Азизлар, Ислом динимиз поклик дини ҳисобланади. Инсоннинг танаси ҳам, қалби ҳам пок бўлиши лозим. Ибодат олдидан ҳам, таом ейиш олдидан ҳам, меҳмонга бориш олдидан ҳам, хуллас, барча ўринларда покликга тарғиб этилган.
Пок инсоннинг танасидан ёқимсиз ҳид келмайди. Атрофдагилар ҳам уни яхши кўради. Ўша одамнинг ўзи ҳам хушнуд кайфиятда юради. Агар инсон покликка эътибор бермаса, танаси терлаши ва ювилмагани оқибатида зарарли микроблар кўпайиб, ундан ёмон ҳид келиши ва микроблар турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Инсоннинг деярли барча аъзоларида турли кўринишда ва катталикда микроблар бўлиб, улар тери, қулоқ, бурун, оғиз, кўз ва бошқа аъзоларда ўрнашиб олади. Агар инсон ўша аъзоларини мунтазам ювиб турса, мазкур микробларнинг кўпидан тезда халос бўлади.
Ушбу суратда инсон терисида доимий яшайдиган бактериялар кўриниб турибди. Улар миллионлаб марта катталаштириб кўрсатадиган электрон микроскопда тасвирга олинган. Булар бактерияларнинг бир тури. Бундан ташқари яна бошқа турдаги бактериялар ҳам бор.
Инсон терисида 500-1000 турдаги бактериялар яшайди. Ажабланарлиси шуки, ҳар бир инсонда ўша инсоннинг ўзига хос бўлган бактериялар ҳам бор экан. Бактериолог ва микробиолог олимларнинг таъкидлашларича, инсоннинг ўзига хос бўлган микроблари унинг руҳий ва физиологик ҳолатига қараб ривожланар ва шаклини ўзгартирар экан.
Агар сиз бир кунда бир неча бор қўлингизни ювсангиз, қўлингиздаги миллионлаб зарарли микроблардан халос бўласиз. Қуйидаги расмда ювилмаган қўлдаги микробларнинг микроскоп орқали олинган суратини кўриб турибсиз.
Шунингдек, бир кунда бир неча марта юзингизни ювсангиз, ундаги миллионлаб хатарли бактериялардан қутуласиз. Бу каби тез-тез ювиш мазкур микроблар сонининг ортишини кескин пасайтиради. Қуйидаги расмда юз ва бошқа аъзолар терисида бўладиган бактерияларнинг микроскопдаги тасвирини кўриб турибсиз.
Соҳа мутахассислари “Албатта, ҳар куни оғиз ва бурунни бир неча марта ювиб туриш кўп сонли микробларнинг йўқолишига ҳамда тери ва нафас олиш органларининг касалланишидан сақланишига ёрдам беради” дейишган. Сиз мана бу расмда оғиз бўшлиғи, хусусан, тилдаги микробларнинг микроскоп орқали кўринишини кўриб турибсиз.
Ҳа, азизлар, бу айтилган гапларга шуни қўшимча қиламизки, таҳорат ва ғусл турли тери-таносил ва оғиз бўшлиғи касалликларининг олдини олишда энг самарали воситадир. Биз мўмин-мусулмонлар ҳар куни бир неча бор таҳорат оламиз. Таҳорат асносида қўлларимизни, юзларимизни, билакларимизни, оёқларимизни, оёқ-қўл бўғимларимизни ҳамда бармоқларимиз орасини ювамиз. Шу сабабли бу каби ноқулайликлар бизни безовта қилмайди.
Динимиз бизни нега покликка буюрганининг ҳикматларидан бирини билиб олдик. Покликнинг ҳали биз билмаган сир-асрорлари, ҳикматлари жуда ҳам кўп. Шунинг учун биз Динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, Аллоҳнинг раҳмати билан бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эришамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ
“Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).
Ислом неъматини бергани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан