Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Отаси альцгеймер касаллиги билан оғриди. Ўғлидан:
— Отанг ўзи сени унинг ўғли эканингни биладими, эсидами? деб сўрашди. Шунда у:
— Бу муҳим эмас. Муҳими мен ҳалиям унинг ўғли эканимни биламан, деб жавоб берди.
Маълумот учун айтамизки, альцгеймер касаллиги билан оғриган одам хотирасидан айрилиб, ҳатто ўзининг кимлигини ҳам эслолмайди.
*****
Инсон ҳар қанча гўзал бўлмасин, агар хулқи, характери чатоқ бўлса, чиройи кўзга кўринмай қолади.
*****
Ёмон ўртоқ чивинга ўхшайди. Унинг ёмонлигини сени чақиб кетганидан кейин биласан.
Мустафо Манфулутий
*****
Қайси бир шахс илм ўрганишдан тўхтаса, у хоҳ йигирма ёш бўлсин, хоҳ саксон ёш бўлсин, ожиз, қари кишидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳеч ким зулматни босиб ўтмай туриб тонгга ета олмайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Университетда баъзи фанларнинг имтиҳонида йиқилдим. Ўшанда бир дўстим ҳамма фанлардан муваффақиятли ўтган эди. Ҳозир у Майкрософт компаниясида муҳандис (инженер) бўлиб ишлаяпти. Мен эса ўша компаниянинг раҳбариман.
Билл Гейтс
*****
Сени ўлдирган киши деб фақат ўқ отиб ўлдирганни эмас, балки орзу-умидларингни ўлдирганни ҳам айтилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кек сақлаш – муваффақиятсизликнинг энг охирги босқичидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳатто шамоллар келиб узр сўраган тақдирда ҳам, шох синганича қолаверади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сукут – нафратнинг энг афзал таъбиридир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ишинг ўнгидан келганда дўстларинг сенинг кимлигингни билишади. Ишинг орқага кетганда сен ўзинг дўстларинг кимлигини биласан.
Иброҳим Фақий
*****
Донишмандлар, ақллилар жим тураверса, аҳмоқлар кўпайиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пул, мол сенга ҳақиқий дўстларни эмас, балки кўплаб “маданиятли” (яъни душманлигини сездирмайдиган) душманларни жалб этади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Узлат, холи қолиш иккиюзламачиларнинг шовқин-суронидан афзалдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар бир-бирларига ўзларидаги мавжуд нуқсон миқдорича азият берадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Уйингдаги муаммо сенинг ўзингга хос муаммодир. Гапиришдаги одобинг эса суҳбатдошларингнинг сендаги ҳаққидир. Ўзингнинг шахсий муаммоларинг ва ички изтиробларингни бошқалар билан қилаётган муомалангга аралаштирма!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар билан бўладиган илк муомалалардаги ўзини намунали тутишларга алданма. Математика фани ҳам ранг-баранг олмаларни ва ёнғоқларни бир-бирига қўшиш ва айиришдан бошланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бошқаларга зиё улашган, аммо ўзини ёндириб, эритган шам каби бўлма.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.