Ҳар бир амал ниятга боғлиқ бўлади. Келин бўлиш бўсағасида турган қизларимизга ўгитларимиз бор.
Сиз ота-онангизни хонадонидан бошқа бир хонадонга келинлик либосида кириб борар экансиз, остонаданоқ ниятни гўзал қилинг. ”Аллоҳим, ҳақиқий уйимнинг эгалари қалбимдан жой олишсин. Мендан хурсанд бўлиб, ҳар ишимдан миннатдор бўлишсин”,- деб ният қилинг ва шу ниятга яраша ўзингиз ҳам харакатда бўлинг.
Аввало қаноатли бўлинг, чеҳрангиз очиқ, сўзлаганда мулойим бўлинг. Ҳар бир ҳолатингизга шукр қилинг. Шуни эсдан чиқармангки, бундан ёмони ҳам бўлиши мумкин. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир.
Келин ҳеч қачон насаби-ю, бойлиги, гўзаллиги билан мағрурланмаслиги, оилада бўладиган нохуш гап-сўзларни ота-онасига етказавермаслиги керак. Бу билан аввало ота-онасини ташвишга солса, бошқа томондан икки қуда орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлади.
Аёл эрига итоатли бўлиши лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Хотинларнинг энг яхшиси қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат этадиган, йўқлигингда иффатини ҳамда молингни сен учун асраган аёлдир” (Ибн Аби Ҳотим ривояти).
Эрининг қариндоши ва яқинларини ҳурмат қилган аёл албатта эрининг эътиборини қозонади.
Кейинги вақтларда келинларимиз орасида “Аёл эрининг розилигига етишса бўлди, бошқаларнинг хизматини қилиш шарт эмас”, деб йўл тутаётган ёшларимизнинг ҳам борлиги ачинарли ҳолдир
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”.
“Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала cураси 7-8 оятлар).
Иккита ака-ука маҳалладаги деворлари нураб, томидан чакка ўтиб ётган бир хонадонни таъмирлаб, кексаларнинг дуосига мушарраф бўлишди. Бу саховатли инсонларнинг онаси бир вақтлар қайнонаси оғир хаста бўлганида оқ ювиб, оқ тараган, пиёладаги чойини меҳр билан узатган келинлардан эди. Қайнонаси: “Фарзандларингизни роҳатини кўринг” деб, кўп дуо қилар эдилар. Ҳозирги вақтда шу келиннинг ҳам икки келини бўлиб, қайнонасининг хизматида. Қайнонасининг дуоси ўтиб, иккала ўғил ҳам инсонларга фойдаси тегадиган саховатпеша инсонлар бўлиб етишган.
“Қайтар дунё” деб бежизга айтишмаган. Бугун сиз қайнота ва қайнонангизни кўнглини олиб, дуода юрибсизми, иншааллоҳ фарзандларингиз сизни ҳам роҳатга қўяди. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:
“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисларида: “Ёшларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлмаган, кексалар ҳаққини ва ҳурматини риоя қилмаганлар бизлардан эмас” - деб марҳамат қилган эканлар.
Яхши амалларни ўзи қилиб, бошқаларга ўргатишлик - улуғ устозлик. Аллоҳ таоло ҳар бир қайнонага яхши устоз бўлишни, ҳар бир келинга келгусида яхши қайнона бўлишни насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА
«Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлганидан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «Бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг.
Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг.
Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай, тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида бир-икки кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя.
Фарзандларингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат бўлишларига эътиборли бўлинг, кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг.
Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонга ҳурмат кўрсатиш ва хизмат қилишга одатлантиринг.
Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг.
Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган филм ва томошаларни кўришларига йўл берманг.
“Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”.
Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, бу иллатларнинг инсон соғлиғи ва иқтисодига қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Бунинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг”.
Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага албатта вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Чунки ёш болалар одатда ўта таъсирчан ва тақлид қилишга ўч буладилар. Ёлғонни атрофидаги муҳитдан ўрганиб, ота-онаси ёки ака-укаларидан бирор манфаатга эришиш учун ёлғон ишлатишлари мумкин. Тўғрилик ҳар бир яхшиликнинг асоси, ёлғон эса ҳар қандай ёмонликнинг онаси ва бошланишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, тўғрилик яхшиликка бошлайди. Яхшилик жаннатга бошлайди. Ёлғон ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради”, деганлар. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, борди-ю, бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.