Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Май, 2025   |   26 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
04:57
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:19
Bismillah
24 Май, 2025, 26 Зулқаъда, 1446

Муносабат ва мурожаат

23.12.2018   2574   5 min.
Муносабат ва мурожаат

Аброр Мухтор Алий билан содир бўлган воқеага муносабатимдан кейин “Нега Фазлиддин Парпиев масаласида сукут қилган ҳолда, бунда муносабат билдиряпсиз?“ деган маломатлар кўпайиб кетди. Ўзи шахсийда ҳам бундай сўровлар кўп эди.

Аслида у воқеани бунисига қиёс қилиш нотўғри. Чунки бунда ўзаро ҳақоратнинг мантиқий якунини кўрган ва аралашувимизда фойда кўпроқ эканини билган бўлсак, унда масала нозик, менинг муносабатим ҳеч нарсани ҳал қилмаслиги ва менинг учун сукут қилиш ҳар томонлама фойда экани маълум эди.

Энди Фазлиддиннинг чет элга чиқиб кетиш масаласига келсам, прокуратурадаги суҳбат қай даражада енгил ё оғир бўлганини қўлимдаги маълумотлар орқали била олмадим. Ҳатто Суръат Икромов ёзганларида ҳам энди жим юриш, ижтимоий тармоқларда ёзмаслик ҳақидаги огоҳлантирувдан бошқа маъно кўрмадим. Кейинги баёнотларда Фазлиддинга нисбатан жиноий таъқиб йўқлиги айтилди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мамлакатдан чиқиб кетиши (ҳижрат демадим!) масаласида ҳам қарор унинг ҳукмига ҳавола. Фақат чиқиб кетишдаги шов-шувлар ҳийла ошиб кетмадимикан? Воқеа талқинида ҳис-ҳаяжонларга ортиқча йўл қўйилмадимикан? Ҳатто ўзи ишлатмаган (ҳижрат каби) ибораларни қўллаш, чақирилишга навбати келганларнинг номини зикр қилиб жамиятда ваҳима қўзғаш каби ножўя ҳолатлар юзага чиқмадимикан?

Энди энг асосий айтмоқчи бўлганим. Кейинги йилларда диний соҳада ҳам давлатимиз томонидан яхши ишлар амалга оширилмоқда. Кўплари ҳаммага аён. Мен диний айбловлар билан қамалган кўпчилик маҳкумлар озод қилингани, ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилгани ва яқинда мамлакатимизда “қора рўйхат“ бекор қилинганини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу ишларнинг самараси ўлароқ Ўзбекистоннинг дин эркинлиги борасидаги рейтинги яхшиланмоқда. Олдингидан кўра аҳвол ўнгланмоқда. Бу соҳадаги муаммоларга биринчилардан дуч келадиган ва танасида илк ҳис қиладиган киши сифатида айта оламанки, вазият яхши томонга ўзгарган ва янада ўзгаришига умид қиламан. Ва бу яхши йўналиш ўзгаришини хоҳламайман ва уни ўзгартиришга сабаб бўладиган ишлардан узоқ юраман. Бинобарин бошқаларни ҳам шунга чақираман. Очиқроқ айтадиган бўлсам, давлат мусулмонлар ҳуқуқини эътироф этишни бошлаб турган бир пайтда, ақл, фаҳм-фаросатни ишлатиб ҳаракат қилинишини ёқлайман, аммо эҳтиётсизлик, жоҳиллик қилиб дин ва давлат ўртасидаги нозик ришталарни узишларига мутлақо қаршиман!

Энди мен ҳам савол берсам: ҳукумат бу борада яхши қадам ташлаётган бир пайтда Фазлиддиннинг юртдан чиққанини “ҳижрат муборак!“ дея қутлашдан ким ва нима манфаат кўради?! Давлатнинг мусулмонларга, мусулмонларнинг давлатга пайдо бўлаётган ўзаро ишончини ва яқинлашувини бузишдан ким фойда олади?! Ёки масалани шовқин-сурон кўтариб, ўзини қаҳрамон кўрсатиб, лаънатлаш ва сўкиш билан ҳал қиламан дейиш қайси ақл меъёрларига тўғри келади?!

Хўп, “мен Фазлиддин қаҳрамон, унга ҳижрат муборак, давлат ёмон, сизлар яхши“, десам масала ҳал бўладими? Шу билан сизнинг хоҳиш-иродангиз қониб, ҳамма муаммолар ечилиб кетадими? Сизнинг бундай шахсий фикрларингизга эргашишга менинг қандай мажбуриятим бор? Ёки сизнинг сўзингиз ваҳий ва амалингиз ислом-у, қачон мен айтганингизни қилсам маъсум ва ҳақиқий мусулмон бўламанми? Сизда ўзингизнинг тўғри фикрда мутлақ танҳо эканингиз ҳақидаги журъат қаердан пайдо бўлди? Бу саволларни йўналтираётган кишиларга ҳали анча саволларим бор.

Бу давлат бизники, биз эса шу давлат раиятимиз. У ривожланса, обрў топса, фаровон бўлса ҳаммамизга фойда. Бир мусулмон сифатида мен ватаним равнақи ва диним иззати учун хизмат ва ҳаракат қиламан. Агар давлатим менинг бу ишларимни тушунса амалимга ғурурланмайман, У Аллоҳнинг фазли, Ўзига ҳамд айтаман, тушунмасдан қарши бўлса, ниятим холис бўлгани учун асло хафа бўлмайман. Агар бу йўлда ундан азият етса сабр қиламан, таваккулда бўламан. Эртага кимнинг бошига нима тушишини якка Аллоҳ билади. Аллоҳ икки дунёда ҳам офият беришини ўзим ва ҳамма учун сўрайман.

Динга ҳикмат билан даъват қилинади. Буни юқорида айтдим. Шунинг учун ўзим ҳикмат деб билган йўл билан унга хизмат қилиш илинжидаман. Ҳикматни мўтадилликда, васатийликда, илмда, сокинлик ва узлуксизликда деб биламан. Бу менинг қаноатим. Бошқаси бўлса у сизнинг қаноатингиз. Мен сизникига аралашмадим, сиз ҳам меникига аралашманг!

Булар диний тушунчаларимдан келиб чиққан шахсий фикрларим эди. Улар дин эмас, хатолари бўлиши мумкин. Сиз ҳам фикрингизни айтинг. Аммо уни ҳамма эргашиши шарт бўлган дин дея тақдим қилманг!

Саломат бўлинг!

Мубашшир Аҳмад хафизуллоҳ

Манба: https://azon.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   6189   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.