Мана, жонажон диёримизга қиш фасли ҳам кириб келди. Кунлари қисқа, тунлари узун – қиш. Ушбу фаслда кечаларнинг узайиши бошқа вақтларда қилолмаган солиҳ амалларни бажаришимиз учун қулай фурсатлар: оила аъзоларимиз билан суҳбатлашиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олиш, китоб ўқиш каби имкониятларни беради.
Қишда одамлар кўпроқ намоз ўқишга, рўза тутишга мойил бўлади. Қиш қазо намозларини ўқишга ҳам жуда қулай фасл ҳисобланади. Чунки куннинг иссиғида одам кўп намоз ўқий олмайди: иссиқ танасини ланж қилади ва саждага борганда бошига кўп қон қуйилгандек туйилиб, одам оғирликни ҳис қилади. Аммо қишда ундай эмас.
Ғайратли кишилар қишнинг узун тунлари таҳажжудга ҳам туради. Сокин тун бағрида роҳатланиб таҳорат олади, намоз ўқийди, Қуръон тиловат қилади. Ҳамма уйқуда, фақат Аллоҳ ва обид сўзлашмоқда – обид роз айтмоқда, Аллоҳ таоло тингламоқда.
Банда ширин уйқуни енгиб тургани учун Аллоҳ ундан бир дардни кўтаради; таҳорат олиб танаси енгил тортганда, унга соя солиб келаётган яна бир дардни аритди; намоз ўқиб руҳи енгил тортганда эса ҳаммасини жамлаб уни касалликдан фориғ этди; қалбини эса қурумдан тозалади, кўнгли юмшаб кўзидан оққан ёш қалбидаги қурумларни ювиб кетди. Жисми ва руҳи покланган инсонга файз эшиклари очилди. У Қуръони каримни ўқир экан, муқаддас Китобнинг ҳар бир ҳарфи унга мўъжиза бўлиб кўрина бошлайди. Чунки Аллоҳ таолонинг фаришталари бу банда ҳаққига ўша ҳарфлар миқдорича истиғфор айтди.
Қазо рўзаси бор кишилар ва нафл рўзаси тутишни ният қилганлар ҳам қишда рўза тутишга уринади. Чунки қишда кундузлари қисқа бўлади, бир зумда қоронғу тушади. Аммо бу асосий сабаб эмас. Асосий сабаб шундаки, тунда вақтида уйқуга ётган мўмин тун узунлиги боис саҳар вақтига келиб уйқуга тўйиб туради. Юқорида айтилган ибодатларни қилганидан сўнг унинг кўнгли рўзага ҳам мойил бўлади. Зеро, рўза ўша ибодатларнинг давоми бўлгани қандай яхши. Қолаверса, ҳадиси шарифда
"Қиш мўъминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди" (Аҳмад, Абу Яъло, Байҳақий).
Ўзи нима учун қишда шундай бўлади? Куз, ёз, баҳордагидан кўра, қишда одам тақводорроқ, бошқаларга нисбатан ҳам меҳрибонроқ бўлиб қолади? Бунинг сабаби ҳам ҳадиси шарифда жуда чиройли таърифланган экан: "Одам боласининг қалби қишда юмшайди. Шундай. Чунки Аллоҳ толо Одамни тупроқдан яратган. Тупроқ эса қишда юмшайди" (Суютий, ал-Муттақий).
Шундай экан, бу фаслдан – Аллоҳ таолонинг иноятидан фойдаланиб қолишга, янада кўпроқ ибодат қилишга, барчамизга насиб айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳижри Исмоил — Каъба яқинида жойлашган ярим ой шаклидаги ҳудуд. Ҳижри Исмоил “Исмоил тоши” деган маънони англатади. Айнан шу ерда Иброҳим алайҳиссалом рафиқалари Ҳожар ва ўғли Исмоилни қолдирганлар. Ҳижри Исмоил Хатим ҳам деб номланади. Хатим деб номланишига сабаб у Каъбадан синдириб, яъни ажратиб олингандир.
Ҳижри Исмоил ҳақида қизиқарли маълумотлар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган…», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.