Жорий йилнинг 11-14 декабрь кунлари Фарғона вилоятида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди. Семинарни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Халқаро Ислом академияси докторантлари ва Дин ишлари бўйича қўмита ходимларидан иборат мутахассислар таркиби олиб бордилар. Дастур асосида маърузалар, давра суҳбатлари ўтказилди. Ўқув-семинар долзарб мавзуларга бой савол-жавоблар асосида бўлиб ўтди.
Отинойиларимизнинг келгуси фаолиятларида бу ўқишларнинг самараси, албатта, кўринади. Улар кўрсатилаётган эътибордан янаям руҳланиб, муҳтарам юртбошимизга, муфтий ҳазратларига ва барча ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Келгусида Ватан тараққиёти, жамиятимиз ва диний-маьрифий соҳада ўз куч ва салоҳиятларини аямасликларини таъкидладилар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Мулоқотда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса, ҳаж ва умра ибодатларини уюштириш ишлари янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, “Ҳаж – 2025” мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани, мутасаддилар саъй-ҳаракати билан ҳожиларга юқори даражада шароит ва имкониятлар ҳозирлангани, ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб-интизоми, одоб-ахлоқи билан барчага намуна бўлиб, рисолагидек тоату ибодат қилганлари эътироф этилди.
Учрашувда томонлар келгусида ҳам диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириб бориш каби масалаларни муҳокама қилишди. Шунингдек, ҳамкорликда ўтказиладиган маърифий тадбирлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати