Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2025   |   21 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:43
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2025, 21 Ражаб, 1446

“Аёлни эъзозлаган дин” китоби нашрдан чиқди

1.12.2018   1122   4 min.
“Аёлни эъзозлаган дин” китоби нашрдан чиқди

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам этиб, уни жуфт ҳолида, яъни эркак ва аёл жинсида яратди. Аёл зоти эркакларга нафақат умр йўлдош, ором-сакинат бахш этувчи, оиланинг чироғи ва посбони, балки фарзандларни тарбия этувчи мураббияси қилиб яратилган. Аллоҳ таоло инсониятнинг насл риштасини давом эттириш учун аёлга оналик бахти ва масъулиятини ато этди. Шунинг учун аёлни ҳам жуфти ҳалол, ҳам она деб улуғланади.

Исломда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиши тавсия этилган. Одатда эса, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо шариатда айнан қиз туғилганда хурсандчиликни каттароқ қилишнинг тавсия этилиши жоҳилият амалига қарши иш юритиш учундир.

Аёл ўзи аслида башарият насли кўпайишининг сабабчиси, одамзод боласининг боқий давом этиши воситаси, илм, камолот, фазилат аҳли, қаҳрамонлар ва буюк кишиларнинг онасидир.

Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмай, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва вожиботлардан бенасиб этмади. Илм олишни эркагу хотинларга баравар фарз қилинган. Ҳатто молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилиш ихтиёрига эга. Эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда аёлнинг ўзи тузишга мутлақо ҳақлидир. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир. Динимиз таълимотларига риоя қилган ҳолда аёлнинг жони, соғлиғи, ақлини ақлий ва жисмоний камол топтириш билан боғлиқ барча ишда эркакдан асло паст кўрилмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг янги нашрдан чиққан “Аёлни эъзозлаган дин” номли китоби – айни  шу мавзуга бағишланди.

Муаллиф рисолада мусулмон аёлларининг оила ва жамиятдаги ўрни, Ислом динида нозик хилқат вакилаларига бўлган эътибор ва эътирофни илмий далиллар, ҳаётий воқеъликлар орқали ўқувчига тушунарли тарзда ёритиб берган.

Афсуски, ўтаётган асримизда ҳам айрим кишилар тарафидан аёлга нисбатан жоҳилият қарашлари билан ўйлайдиганлар ҳам топилмоқда. Ана шундай иллатларга барҳам бериш, аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳар йили бутун дунё бўйлаб “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида кампания ўтказилади. Ушбу кампания аёлларга нисбатан зўравонлик инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат эканини ифодаловчи фикр билан рамзий боғланган икки воқеа “25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш куни”да бошланиб, “10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни”да якунига етади. Ўзбекистонда ҳам ушбу кампания 2011 йилдан буён “Уйдаги осойишталикдан дунёдаги тинчлик сари”шиори остида муваффақиятли ўтказиб келинмоқда.

Бу йил ҳам мазкур тадбир 26 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлади. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ҳам иштирок этди. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мавзусига диний томондан изоҳ бериб, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Салимжон қори Қодировнинг янги нашрдан чиққан “Аёлни эъзозлаган дин” китобини ушбу тадбир иштирокчиларига тақдим этди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосарига кўра, мазкур китоб асосида Халқаро Ислом академиясида ҳам алоҳида давра суҳбатлари ташкил этилади ҳамда келаётган жума куни барча жомеъ масжидларда тезисларда аёллар мавзусига алоҳида урғу берган ҳолда, мусулмон кишининг аёлларга муносабати қандай бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритилади.

Қолаверса, Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат эканини ҳисобга олган ҳолда, Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби яқин орада қорақалпоқ ва рус тилларида ҳам чоп этилиши режалаштирилган.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,

Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Гўзал ҳаётни истаганларга 10 тавсия

13.01.2025   5319   1 min.
Гўзал ҳаётни истаганларга 10 тавсия

1. Саҳар вақтларида истиғфор айтишни одат қилмоқ. 
"(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоқларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилар эди" (Оли Имрон сураси 17-оят).

2. Фикрлаш учун хилватда қолмоқ.
"...ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар"
(Оли Имрон сураси 191-оят).

3. Яхшилар билан суҳбатдош бўлмоқ.
"Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари "юзи"ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!"
(Каҳф сураси 2-оят).

4. Ҳамиша Аллоҳни эсда тутмоқ.
"Эй имон келтирганлар; Аллоҳни кўп эслангиз"
(Аҳзоб сураси, 41-оят).

5. Хушуъ билан намоз ўқимоқ.
"Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар"
(Муъминун сураси, 2-оят).

б. Тадаббур билан Қуръон ўқимоқ.
"Қуръон
(оятларининг маънолари) ҳақида(чуқурроқ)фикр юритмайдиларми? (Нисо сураси, 82-оят)

7. Қаттиқ иссиқ кунларда нафл рўзалар тутмоқ.
Аллоҳ таоло фахрланиб айтади: "Бандам ўзининг таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мен учун тарк қилди".

8. Садақани яширинча бермоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ўнг қўл берганни чап қўл билмасин".

9. Мусулмоннинг биронта ғамини кетказмоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмондан ғамни кетказган инсонни Аллоҳ ҳам қиёмат кунида ғамини кетказади", деганлар.

10. Бу ўткинчи дунёдан зуҳд билан ўтмоқ.
"Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир" (Аъло сураси, 17-оят).
 

«Ўкинма» китобидан