёзилмоқда.
Даврон НУРМУҲАММАД