Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам этиб, уни жуфт ҳолида, яъни эркак ва аёл жинсида яратди. Аёл зоти эркакларга нафақат умр йўлдош, ором-сакинат бахш этувчи, оиланинг чироғи ва посбони, балки фарзандларни тарбия этувчи мураббияси қилиб яратилган. Аллоҳ таоло инсониятнинг насл риштасини давом эттириш учун аёлга оналик бахти ва масъулиятини ато этди. Шунинг учун аёлни ҳам жуфти ҳалол, ҳам она деб улуғланади.
Исломда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиши тавсия этилган. Одатда эса, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо шариатда айнан қиз туғилганда хурсандчиликни каттароқ қилишнинг тавсия этилиши жоҳилият амалига қарши иш юритиш учундир.
Аёл ўзи аслида башарият насли кўпайишининг сабабчиси, одамзод боласининг боқий давом этиши воситаси, илм, камолот, фазилат аҳли, қаҳрамонлар ва буюк кишиларнинг онасидир.
Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмай, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва вожиботлардан бенасиб этмади. Илм олишни эркагу хотинларга баравар фарз қилинган. Ҳатто молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилиш ихтиёрига эга. Эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда аёлнинг ўзи тузишга мутлақо ҳақлидир. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир. Динимиз таълимотларига риоя қилган ҳолда аёлнинг жони, соғлиғи, ақлини ақлий ва жисмоний камол топтириш билан боғлиқ барча ишда эркакдан асло паст кўрилмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг янги нашрдан чиққан “Аёлни эъзозлаган дин” номли китоби – айни шу мавзуга бағишланди.
Муаллиф рисолада мусулмон аёлларининг оила ва жамиятдаги ўрни, Ислом динида нозик хилқат вакилаларига бўлган эътибор ва эътирофни илмий далиллар, ҳаётий воқеъликлар орқали ўқувчига тушунарли тарзда ёритиб берган.
Афсуски, ўтаётган асримизда ҳам айрим кишилар тарафидан аёлга нисбатан жоҳилият қарашлари билан ўйлайдиганлар ҳам топилмоқда. Ана шундай иллатларга барҳам бериш, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар йили бутун дунё бўйлаб “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида кампания ўтказилади. Ушбу кампания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа “25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш куни”да бошланиб, “10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни”да якунига етади. Ўзбекистонда ҳам ушбу кампания 2011 йилдан буён “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчлик сари”шиори остида муваффақиятли ўтказиб келинмоқда.
Бу йил ҳам мазкур тадбир 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ҳам иштирок этди. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мавзусига диний томондан изоҳ бериб, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг янги нашрдан чиққан “Аёлни эъзозлаган дин” китобини ушбу тадбир иштирокчиларига тақдим этди.
Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосарига кўра, мазкур китоб асосида Халқаро Ислом академиясида ҳам алоҳида давра суҳбатлари ташкил этилади ҳамда келаётган жума куни барча жомеъ масжидларда тезисларда аёллар мавзусига алоҳида урғу берган ҳолда, мусулмон кишининг аёлларга муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилади.
Қолаверса, Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат эканини ҳисобга олган ҳолда, Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби яқин орада қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам чоп этилиши режалаштирилган.
Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Мен уйланган эдим. Аёлим паст бўйли, нимжон қоматли ва менга нисбатан кичик жуссали эди.
Мен эса Аллоҳни инояти ила спортчиларга хос қоматга эга, мушакларим бақувват ва салобатли эдим.
Хотинимнинг бўйи пастлиги учун мен унга кўп маротаба ҳазил-мазаҳ қилиб жиғига тегар, унинг устидан кулар эдим. Масалан, баъзан бирор нарсанинг ортига яшириниб олиб, у келганда қўққисдан олдида пайдо бўлиб қўрқитар эдим. Баъзан эса, унинг кундалик хотираларини қайд этиб борадиган дафтарини олиб, бўйи етмайдиган жойга қўйиб қўяр эдим ва бўйи пастлиги учун ололмай қийналаётганини кўриб ҳузурланиб кулар эдим.
Гоҳида телевизор кўраётганида, гоҳида эса, кечки овқатни тайёрлаётганида уни ҳар хил усулларда безовта қилиб ҳазил-мазаҳ қилар эдим.
Мен ҳазиллашиб уни безовта қилишни жуда яхши кўрар эдим, чунки унинг мендан қасос олишга урингани, лекин бунга кучи етмаганини кўриш ҳам менга завқ бағишлар эди.
Аввал бошида хотиним бундан ёқимли кайфият олганини кўрар эдим. Лекин вақт ўтиши билан у менинг болаларча қилиқларимдан безиб қолаётганини сеза бошладим.
Бир куни ишга бориш учун уйқудан эрта турдим. Қарасам, у нонушта тайёрлаётган экан. Ҳар доимгидек, уни ҳазиллашиб қўрқитдим. Шунда у қаттиқ қўрқув билан:
— Бу гал кечқурун уйга қайтганингизда, мени топа олмайсиз, — деди.
Мен уни ҳазиллашаяпти деб ўйладим, чунки ҳар сафар уни қўрқитганимда у шунақа таҳдид қилар эди.
Бироқ кечқурун уйга қайтиб келганимда, у йўқ эди. Уни чақирдим, у жавоб бермади. Яна ва яна чақирдим, аммо у ҳеч нарса демади.
Ҳамма ерни қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Охири ошхонага кириб, бир қоғозга кўзим тушди. Унда:
— Ўзингизни асранг, мен энди қайтмайман, — деган ёзувни кўрдим.
Шунда оёқларим бўшашиб, боса олмай қолдим. Бутун бошли танам қувватсизланиб, ўтириб қолдим, ўзимни ҳудди устимдан муздек сув қуйгандек ҳис қилдим.
Ўша пайтда мен дунёдаги энг заиф инсонлардан бирига айландим.
Ўша кичиккина жуссали, нозиккина хотиним менинг асосий қувват манбаим бўлганлигини, усиз мен ҳеч ким эмас эканлигимни англадим.
Деворга суянганча ўтириб, ҳудди онасини йўқотган гўдак боладай йиғладим...
Бир пайт овқатланиш столи остида қандайдир нарса қимирлаётганини кўриб қолдим ва ўша ердан паст овоздаги кулги эшитилди.
Ҳа, у эди! У ўша ерга яшириниб олган экан.
Шунда мен унга ўзимни отдим ва уни қаттиқ бағримга босиб қучоқлар эканман, кўзларимдан шашқатор ёш оқар эди.
У эса мени қўрқитишни уддалай олганидан қувониб ўзини кулишдан тия олмас эди.
Шундай қилиб, ўғрини қароқчи урди деганларидек, ўзимнинг ҳийлам ўзимга қарши ишлади. Шундагина тушундимки, ўша кучсизгина аёлимсиз мен дунёдаги энг заиф инсон эканман.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ