Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, шу йил 1 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди ва 5 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиб, 23-сонли гувоҳномага эга бўлди.
Ушбу олий диний таълим муассасасини Бош қомусимизнинг 26 йиллиги арафасида давлат рўйхатидан ўтказилишида ҳам ўзи хос рамзий маъно бор. Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши Конституциямизда ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган диний таълим олишга бўлган фуқароларимиз ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир катта имконият бўлди.
Гувоҳномани топшириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим этиши, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз келажакда малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга ва динимизнинг эзгу таълимотларини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилишларини алоҳида қайд этдилар.
Ҳадис илми мактаби фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб, эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қуръони каримни шарҳлаш ва тушунтириш Набий алайҳиссаломга берилган иккинчи ҳуқуқдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятига қилган тафсирлари ҳал қилувчи сўз саналади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿بِالْبَيِّنَاتِ وَالزُّبُرِ وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ﴾
“Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).
Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий вазифаларидан бири – Қуръони каримни баён қилиш экани алоҳида таъкидланмоқда. Макка аҳли Қуръон оятларининг зоҳирий маъноларини шарҳланишига эҳтиёж сезишмаган. Чунки Қуръони карим уларнинг ўз она тилида ваҳий қилинарди. Арабларнинг аксарияти саводсиз бўлишига қарамай, тил ва адабиёт борасида жуда кучли билимга эга бўлганлар. Уларнинг сермазмун шеърлари, балоғатли нутқлари, таъсирли суҳбатлари араб адабиётининг бебаҳо хазинасини ташкил этарди.
Шу сабабли, араблар Қуръон оятларининг зоҳирий маъносини яхши тушинишган. Маъноларини англамай қолишлари амри маҳол бўлган.
Демак, бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арабларга Қуръон оятларининг ботиний маъноларини ҳам баён қилиб бериш вазифаси юклангани маълум бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
﴿ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ﴾
“Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 19-оят).
Бу оятни тафсир қилишга асло ҳожат йўқ. Аллоҳ таоло Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларининг тафсирини билдирган. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом бирор оятни қандай тафсир қилган бўлсалар, албатта уни Аллоҳ таоло билдирган бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим тафсири ва шарҳида айтган сўзлари ҳал қилувчи сўнгги сўздир.
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси