Нашрнинг ижодий жамоаси Ўзбекистонга сафари давомида Самарқандда бўлиб, тарихий қадамжолар, хусусан янги бунёд этилаётган Имом ал-Бухорий мажмуаси ва масжиди ҳақида ўқувчилар учун туркум материлларни эълон қилмоқда, - дейилади нашрда. –Имом Бухорий дафн этилган мақбара ёнидаги масжид қурилишини якунлаш учун ўзбек қурувчилари кечаю кундуз меҳнат қилаяптилар. Таъкидлаш керакки, Имом Бухорий ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган олимлардан бири ҳисобланади. Ушбу буюк зот номига қурилаётган масжид эллик минг кишини сиғдира олади ва мажмуа келгуси йилда фойдаланишга топширилади».
Мақолада Имом Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Бухорий ҳазратлари ҳижрий 194 йил шаввол ойининг 13-кунида Бухоро шаҳрида туғилган. «Ал-Бухорий ёшлигидан Қуръони каримни ёд олади ва кўплаб ҳадисларни ўрганади. Ўн олти ёшида онаси ва укаси билан ҳажга боради. Улар билан қайтишдан бош тортиб, ҳадис илмини ўрганиш учун Маккада қолади. Кейинчалик Маккадан Мадинага кўчиб ўтади», қайд этади онлайн нашр.
Нашрда олим узоқ йиллик сафардан кейин она ватанига қайтишга жазм этгани ва Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғидан қўним топгани таъкидланган. Ҳижрий 256 йил Шаввол ойининг биринчи кунида ҳадис илмининг буюк намоёндаси оламдан ўтди. Ал- Бухорий ушбу қишлоқда дафн этилган, - дейилади манбада.
Мақола хулосасида, «Имом Бухорий бир қанча машҳур асарлар ёзган ва ушбу китоблар ҳозирги кунга қадар қайта-қайта нашр қилиб келинмоқда. Унинг энг машҳур асари «Саҳиҳи ал-Бухорий» ҳадис илмини ўрганиш бўйича муҳим манба ҳисобланади. Унда олти юз мингга яқин саҳиҳ ҳадислар келтирилган», - деб ёзади «Swift News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди