Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

Қиз фарзанд кўрдингизми?

18.12.2018   11397   6 min.
Қиз фарзанд кўрдингизми?

Фарзанд инсоннинг кўз қувончи, қалб суруридир. Инсон оила қурар экан, шириндан шакар фарзандлар кўришни хоҳлайди. Сир эмаски, кўпчилик ўғил фарзанд кўриш истагида бўлиб, кетма-кет қиз фарзанд кўрганлар орасида ножам бўладиган, тушкунликка тушадиганлари ҳам учраб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деган: 

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”. (Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.) (Шуро сураси, 49-50-оятлар).

Уламолар бу оятда қизларнинг ўғил болалардан олдин зикр қилиниши борасида бир қанча фикрларни айтишган.

Баъзилари “Одатда ота-оналар ўғил фарзанд кўришни хоҳлашади. Аллоҳ таоло бандаларининг хоҳишини эмас, Ўз хоҳишини амалга оширувчи Зот эканини англатиб қўйиш, шунга ишора қилиш учун олдин қизларни зикр қилган” дейишади.

Баъзи уламолар “Аллоҳ таоло бу оятда жоҳилият даврида ортга сурилган, одам ўрнида кўрилмаган, тириклайин кўмилган қизларнинг шаънини кўтариб, жоҳилият урф-одатини йўқотиш учун қизларни олдин зикр қилган” дейишган.

Ҳа, жоҳилият даврида одамлар қиз фарзанд кўришни ёқтиришмас, мабодо бирортаси қиз фарзанд кўрса, одамлар орасида бошини кўтариб юролмас, қиз фарзанд кўришни ўзларига ор, уят деб билишар эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳолат ҳақида шундай деган: 

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالأُنثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدّاً وَهُوَ كَظِيمٌ يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلاَ سَاء مَا يَحْكُمُونَ

“Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинадир. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон” (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).

Қиз фарзанд тарбияси борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ойша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратдида, икки қизига берди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади” дедилар. (Мутафақун алайҳ)

Яна бир ҳадисда бундай дейилган:

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».

Ана кўрдингизми дўстим, иккита қизингиз бор дегани, дўзахдан иккита парда бор деганидир. Яна қиз фарзанд кўрдингизми, пардалар сони яна биттага кўпайибди-да!

Нима, “Қиз узатиш осонмас ҳозирги пайтда” дейсизми?

Нега ундай дейсиз? Динимизда қиз тарбия қилишга, уларни боқишга катта савоблар, мукофотлар ваъда қилиняпти. Қиз узатишнинг қийинлигига келсак, уни ким қийинлаштирди?! Динимизми ёки одамларнинг ўзларими?! Динимиз нима деган? Тўйни қилиб бериш, қизга уй бериш, ўша уйда яшаш учун керакли анжомларни олиб бериш куёв томоннинг вазифаси демаганми?! Одамлар Динга амал қилишдан узоқлашиб, риё, хўжакўрсинлик, манманлик, дабдабабозлик, одамлар кўрсин, мақтасин, қойил қолсин қабилида иш қиладиган бўлгандан кейин, албатта, қиз узатиш қийин бўлади-да, куёв томон ўз вазифасини билмай, билса ҳам бажармай, келин томондан дунё матоларини кутиб юраверади-да!  

“Қизимни боқа олмасамчи?” деб хавотир бўляпсизми? Хавотирга ўрин йўқ! Чунки Раззоқ бор! Раззоқ дегани қимирлаган жонзотнинг ризқини берувчи Зот дегани! Роббимиз сизнинг ҳам, қизингизнинг ҳам, ҳамма жонзотларнинг ҳам ризқини беради!

“Қиз тарбия қилиш осонмас!” дейсизми? Тўғри, осонмас, шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисда “сабр билан” деб айтиб турилибди-ку! Ахир дўзахни беркитадиган парда ўз-ўзидан, осонликча бўлмайди-ку, дўстим!

Қиз кўргани учун хотинини ёмон кўраётган, асаби бузилаётган одам Аллоҳ таолонинг иродасига рози бўлмаётган кимсадир! Аллоҳ таоло сизга қиз фарзанд ато этишни ирода қилди, аммо сиз жоҳиллик қилиб бунга қарши чиқмоқдасиз! Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳ таолонинг берган ризқига, сиз учун қилган тақсимига рози бўлинг!

Унутманг, қиз фарзанд кўришни ёқтирмаслик, қиз кўргани учун аччиғи келиш ва аёлини ёмон кўриш жоҳилиятдаги одамларнинг қилиғидир! Аллоҳ таоло ундай кимсаларни Қуръонда қоралаганини юқорида келтириб ўтдик.

Менимча, энди қиз фарзанд кўрсангиз, хафа бўлмасангиз керак, менимча, “Ҳамма фарзандларим қиз бўлса ҳам розиман” дейдиган кайфиятга ўтсангиз керак!

Сўзимиз охирида бир ривоятни келтириб ўтамиз.

Яъқуб ибн Бахтон айтади: “Мен еттита қиз фарзанд кўрдим. Ҳар сафар қизим туғилганда, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдига борардим. У менга: “Эй Абу Юсуф, Пайғамбарлар қизларнинг оталари бўлишган” дер, унинг гапи менинг ножамлигимни кетказар эди”.

Аллоҳ таоло барчамизни берган ризқига, биз учун қилган тақсимига рози бўладиган бандаларидан қилсин!

 

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Оёғинг остига боқ – қоқилиб кетма тағин

14.01.2025   2079   11 min.
Оёғинг остига боқ – қоқилиб кетма тағин

Ўша кезлари Мисрнинг “Ал-Азҳар” университиетида таҳсил олардим. Янги ўқув йили арафаси – таътилдан қайтиб сабрсизлик билан сабоқ соатларини санаб турардик. Эртага худо хоҳласа, биринчи дарс! Оғзим қулоғимда эди, чунки боягина университетнинг эълонлар лавҳидаги дарс ва сабоқлар жадвалига кўз югуртира туриб, кутилмаган бир хушхабардан воқиф бўлдим. Шундан кайфиятим аъло, фикру ёдим  эртанги синовдан мувафақиятли ўтиш ташвиши билан банд эди. Бирда, шундай имкониятга мушарраф бўлганим учун қувониб ғурурланардим. Сўнгра унинг масъулияти ёдимга тушиб жиддий тортиб қолар эдим: “саволим салмоқли бўлиши керак”, – деб такрорлардим ўзимга ўзим. Аммо, фикримни ифода этиш учун топган жумлаларим назаримда юпунгина бўлиб туюлар, тузган саволларимнинг арабча қироатидан ҳам кўнглим тўлмаётганди. Хаёлан ўқиган китобларимни варақлаб, арабча луғатимни титкилайман, қани бирор бир арзирлик нарса топсам. Шу пайт эшик шарақлаб очилди-ю, хонага ҳовлиққанча хонадошим Мамат кирди.

– Я-а-н-нгиликни эшитдингми? – Худдики, Марафондан Афинага ғалаба хабарини олиб келган чопарга ўхшаб ҳансирарди у.

– Қанақа янгиликни?

– Эртадан бизга  янги курс ўтилар экан, маърузачи ким – биласанми? Нақ Мустафо ад-Доурнинг ўзлари! – Ҳовлиқманинг ҳовури пасаймаганди. У девордаги эълоннинг бошига кўз югуртиргану, давомини ўқишга сабри чидамагани аниқ, акс ҳолда яна бошқа бир янгиликдан бохабар бўлган бўларди. Бир ҳисобда шуниси ҳам маъқул, бўлмаса эртагача ич-этини еб қўярди бояқиш!

Мен ўзимни бепарво тутдим:

– Ким у киши?

Юртдошим менга ўсмоқчиланиб қаради:

– Сен?.. Ростдан ҳам ул зотнинг кимликларини билмайсанми? Ахир, Ислом оламида бармоқ билан санарли шайхларнинг бири-ку! Кеча-ю, кундуз китобга муккасидан кетган сендек одам билишинг керак! Нимангни мақташади, ҳайронман! – Таажжубланиб елкасини қисди у. Сўнг худди ўзига ўзи гапирган каби (аслида жиллақурса шу борада мендан усунлигини намойиш қилмоқ бўлиб) давом этди:

– Билмасанг, билиб қўй: бу одам давлат муҳофазасидаги шахс. Ниҳоятда обрўли олим. Худди президентлардек алламбало машиналарда юради. Ёнида ҳамиша танқўриқчилари... Лекин, жа-а-а-а зап иш бўлди-да, шу кишидан сабоқ тинглашимиз! Ҳали Ватанга қайтгач, тасоввур қилаяпсанми, биргина шунинг ўзи бизга қанчалик обрў олиб келишини?

Албатта, у кишининг сабоқларидан кўпроқ нарса ўргансак, унга амал қилсак ва буни юртда кўрсата олсак ҳурматимиз икки ҳисса ошади. Бунинг учун эса ўқиш керак!

Хаёлимдан кечган бу гапларни унга айтиб ўтирмадим – бефойда! Қанча баҳслашганмиз, жиққамушт бўлганмиз – ўз билганидан қолмаган. Сабоқдошим жағи-жағига тегмай жавраркан, мен унга синчиклаб қарадим. Ватанда таниқ, нуфузли бир кишининг ўғли. Бирор-бир масалада ками йўқ! Илм ўргансин, ҳаётни кўрсин деб, отаси уни шу ёқларга йўллаган, лекин унда илмдан кўра чилимга иштиёқ кучли. Мисрнинг ғарбча ҳаётига қизиқиши зўр. Ҳаттоки, айни пайтда ҳам улуғ шайхнинг сабоқлари эмас, ўша сабоқлардаги иштироки унинг учун муҳим.

– Менга қара, – деб қолди у дабдурустдан, – балки шайх отамни танир-а? Дадам ҳам аҳён-аҳён хорижда бўлиб турадиган қандайдир йиғинларга бориб турадилар – учрашиб қолишган бўлишлари мумкин-ку? “Сиз фалончининг ўғлимисиз” деб сўраб қолса-я! Агар шундай бўлиб чиқса зап иш бўларди-да! – Мазза қилиб керишишидан ҳозир нималар ҳақида  ўйлаётганини пайқаш қийин эмасди. Кейин: – Агар шайх менга бир бор эътибор қаратса, – деди-да, узоқ эснади. Шу орада: “ҳали мен билан бир хонада турганингдан фахрланиб юрасан” дея бошлаб қўйган фикрига якун ясади у.

Эртаси куни дарс бошланиши арафасида ҳам гап-сўзлар, асосан, улуғ шайх ва унинг сабоқларини тинглаш бизга насиб этгани ҳақида борди. Бугун дарс сўнгида шайхга  мурожаат этиш имкониятига эга бўлганим ҳақидаги хабардан воқиф бўлган дўстларим эса келиб мени табриклаб, қўлларимни сиқиб кетишар, ёнимда турган Мамат бўлса гап нимада эканини англамай, каловаланарди.

 Ниҳоят орзиқиб кутилган фурсат келди. Улкан аудиториянинг эшиклари оҳиста очилиб, ичкарига аввал қора дипломат кўтарган норғул йигит кирди. Ортидан ёши саксонларни қоралаб қолган, эгнида узун арабий оқ либос; устидан кулранг нимча кийган, бошида – атрофларига оқ зардан жило берилган оппоқ қалпоқ, оёғида қоп-қора ялтироқ ковуш илган киши кириб келди. Оламга машҳур Мустафо ад-Доур мана шу киши эди. У қариликданми ёки бошқа бир сабабданми бўйнини эгиб олган, нигоҳлари ерга қадалган; ҳаттоки саломимизга ҳам  жавобан бошини кўтармади – енгилгина таъзим бажо келтирди холос.

Шайхнинг таърифини келтирганларича бор экан. У ёрдамчиси чиқиб кетгач, оҳиста аммо мафтункор қироат билан сўз бошлади: “Инсоннинг умри тақрибан азон ва намоз орасидаги фурсатдан иборат. Тақво аҳли мана шу дамда покланиб, ибодат тадоригида бўлади. Ислом илм демакдир. Башарти қулоғимизга азон айтилган фурсатдан то бошимизда жаноза намози ўқилгунга қадар покланиш, жаннат ҳаваси билан яшаш имконимиз бор. Ўткинчи дунёнинг ҳою ҳавасларига алданмаган, ҳақ йўлдан чалғитувчи иллатларга булғанмаган мўмин ва муслималар, шубҳасиз охират саодатига эришгайлар, инша Аллоҳ!..”

Кеча Маматнинг қитиқ патига тегиш учун, жўртага шайхни танимаганга олгандим. Аслида, университетниг ҳар бир талабаси бу хусусда керагидан ортиқроқ маълумотга эга эди. Шайхнинг тоблари бўлмай, соғликлари ёмонлашгани туфайли кейинги икки-уч йил мобайнида сабоқлари тўхтаб қолгани ҳақида аҳён-аҳён таассуф билан эслаб туришарди. Нақшбандия тариқатини тутиб, пиру комиллик мартабасига эришган бул зотнинг узоқ муолажалардан кейин яна қадрдон даргоҳга қайтишлари ва бизнинг у кишидан сабоқ тинглашга ноил бўлганимиз – тақдирнинг туҳфаси эди.

Пирнинг фақат ўзигагина хос жиҳатлари бор, масалан ул зот ҳеч қачон суҳбатдошииниг кўзига тик қарамас, бу ҳақда сўраганларга: “Самовий юксаклик истаги осмонга термулиш билан қондирилмас; оёғинг остига боқ – қоқилиб кетма тағин”, дея жавоб қайтарар эканлар. Яна бир усуллари, ўз мартабаларини билгани ҳолда, университетда энг билимдон талаба дея эътироф этилган илму толибга ўзлари билан мулоқот қилишга ижозат берар эканлару, ўтган ўқув йили якунига кўра шу мартабага каминани муносиб кўришибди.

Бу пайтга келиб Мамат ҳам янгиликдан воқиф бўлган, қизғанчиқлиги шундоққина ёвқараш нигоҳларидан сезилиб турарди. У бир варақчага хат ёзиб олдимга суриб қўйди. Унда юртдошимнинг айни дамдаги изтироблари ифода этилганди: “Ишқилиб, хол қўйиб қўйма тағин!”.

Устоз маърузасини тугатиб, бир муддат сукут сақлаб турди-да, сўнг: “Савол?” – деди дабдурустдан. Бу дарс итмомига етганидан дарак, менинг галим келганига ишора эди. Довдираб қолдим. Нутқ ирод этишларига маҳлиё бўлиб вазифамни деярли унутган эканман. Шундан ўзимни таништириш ёдимдан кўтарилиб, ҳозирги дарс тавридан келиб чиқиб, тилимга келган бир саволни таваккал ифода этдим:

– Тақсир, биз узоқ юртлардан келиб шунда таҳсил олмоқдамиз. Илм ўрганмоқдамиз. Аммо, ташқаридаги ҳаётда бизни чалғитувчи унсурлар бисёр. Исломнинг тараққий этмоғи учун шу иллатларга давлат йўли билан, куч ишлатиб барҳам берилса бўлмасми? Беҳаёликлар, бузуқиликлар, экстремистик ғояларни таг-туги билан суғуриб ташлаган дуруст эмасми?

– Шайх мулоҳазакор сукут билан мени тинглади, сўнг: “Ўзингизни таништиринг – қаерликсиз?” – деб сўради совуққина қилиб. Маматга шу асно жон кирди. “Аттанг” деган маънода бошини чайқади: “Назаримда расво қилдинг!” – оҳиста шивирлади у,  кесатиқ оҳангида.

Ножўя иш қилиб қўлга тушган одамдек қизариб кетдим. Устоз томонга қарашга ботинолмадим: менга у ҳам ҳозир бошини қуйи эгганча, “бамаънироқ савол берадиган бошқа бир дурустроқ одам йўқмиди?” – деб афсусланаётгандек бўлиб туюлди. Бўлар иш бўлди, шайхнинг сўровига жавоб қайтардим. Исми шарифимни, ўзбекистонлик эканимни айтдим.

Барчанинг нигоҳи шу лаҳзаларда шайхга қадалган, камина ҳам ўзимни таништира туриб, бошимни озод кўтариб унга боқдим: “Нима келса ўзимдан кўраман!” Урвоққина бўлиб ўтирган устознинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, танасида кечаётган ҳар бир ўзгариш назаримиздан қочиб қутулмас, шундан унинг илкис қалтираб кетганини ҳамма илғади. Столга суяниб аста ўрнидан турди. Ҳеч қачон талабаларига тик қарамаган устоз оҳиста бошини кўтариб, мен томонга боқди. Афтидан роса жаҳлланибди! Камина шу лаҳзаларда ер ёрилса, унинг қаърига кириб кетишга тайёр эдим. Қолаверса, Мамат бу ишга бажонидил қарашиб юборган бўларди. Хаёлимдан нуқул: “Тамом! Ҳаммаси тамом. Пачава қилдим!” деган бадбин ўйлар кечмоқда эди. Шу пайт шайх кафтини кўксига босиб, енгилгина таъзим айлади-да:

– Улуғ муҳаддис Имом ал Бухорий авлодларига чексиз ҳурмат ва эҳтиромимни қабул айланг! – деди. Унинг хира тортиб қолган кўзларида самимий бир чўғ яллиғланганини кўрдим. Кутилмаган бу каби мулозаматдан довдираб қолгандим. Йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийиб турардим.

Устоз эҳтиёткорона яна курсисига чўкди-да, яна аввалги ҳолатига қайтди.

– Биласизми, “Нилуфар”нинг ватани қаер? – саволимга савол билан юзланди у. Ўртага бир оз жимлик чўкди. Қўшалоқ саволлар исканжасида қолдим: бир пайтнинг ўзида ҳам “Нилуфар”нинг ватани қаер? ҳам “устоз жавоб кутаяптими ёки мушоҳадага ундади”, – деган жумбоққа ечим ахтармоқда эдим. Бир қарорга келиб улгурмай шайхнинг ўзи гапни илдириб кетди.

– Билиб қўйинг, “Нилуфар”нинг ватани – ботқоқ! Оҳу чаманларга ярашиқ жонивор эса-да, манзил-макони тошлоқ. Илло, иккиси ҳам ўзига гард юқтирмайди. Ҳар иккиси ноёб ва бетакрор мавжудот. Ҳар иккисининг васлига етишмоқ учун, ҳою ҳавас каби домига тортиб турган ботқоқдан, илон изи каби чигал сўқмоқдан кечиб ўтиш талаб этилади. Бинобарин Аллоҳ сиз ва бизнинг қалбимизда, нафс иллатларини, ҳою ҳавас зиллатларини енгибгина унга етишишимиз мумкин. Илм бу йўлда сизга ҳидоят бўлғуси...

Ташқарида қўнғироқ чалинди. Бу дарс тугаганидан дарак, аммо, у менинг назаримда  талабалик ҳаётимда янги саҳифа очилганидан жар солаётгандек бўлиб туюлди...
 

Давоми бор...

Фозил Тиловатов,
Ҳадис илми мактаби матбуот котиби.