Динимизда инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини кўтариш улкан савобли амаллардан саналади.
Ҳадиси шарифлардан бирида “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмон кишининг қалбига шодлик киритишдир” дейилган.
Шу ўринда қуйидаги ривоятни эслаш ўринли. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб: “Эй Оиша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра”, – дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва: – “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам”, – дедилар.
Шундай қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра”, – дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– “Роббим менга меърож кечасида: “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади, деди”, – дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган вақтларида У зотнинг кўзларидан ёш қалқиди. Бунга гувоҳ бўлиб турган Оиша розияллоҳу анҳо: – “Нега йиғлайсиз отажон, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми?”, дедилар. Абу Бакр: – “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса – дўзахийдир дегани бўлади» – деб жавоб қилдилар.
Мазкур ривоятдан бир инсонни кўнглини кўтариш, унинг қалбига хурсандчилик киритиш нақадар савобли, шу билан бирга эътиборли иш экани намоён бўлмоқда.
Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам динимизнинг юқоридаги кўрсатмаларига содиқ қолиб, жойларда инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг қалбига хурсандчилик олиб киришга ҳаракат қилмоқдалар.
Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси етказиб берилди.
Куз фасли ҳам ўтиб бориб, кунлар совий бошлади. Ҳа, қиш эшик қоқмоқда. Совуқ об-ҳавода катталарку бир иложини қилар, аммо болалар шамоллаб қолиши, қийналиши мумкин. Шунинг учун уларни қишки иссиқ кийимлар билан таъминлаш масаласи муҳимдир.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бу муаммони бироз енгиллатиш борасида бир қатор амалий ишлар қилиб келинмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти Ғазалкент туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди.
Болалар кўзидаги қувонч, ўксик диллардаги сурур, қалб тўридан отилиб чиққан дуолар, Аллоҳ насиб этса, ижобат бўлажак ва Фонднинг бу каби мурувват, олийжанобликка йўғрилган ишлари янада кенг қулоч ёяжак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz