Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллашнинг турли шакллари мавжуд. Уларнинг энг афзали намозда ўқиладиганидир. Ўша салавотда «Иброҳим ва унинг аҳлига салавот йўллаганингдек» жумласи бор, чунки Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг аҳлига фаришталар салавот айтган, Аллоҳдан раҳмат сўраганлар. Аллоҳ таоло:
قَالُواْ أَتَعْجَبِينَ مِنْ أَمْرِ اللّهِ رَحْمَتُ اللّهِ وَبَرَكَاتُهُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ إِنَّهُ حَمِيدٌ مَّجِيدٌ
«Улар (фаришталар): «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк Зотдир» деган (Ҳуд сураси, 73-оят).
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот йўллайди», деганлар.
Имом Аҳмад Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди. Ўнта гуноҳини ўчириб, уни ўн даража кўтаради», деганлар.
Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида одамларнинг менга энг яқини менга энг кўп салавот айтганидир», дедилар.
Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, салавоти миқдорича фаришталар ҳам унга салавот айтади. Шунга қараб банда хоҳ камайтирсин, хоҳ кўпайтирсин» деганларини эшитдим».
Имом Термизий келтирган ривоятда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: «Қачон туннинг тўртдан бири ўтса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «Эй одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар. Қиёмат яқин қолди. Унинг ортидан қайта тирилиш юз беради. Ўлим ўзига боғлиқ нарсалар билан келмоқда», дер эдилар. Убай ибн Каъб: «Ё Расулуллоҳ! Ҳақиқатан мен сизга кўп салавот айтаман. Дуоимнинг қанча вақтини сизга бағишлайин?» деди. У зот: «Хоҳлаганигча», дедилар. «Тўртдан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Учдан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Иккидан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ! Дуоимнинг ҳаммасини сизга бағишласам, нима дейсиз?» деди. У зот: «Унда барча ғам-ташвишларинг арийди, мақсадинг ҳосил бўлади ва гуноҳинг кечирилади», – дедилар.
Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай розияллоҳу анҳуга зиёдалик эшигини ёпмаслик учун кеча ва кундуздан маълум бир вақтни тайин қилиб, белгилаб бермадилар.
Имом Муслим Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Ким муаззиннинг азон айтаётганини эшитганда: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккаю ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Муҳаммад Унинг расули ва бандасидир. Аллоҳни Роббим деб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбарим деб, Исломни диним деб рози бўлдим» деса, гуноҳи кечирилади», дейилган.
Асбаҳоний Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда у зот: «Менинг ҳузуримга қавмлар келишганда уларни менга кўп салавот айтганларидангина таниб оламан», деган эканлар. Бошқа ривоятда: «Қиёматнинг даҳшатлари ва хатарли ҳолатларидан сизларнинг энг кўп эминда бўладиганларингиз менга энг кўп салавот йўллаганларингиздир», деган эканлар.
Имом Табароний ва Дорақутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга салавот айтиш Сирот (кўприги) узра нурдир. Ким менга жума кунида саксон марта салавот айтса, саксон йиллик гуноҳи кечирилади», деган эканлар.
Юқорида келтириб ўтилган хабарлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш қанчалар фазилатли иш эканига далолат қилади. Уларни жамлаганда қуйидаги фойдалар ҳосил бўлади: савобларнинг ўн баробар кўпайтирилиши, шафоатга ноил бўлиш, қул озод қилиш каби ажрга эга бўлиш, қиёмат даҳшатларидан нажот топиш ва бошқалар.
Робия САИДХОНБАЛОВА,
Тошкент ислом иниститутининг 1 курс-талабаси
Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz