Жорий йилнинг 12-19 июль кунлари Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистонга инфотур ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жидда шаҳридаги Бош консулхонамиздан маълум қилишларича, Ўзбекистондаги “Real Dreams” туркомпанияси орқали ташкил этилган ушбу ижодий сафар доирасида саудиялик журналист ва блогерлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишганлар. Шунингдек, Саудия ОАВ вакиллари 17-18 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган туризм кўргазмасида ҳам иштирок этишган.
Инфотур доирасида “Swift News” электрон нашрида ва “Snapchat” ижтимоий тармоғида Ўзбекистоннинг гастрономик ва зиёрат туризми соҳаларидаги имкониятларига бағишланган қизиқарли мақолалар ва видеороликлар жойлаштирилди.
“Араб таомлари ва от гўшти билан машҳур бўлган ўзбек ресторани” сарлавҳали мақолада саудиялик газетхонлар эътиборига Ўзбекистоннинг пазандачилик санъати тўғрисида ҳикоя қилинади.
Самарқандда 2000 йилларда ташкил этилган “Иброҳим Бек ресторани”нинг ўзига хос жиҳати сифатида унинг барча тоифадаги хўрандалар учун мазали ҳамёнбоп таомлар таклиф қилиши айтилади.
“Ресторанда оилавий ўтириш хоналари билан бирга, очиқ ҳавода жойлашган сўлим боғли гўшалар ҳам мавжуд. Тўловни ўзбек сўмида нақд ёки “Visa card” орқали амалга ошириш мумкин”, деб ёзади “Swift News” нашри мухбири.
Навбатдаги мақола “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан Тошкент “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасига бағишланган.
Таъкидланишича, ушбу кўргазмада Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва бошқа араб давлатларидан 100 нафардан ортиқ йирик сайёҳлик компаниялари, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналар вакиллари иштирок этишган. Мазкур кўргазма Саудия Арабистони компаниялари учун умра зиёрати бўйича Ўзбекистон компанияларга ўз хизматларини кўрсатиш учун қулай майдон эканлиги урғуланган.
“Swift News” электрон нашри мавзуни давом эттириб, “Ўзбекистон туристик агентликлари ассоциацияси томонидан “UzExpo” марказида ташкил этилган “Зиёрат туризм” кўргазмасини Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси раҳбарияти вакили очиб берганини маълум қилган.
Шунингдек, “Saudi Vision 2030” дастури ҳамда ҳаж мавсумида “Подшоҳ меҳмонлари” дастури ижросини таъминлаш доирасида Подшоҳлик тегишли чора-тадбирларни фаол амалга ошираётгани, хусусан, “умра” масумида зиёратчилар сонини 2030 йилга бориб 100 миллионга етказишни мақсад қилгани таъкидланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар”.
Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил аъзийм”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи аъдада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД