Саудиялик меҳмонлар эътирофи
14 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлигидан бир гуруҳ меҳмонлар юртимизга ташриф буюришди. Мартабали меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Минор” жоме масжидида жума намозини мўмин-мусулмонларимиз билан бирга-бирга адо этдилар. Шундан сўнг, Диний идора Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов томонидан саудиялик меҳмонларга ушбу муҳташам жоме масжиднинг фаолияти, намозхонлар кайфияти, олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ва юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Подшоҳликдан келган меҳмонлар, ҳақиқатан, Ўзбекистон заминида сўнгги йилларда катта янгиланишлар ва ижроотлар бўлаётганини эътироф этишди.
Отинойилар учун ўқув-семинари ташкил этилди
11-14 декабрь кунлари Фарғона вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқаро Ислом академияси докторантлари ва Дин ишлари бўйича қўмита ходимларидан иборат мутахассислар иштирок этиб, белгиланган дастур асосида маърузалар ва давра суҳбатлари ўтказди. Ўқув-семинар долзарб мавзуларга бой савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.
Нукусдаги билим юртида тингловчиларга сертификат топширилди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг иккинчи давра ўқув машғулотлари якунланди. Жорий йилнинг 10 декбрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Нургоҳо Сукамдани: “Асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш”
18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мамлакатимизга ташриф буюрган Индонезиянинг “Саҳид” номли вақф фонди раҳбари Нургоҳо Сукамданини қабул қилдилар. Меҳмонга Индонезиядаги “Истиқлол” музейи масъул ходими жаноб Сайфуддин ва диний таълим муассасалари мажмуаси раҳбари Анда Хоним ҳамроҳлик қилди. Самимий мулоқот чоғида Нургоҳо Сукамдани жаноблари Малайзия фонди томонидан Ўзбекистонда қурилаётган меҳмонхоналар, зиёрат туризмини ривожлантириш, ҳалол стандартлаш, диний таълим муассасалари талабаларини ўқитиш борасида ҳамкорлик қилиш ва “Истиқлол” музейида Ўзбекистон павилионини ташкил этиш таклифларини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистондаги диний таълим бериш тизимига алоҳида қизиқиш билдирди. Нургоҳо Сукамдани жаноблари мана шундай ишларни амалга оширишдан асосий мақсад фойда олиш эмас, Аллоҳ ризолигини топиш эканини билдирди.
Қашқадарёда Туркия агентлиги иккита тарихий обидани таъмирлайди
Қашқадарё вилоятида 2019 йилда Туркия давлатининг ТИКА агентлиги кўмагида Китоб туманидаги Хўжа Илм Кон ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилади. Қашқадарё вилоятидаги тарихий-маданий обидаларни реставрация қилиш ва ҳудудларни ободонлаштириш дастурига кўра Қарши туманидаги Имом Абу Муъин ан-Насафий мажмуаси ва Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар мажмуасини реставрация қилиш ишлари жорий йилда бошланган бўлиб, 2019 йилда якунланиши кўзда тутилган. Маълумот учун, айни пайтда Қашқадарё вилоятида 1 321 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, мавжуд зиёратгоҳларни ободонлаштириш натижасида 2018 йилда сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ортган.
Қуръони каримнинг 900 йиллик нусхаси топилди
Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳридаги музейда Қуръони каримнинг 12 асрга тегишли нусхаси намойиш этилди. Жорий йилнинг 16 декабрь куни Реза Аббосий музейида тадқиқотчилар ва қўлёзма мутахассислари иштирок этган анжуманда қадимий Мусҳаф кўздан кечирилди. Ушбу нусха 1150 йилга тегишли бўлиб, хаттот Абул Фаҳр ибн Абилфазл ал Зафароний томонидан кўчирилган ва унга Зафароний нусхаси деб ном берилган.
Мадридда Ислом маданияти маркази очилди
Испания Қироллигининг пойтахти бўлган Мадрид шаҳрида Ислом маданияти ва диний бағрикенглик маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу маросимда Испания олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва мамлакатда фаолият олиб бораётган дипломатик ваколатхона раҳбарлари иштирок этган. Бирлашган Араб Амирликларининг Диний бағрикенглик вазири Шайх Наҳян бин Муборак ҳам Марказнинг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади. вазир уз нутқида бу лойиҳа жаҳонда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлашни мақсад қилганини қайд этди.
АҚШда масжидлар "очиқ масжидлар куни"ни ташкил этишди
АҚШнинг Огайо штатидаги масжидларда жорий йилнинг 16 декабрь куни "Очиқ масжидлар куни" ташкил этилди.Огайодаги Марказий Огайо масжидида ҳам ушбу тадбир кенг миқёсда ташкил этилди. Ушбу тадбир Огайо штатида тарихида илк бор ўтказилаётгани қайд этилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад мусулмонларга нисбатан жамоатчиликда шаклланган фикрни ўзгартириш экани таъкидланган. Штат аҳолиси эътиқодлараро ҳамкорлик масаласида қилинган ушбу ғояни қўллаб-қувватлашган. Ташриф буюрганлар енгил таомлардан истеъмол қилишлари, мусулмонлар ҳаёти билан танишишлари ва Ислом дини ҳақида маълумот олишларига имконият яратилган.
"Мурувват карвони" сирдарёликлар кўнглини шод қилди
15 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Сирдарё вилоятига етказилди. Ушбу вилоятда ўтказилган хайрия тадбирлари давомида мухтожларга 20 дона ногиронлик аравачаси, 315 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 500 литр ёғ, 74 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 296 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) китоблари ва пул маблағлари беғараз тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз “Вақф” фонди хайру эҳсонингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди, маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».
Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.
Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.
Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».
Муслим ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».
Икки Шайх ривоят қилган.
Изоҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.
Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».
Муслим ривоят қилган.