Аллоҳ таолога шукрки, юртимизда янги масжидларни бунёд этиш, мавжудларини замонавий шаклда қайта барпо қилиш ишлари давом этмокда. Тошкент шаҳри Уч тепа тумани “Мирбобо ота” жоме масжидининг янги биноси замонавийлик ва миллийликни инобатга олган ҳолда янги лойиҳа асосида қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Кеча бўлиб ўтган хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, масжид биносининг биринчи ғиштини яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар.
Маросимда уламолар, масжид қавми, маҳалла фаоллари ва мўйсафид отахонлар иштирок этдилар. Шунингдек, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқдалар.
Ҳақ таоло ушбу жоме масжиднинг қад ростлаётган янги биносини файзу баракотли айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати