Жобир (р.а.) айтдилар: “Росулуллоҳ (с.а.в.) бизга хутба қилдилар ва айтдилар “ Эй инсонлар! Вафот этмасингиздан аввал Аллоҳ таолога тавба қилинглар. Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар. Аллоҳ таолони кўп зикр қилишлик, Яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар. Шундай қилсангиз; ризқланасизлар, ёрдам бериласизлар ва мукофотланасизлар”. (Ибни Можа)
Ушбу ҳадиси шарифда Росулуллоҳ (с.а.в) бизни дунё ва охират ҳаёти учун зарур бўлган тўрт амалга буюрмоқдалар ҳамда ушбу амалларга бериладиган неъмат ва мукофотлардан учтасини башорат бермоқдалар.
“ Вафот этмасингиздан олдин тавба қилинглар”. Инсон боласи борки, хатокор ва гуноҳкордир. Чунки, инсон ожиз, нотавон. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, заифлиги сабаб хато қилади, адашади ҳамда Роббисига гуноҳ қилишда давом этаверади. Бу ҳақида Росулуллоҳ с.а.в. бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар: “ Барча одам боласи хатокорлардир. Хатокорларнинг яхшиси сертавбалардир”. (Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти)
Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: “ Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сиз гуноҳ қилмаганингизда Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур”. (Имом Аҳмад ва Муслим)
Агар Роббимизнинг муборак Каломига эътибор берадиган бўлсак Аллоҳ таоло жудаям кўп жойларда Ўз бандаларини тавба қилишга ва истиғфор айтишга буюрди. Бирор жойда мутлоқ гуноҳ қилмасликка буюрмади. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берган марҳаматидандир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг тоқати етмайдиган нарсага мукаллаф қилмаган. Мутлоқ хато қилмасликка эса инсоннинг тоқати етмайди. Аллоҳ таолонинг бизга бўлган яна бир мехрибончиликларидан бири, гуноҳкор киши учун гуноҳидан покланиши учун нихоятда кўп имкониятлар ва тил учун енгил бўлган калималарни ҳам Ўзи ўргатди. Истиғфорни биз учун нажот калимаси қилди.Ҳазрати Али (р.а.) айтдилар: “ Нажот ўзи билан бирга бўлиб туриб ҳалок бўлган кишидан ажабланаман”. “ Нажот нима?” деб сўрашди. Али (р.а.): “Истиғфор”, деб жавоб бердилар.
Қолаверса, истиғфор зикрларнинг энг афзалидир. Улуғларимиздан сўрашди: “ Алҳамдулиллаҳ”, “ Субҳаналлоҳ” каби зикрларни айтиш афзалми ёки “ Астағфируллоҳ” дейишми? Жавоб шу бўлдики: “ Либосингга хушбўй сепишдан олдин уни турли хил кирлардан тозалаш зарур бўлганидек, гуноҳлардан тозаланиб олиш учун аввал истиғфор айтган афзал”.
Шунинг учун ҳам Росулуллоҳ (с.а.в.) ушбу ҳадиснинг энг аввалида Аллоҳ таолога тавба қилишга чақирмоқдалар.
“Машғул бўлиб қолишингиздан олдин солиҳ амалларга шошилинглар”. Яъни, ёшлигингда гарданингга рўзғор, бола-чақа ташвиши тушмасдан , тирикчилик учун машғул бўлмасдан олдин, баданинг ва ақлинг соғломлигида, бирор беморлик ва паришонхотирлик билан машғул бўлмасингдан олдин, умринг поёнига етиб, Азроил (а.с.) ўз вазифасини адо қилиш учун келган вақтида кўзингга хеч нарса кўринмай ўзинг билан ўзинг машғул бўлиб қолишингдан олдин савобли ишларга шошил. Охиратда сени Роббингнинг азобидан қутқарадиган, жаннатларга киритадиган, даражотинг юқори бўладиган ва яқинларинг учун ҳам шафоатчи бўлишингга кифоя қиладиган хайрли ва солиҳ амалларни Аллоҳ учун холисона ва кўпроқ қилиб қол. Ҳамда яқинларинг ва бошқа инсонларни ҳам бу ишларга чақир. Чунки Аллоҳ таоло: “ Бас, яхши ишларга шошилингиз”, (Бақара,148) деган. Бошқа бир оятда эса Роббимиз: “ Аср билан қасам. Албатта инсон хусрондадир. Илло, иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)”. (Аср, 1.2.3.) Яъни, қиёмат куни мана шу тўрт тоифа кишилардан ташқари ҳамма бу дунёда ўтказган умри учун, беҳуда сарфланган меҳнати учун афсус, хасрат ва надоматда бўлади.
“Аллоҳ таолони кўп зикр қилишлик, Яширин ҳамда ошкора садақани кўпайтириш ила Аллоҳ билан ўзларингизни ўрталарингизни боғлаб олинглар”. Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кўзланган энг асосий мақсад ҳам у Зотни эслаш ва зикр қилишдир. Ибодатларнинг энг улуғларидан бўлган намоз ҳақида Аллоҳ таоло: “ Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт”, (Тоҳа,14) деган. Анкабут сурасининг 45-оятида: “ Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир”, дея, Жумъа сурасининг 10-оятида эса: “ Аллоҳни кўп зикр қилингларки, шояд нажот топсангизлар”, деб марҳамат қилган.
Садақада эса, жудаям кўп мақталган хислатлар бор. Булардан дунёда: молни харомдан ва баданни гуноҳлардан поклаш, касаллик ва балоларни даф қилиш, мискинларга хурсандчилик улашиш, ризқнинг кенг ва молнинг баракали бўлиши бор. Охиратда эса: Қаттиқ иссиқдан соя, ҳисобнинг енгил бўлиши,тарозида амалларнинг оғир бўлиши, сирот кўприкдан ўтишга рухсатнома ва жаннатдаги даражаларни юқори бўлишлиги бор. Шунинг учун Умар ибн Абдулазиз (р.а.) айтадилар: “ Намоз сени йўлнинг ярмига етказиб қўяди. Рўза оламлар подшоҳи хузурига етказади. Садақа эса У Зотнинг хузурига олиб киради”.
Аллоҳ таоло айтади: “ Садақани ошкора қилсангиз , қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз , бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”. (Бақара,271)
Муфассирларимиз ошкора садақадан мурод, Аллоҳ беришликни фарз қилган закот, фитр каби молиявий ибодатлардир, яшириндан мурод эса, банда ўз ихтиёри билан берадиган нафл садақалардир, деганлар.
Демак, Росулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисдаги ушбу гапларини, Аллоҳ сизларга фарз қилган садақаларни ва қўшимча нафл садақаларни мунтазам бериш билан Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, У Зотнинг суюкли бандалари сафига қўшилиб қолинглар, дея тушуниш керак.
Агар шундай қилсангиз, бу дунёда хотиржам хаёт ва баракали умр билан, покиза ризқ ва солиҳ-солиҳа зурриётлар билан ризқланасиз.
Нафс ва шайтон номли икки душманга қарши, фақирлик ва бахиллик каби хислатларга қарши курашда, Аллоҳ таолони розилигини топиш учун қилаётган харакатларингизда ёрдам бериласизлар.
Ва охиратда Аллоҳ таолонинг тақводор бандалари учун тайёрлаб қўйган жаннатдаги мукофотлари ҳамда энг олий мукофот бўлган Аллоҳнинг дийдорини кўришлик бахти билан мукофотланасизлар.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Келинг, ўзимизга бир неча саволлар берайлик. Исроф нима? Ибодатга сарф қилинган пул қачон исроф ҳисобланади? Умрага бораётган инсон садақа қилишга мажбур, Туркияга бораётганларга бу шарт эмасми? Тўйда минг долларга мебел олиш зарурат, қайта-қайта ҳажга бориш ортиқча иш бўлиб қолдими? Ўзи нафл ҳаж ва умраларга салафи солиҳларимиз қандай қарашган? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт марта умра қилганларида Мадинадаги барча эҳтиёжларни раво қилиб, кейин кетганларми? Энг муҳим савол: Динга адовати бор кимсалар, мусулмонларнинг иймоний эҳтиёжларини қачон эҳтиёж ўрнида қабул қиласиз?
Ушбу кичик мақоламизда, қайта-қайта умра қиладиган инсонларни бошқа эҳтиёжларга пул ажратмаганликда айблашни шаръий мезонда таҳлил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам ислом динида кўп бора умра қилиш хуш кўрилмайдими? Бу муборак сафарга муккасидан кетиш умрни ва маблағни исроф қилишга кирадими? Аввало, исроф нималигига бироз тўхталсак.
Исроф нима? Исрофга бир қанча таърифлар берилган. Шулардан асосий учтасини келтирамиз:
Исроф – тўхташ талаб этиладиган чегарани бузиб ўтишдир (Тафсиру ғарибил Қуръан, 3/147)
Исроф – шариатда ман қилинган ҳар қандай ишни қилишдир (Таъвилоту аҳли сунна, 3/25)
Имом Журжоний: Арзимаган ишга кўп пул сарфлаш исрофдир, деган (Мавсуъатул ахлақил исламия, 2/109)
Демак, нафл умра қилувчиларни исрофгарликда айблайдиганлар наздида умра арзимаган иш экан. Дарвоқе, бир танишим икки марта Тайланд давлатига бесабаб бориб, бир нечта умранинг пулини ишлатиб келганда биронта одам уни исроф қилганликда айбламади, аксинча, дам олиб келади-да, дейишди. Энди ўйлаб кўринг, соҳил бўйида дам олиш эҳтиёжу, иймоний ҳирсини қондириш эҳтиёж эмасми?
Юқоридаги таърифлардан маълум бўладики, тўхташ талаб этилган чегарадан нариси исроф ҳисобланар экан. Шариатда умранинг чегараси борми? Бирон китобда фалон ададдан кейинги умра макруҳ дейилганми? Истинжода кўпроқ тош ишлатишнинг ҳукмига тўхталиб ўтган шариат умранинг ададига ҳам тўхталиши керак эди. Бироқ нега сукут қилди. Чунки Аллоҳнинг наздида бу ибодатнинг исроф адади йўқ. Аксинча, умрани қайта-қайта қилишга ишора қилувчи ҳадис бор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрага қадар орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деганлар. (Муттафақун алайҳ).
Такрор ҳаж ёки умра қилиш ўрнига муҳтожларга ёрдам бериш борасида салафи солиҳларнинг муносабатлари қандай бўлган?
Абдураззоқда келади: Товусдан сўрашди: Нафл ҳаж афзалми ё садақами? У киши ҳажнинг афзал эканига ишора қилиб: “Сафар, бедорлик, тик оёқда юриш, Байтни тавоф қилиш, Байт олдида намоз ўқиш қаерда-я” деди.
Бу масалага мазҳаббоши мужтаҳидлар хулосаси қуйидагича бўлган:
(Бу қавлларда нафл ҳаж ҳақида гап кетмоқда. Зотан, фарз ҳажнинг садақадан устун экани кундек равшан).
Нафл ҳажнинг садақадан афзал экани барча уламолар бир овоздан айтган қавл эмас, албатта. Баъзи олимлар наздида нафл умра ёки ҳаж ўрнига садақа қилиши мустаҳаб. Бироқ шуни унутмангки, садақа қилмай умра қилаётган инсон узоғи борса, мустаҳаб амални тарк қилаётган бўлади. Ҳолбуки, бир киши мустаҳаб амални тарк қилгани учун биров унга танбеҳ бериш мумкин эмас, илло қўл остидаги кишиларга мумкин (Анваршоҳ Кашмирий, Файзул Борий, 2/406).
Албатта, очарчилик келса, бошқаларга ёрдам бериш ҳатто фарз ҳаждан ҳам афзал бўлиши мумкин. Бироқ бизнинг жамиятимиздаги ҳолат очарчилик замонига тушмайди. Қанчадан қанча оилалар оч-ку, дейишингиз мумкин. Бироқ бу ҳолат доим бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Қолаверса, нега ўша оч оилалар ўзингиз тансиқ таомларни пайдар-пай еганингизда эсингизга келмай, биров ибодатга бормоқчи бўлганда тинчингизни бузади?!
Иброҳим алайҳиссалом аҳли ва фарзандини Маккага ташлаб келиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилади: “Бас, Сен Ўзинг одамларнинг дилларини уларга моил қилиб қўйгил” (Иброҳим сураси, 37-оят).
Айтингчи, баъзи мусулмонларнинг Маккага муҳаббати қаттиқ бўлса, ҳар йили умра қилиб келмаса қалби хотиржам бўлмаса, бу Иброҳим алайҳиссаломнинг айни дуоларига мос ҳолат эмасми? Оят тафсирида Суддий: “Оят мусулмонларнинг қалбларини Маккага талпинадиган қилгин, деган маънода” деган.
Ҳа, бизнинг Маккага муккамиздан кетишимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси ижобатидир. Иброҳим ўша дуода қайта-қайта боришни эмас, балки шунчаки муштоқ бўлиб яшашимизни сўраган, десангиз, унда Иброҳим бизга азобни сўраган эканда. Зотан, висолсиз иштиёқ азобдан бошқа нарса эмас.
Исломнинг устуни бўлган зотлар неча марта умра ва ҳаж қилишганини бир сира кўриб чиқиб, мақоламизни якунлаймиз.
Бу рўйхат шунчалик узунки, йиғсангиз китоб бўлади. Ундан кўра, нафл ҳаж ва нафл умра қилмаганларни санаш осонроқ бўлса керак. Энди ўйлаб кўринг, уларнинг замонида жамиятда пулга муҳтожлар йўқмиди? Фақирлар тугаганмиди? Йўқ, албатта. Лекин бирон олим уларни бировга пул бермаслигда айблаган эмас.
Биродарлар! Бу таҳлилимиздан мақсад бировни қайта-қайта умрага боришга тарғиб қилиш эмас. Балки умрага бораётганларни танқид қилаётганларни огоҳлантириш. Ҳар ким ўзи топган пулига ўзи хўжайин. Ўзингиз зарур бўлмаган нарсаларга пул сарфлаб туриб, кўзингизга бировнинг умра пули кўринмасин. Буни инсон ўзи илғамаса-да, тагида ҳасад ва адоват ётади. Қалбингизни кенг қилинг. Қалби Макка ёки Мадинага боғланиб қолганлардан кир изламанг, аксинча, “Муҳаббати кучли-да”, деб қўйинг бас. “Одамлар бошқа ниятда умра қилишга ўтиб кетишяпти” деган важҳ ҳам ўтмайди. Бу муаммо одамларни умрадан совутиш билан ҳал бўлмайди, балки уларга ихлосни ўргатиш керак. Зотан, ёмон ниятда намоз ўқийдиган одамни намозни тарк этишга чақирилмаганидек, бошқа ибодатлардан ҳам турли баҳоналар билан одамларни қайтариш жоиз эмас.
Абдулбосит Абдулвоҳид