Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Юлдузлар ҳам бўйсунади

24.12.2018   3802   4 min.
Юлдузлар ҳам бўйсунади

Бошингизни кўтариб, осмонда қум каби сочилиб кетган сайёралар ва юлдузларга боқар экансиз, шундай бир савол туғилиши мумкин: қачонлардир юлдузлар ва сайёралар тўқнашиб кетмасмикан? Физик қонунларга кўра ҳеч қандай куч таъсир доирасида бўлмаган жисмлар тартибсиз ҳаракат қилади ва ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли бор. Демак, физик қонунларга кўра сайёралар ва юлдузлар тўқнашиб кетиши мумкин. Аммо, астрономлардек фикрлайдиган бўлсак хулоса ўзгаради.

Биз осмонга боққанимизда, қайси сайёра ёки юлдуз бошқасига нисбатан Ердан қанчалик олисроқ эканини аниқлай олмаймиз. Буни яхшироқ англаб олиш учун Қуёш системасига мурожаат қиламиз. Олимларнинг таъкидлашича сайёралар ҳеч қачон Қуёшнинг тортиш зонасидан чиқиб кета олмайди. Улар доимо унчалик тўғри бўлмаган айлана шаклидаги ўз орбитаси бўйлаб ҳаракат қилади. Сайёраларнинг ҳаракат тезлиги эса улар билан Қуёш ўртасидаги масофага боғлиқ ҳолда белгиланади. Фикримизни исботлаш учун тасаввурингизга таянган ҳолда сиз билан кичкина илмий тажриба ўтказиб кўрамиз.

Ўз бошингизни Қуёш деб ва у Қуёш системасида, Қуёшнинг ўрнида жойлашган, деб фараз қилинг. У ҳолда бошингиз турли диаметрдаги бир неча айлана марказида бўлади. Бу айланалар сайёраларнинг Қуёш атрофида ҳаракатланадиган орбитасидир. Агар бошингиз марказда жойлашган бўлса, Меркурий сиздан 6 метр нарида бўлади. Унинг бошингизга нисбатан ўлчами ушбу гап охиридаги нуқтага тенгдир. (Бошингизнинг ўлчами Қуёш ўлчамига тенг эканини унутманг.) Венера — Чўлпон 11,9 метр наридаги орбита бўйлаб ҳаракатланади, унинг ўлчами “о” ҳарфига тенг. Учинчи айланада бизнинг сайёрамиз Ер жойлашган. У Венерадан бир оз каттароқ. Бошингиз билан унинг ўртасидаги масофа — 16 метр (аслида эса бу масофа, тахминан, 150 000 000 км.ни ташкил этади). Тўртинчи айланада Ердан бир оз кичикроқ Марс — Миррих жойлашган. Унинг бошингиздан узоқлиги — 25 метр. Навбатдаги сайёра — Юпитер — Муштарийдир. У — сайёралар ичида энг йириги. Бошингиз (Қуёш) билан таққослаганда, у шиша шарча катталигидадир, ўртадаги масофа футбол майдони бўйича келади. Олтинчи айланадаги сайёра Сатурн — Зухалдир. Унинг диаметри — 12 мм, Юпитерга нисбатан икки марта олисда жойлашган. Диаметри 5 мм Уран Сатурндан ҳам икки марта узоқдадир. Урандан бир оз кичик бўлган Нептун Уран билан Қуёш ўртасидаги масофанинг ярмида жойлашган. Ердан икки марта кичик бўлган Плутон эса Юпитердан 8 марта узоқда жойлашган. Уларнинг барчаси атрофингиздаги ўз орбиталари бўйлаб ҳеч бир ўзгаришсиз ҳаракат қилаётганини эсга олсангиз, уларнинг ўзаро тўқнашиб кетиш эҳтимоли деярли йўқ эканлигини англаб етасиз.

Ушбу тажрибадан хулоса қилиш мумкинки, Қуёш системасидаги, умуман бутун коинотдаги сайёралар ва юлдузлар маълум бир қоидага асосан ҳаракатланади. Олимлар эса мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берган: осмон жисмларининг барчаси тартиб билан қандайдир кучга бўйсуниб ҳаракатланади. Ўша куч томонидан ўзларига тегишли вазифани бажариш учун бўйсундирилгандек, гўё. Олимлар ҳақ эди! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи бўлмиш Қуръону каримда шундай марҳамат қилади:

“...қуёш, ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир”. (Аъроф, 54)        

“У сизлар учун кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган кишилар учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир”. (Наҳл, 12)        

“(Юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлмиш осмон билан қасамёд этаманки...” (Зориёт, 7)      

“На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар”. (Ёсин, 40)

Нафақат осмон жисмлари, сайёралар ва юлдузлар балки бутун борлиқ ва ундаги яратилганларнинг барчаси Аллоҳ таоло белгилаб берган қоидалар асосида ҳаракатланади, яшайди ва ўз вазифасини бажаради.

Холиқ ва Қодир бўлган Зотга беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсин!

Хулоса ўзингиздан!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Асло таслим бўлманг!        

31.01.2025   599   2 min.
Асло таслим бўлманг!        

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Гоҳида бошингиздан оғир дамлар кечади. Шу пайтларда сиз “бўлди, кучим етмайди, чарчадим” деб ўйлайсиз. Курашиш, сабр қилиш ва доимий маҳкам туришга тоқатингиз етмайдигандай кўринади. Бундай пайтда асло таслим бўлманг! Чунки ҳар жоннинг иқболию инқирози бўлади. Бу инқироз ўз ортидан иқболни эргаштириб келса, ажаб эмас...

Баъзи пайтларда шуурингизда қулаш ҳиссини туясиз, ишончсизлик ҳамда камчиликни ҳис этасиз. “Мен ҳеч ишга ярамай қолдим”, деб ўйлаб қоласиз. Бунда ҳам сира таслим бўлманг! Доимо ёдингизда бўлсинки, ихлос ила тинимсиз ҳаракатда бўлар экансиз, йиқилиш уят ҳисобланмайди. Киши мағлубиятини тан олмагунича ва қайта уриниб кўришдан воз кечмагунича муваффақиятсизликка учраган, деб ҳисобланмайди. Буни ҳам ёдингизда сақланг! Қайта-қайта уриниб кўраверинг, ҳужумни, зарбани яна ва яна амалга оширинг. Аллоҳ насиб этса, тез орада кўзлаган мақсадингизга эришасиз.

Гоҳида сизни манманлик ва “қойил, ўзимдан жуда ажабланяпман” деган ҳислар ҳам чулғаб олади. Бунинг ортидан сиз ўзингизни “ягона” эканлигингизни ўйлаб қоласиз. “Насиҳатгўй, маслаҳат берувчининг менга нима кераги бор” деган хулосага келасиз. Мабодо, ўзингизда шундай туйғуларни сеза бошласангиз, унга таслим бўлманг!

Мағрурликдан эҳтиёт бўлинг, у сизнинг қотилингиздир. Иблис сиздан аввалгиларни ҳам йўлдан оздирган ва унинг ўзи-да, Аллоҳнинг даргоҳидан қувиб-солинган. Ўзингиздаги камчилигу нуқсонларни,  заифлигингизни  эсдан чиқарманг. Тавфиқ фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолодандир.

Баъзи вақтларда ғам-ташвишлар сизни таъқиб қилади. “Бутун умр мана шу ғам-ташвишлар ичра яшасам керак” деган хаёл билан, олдиндаги кунларингизнинг барчасини нурсиз қаро тундек бўлишига  гумонда бўласиз. Буларнинг ортида ҳеч бир хайр йўқ деб ҳам ўйламанг ва бу каби ўйларга ҳеч ҳам таслим бўлманг! Албатта ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир.

Доим тўғриликка интиласиз, бировнинг ҳаққида хатога йўл қўймасликнинг пайида бўласиз. Чоҳга тушишдан қўрқасиз. Феълингиздаги бу каби ҳолатлар сизни камолот зинапоялари сари етаклайди.

Лекин гоҳида бирор гуноҳ ишга ҳам қўл урасиз. Шунда шайтон: “Ҳайр-барака сендан узоқда, сен бахтсизликка маҳкумсан”, дея ичингизга ғулғула солади. Сиз бу шайтоний васвасаларга таслим бўлманг! Одам боласи хатокор эканини ҳамда хатокорларнинг энг яхшилари тавба қилувчилар эканини эсланг. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 201-оятида: “Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар”, дея марҳамат қилади.


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

Мақолалар