АҚШнинг Огайо штатидаги масжидларда жорий йилнинг 16 декабрь куни "Очиқ масжидлар куни" ташкил этилди. Бу ҳақда International Quran News Agency хабар берди.
Огайодаги Марказий Огайо масжидида ҳам ушбу тадбир кенг миқёсда ташкил этилди. Ушбу тадбир Огайо штатида тарихида илк бор ўтказилаётгани қайд этилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад мусулмонларга нисбатан жамоатчиликда шаклланган фикрни ўзгартириш экани таъкидланган. Штат аҳолиси эътиқодлараро ҳамкорлик масаласида қилинган ушбу ғояни қўллаб-қувватлашган.
Ташриф буюрганлар енгил таомлардан истеъмол қилишлари, мусулмонлар ҳаёти билан танишишлари ва Ислом дини ҳақида маълумот олишларига имконият яратилган. CAIR-Columbus ташкилоти ушбу тадбирни ташкил этишда бош-қош бўлиши қайд этилган.
Маълумот учун, CAIR ташкилоти АҚШдаги йирик мусулмонлар фуқаролик ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилот бўлиб, Огайонинг Колумбус, Клевленд ва Синсинатти шаҳарларида ўзининг тармоқларига эга.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ