Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Солиҳ амал кушандаси

27.10.2018   3410   2 min.
Солиҳ амал кушандаси

Ғийбат – мисқоллаб йиққан савобларимизни лаҳзада йўққа чиқарадиган офатдир. Солиҳ амалларсиз қолган қалбни эса фасод эгаллайди. Фасод эгаллаган қалбнинг кўзи кўр, оқ билан қорани ажрата олмайдиган бўлиб қолади, ғанимни дўст билади, дўстлар орасига нифоқ уруғини солади. Айтинг, бугун ғийбат ораламаган жамоат борми?! Агар бўлса, билингки, ана ўшалар ҳақиқий нажот эгалари, ана ўшалар азизлик тимсолидир.

Уларнинг сўзлари ўткир, қадамлари собит, ўзлари ғайратли, ниятлари яхши. Негаки, ғийбатдан узоқ қалб солиҳ амалнинг битта ёвуз кушандасидан озод қалбдир.

Яхши амали кўп инсон эса гарчи соқов бўлса ҳам ҳақиқий бийрондир. Жисми заиф бўлса ҳам, қалби салимдир. Гарчи чўлоқ бўлса ҳам қадамлари собитроқ, гарчи кўр бўлса ҳам, кўзлари равшанроқдир.

Азиз инсонлар, айтинг, қайси дўстлар давраси бундай соғлом, бақувват жамоани соғинмайди, орзу қилмайди?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима биласизларми?” – дея сўрадилар. “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингни уни хафа қиладиган сўз билан ёдга олишинг”, –дедилар. “Агар унда мен айтган сифатлар бўлсачи?” – дейилди. “Агар унда сен айтган нарсалар бўлса, демак, сен биродарингни ғийбат, агар бўлмаса, унга туҳмат қилган бўласан”, – дедилар (Имом Муслим).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зинхор бир-бирингизни ғийбат қилмангиз. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида “Унинг этаги узун”, деб гапирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тупур, тупуриб ташла!» – дедилар. Тупурган эдим, оғзимдан бир парча гўшт тушди” (“Ат-Тарғиб ват-тарҳиб”).

Ҳасан Басрий айтади: “Ўзганинг айбини айтиш уч хил бўлади: ғийбат, бўҳтон ва ифк (ёлғон). Бу ҳақида улуғ ва қудратли зотнинг каломида айтилган. Ғийбат – ғийбат қилинаётган одамда бор нарсани, бўҳтон – унда йўқ нарсани, ифк – ҳар хил эшитган нарсани айтмоғингдир”.

Демак, ғийбат биродарингизни ўзи йўқ пайтида, агар эшитса, хафа бўладиган сўз билан тилга олишингиз, хотирлашингиздир. Масалан, “Пакана, чўлоқ” дея жисмоний камчиликларини ёки “Отаси фалон, онаси пистон” каби.

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

"Китоблар фарзанди" бўлган олим

31.01.2025   197   6 min.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Жалолиддин Суютий 849–911/1445–1505 йилларда мамлуклар давлатининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолари юзага чиқа бошлаган даврда яшаган.  Мамлуклар давлатининг ҳукмронлиги уч аср давом этган ва Усмонийлар томонидан Мисрнинг забт этилиши билан якунланган. Мамлуклар Миср, Сурия, Ҳижоз ва Жанубий Анадолуда сиёсий таъсирга эга бўлиб, кучли марказлашган бошқарув ва ташкилотлари билан салибчиларга ва мўғулларга қарши кураш олиб борган ва уларни тўхтатишга муваффақ бўлган. Бу давлат тарихнинг муҳим бурилиш даврларидан бирида яшаган.

Аъйни Жолут жангидан кейин Бағдоднинг барча бойликлари талон-тарож қилинган ва буюк Ислом цивилизацияси мўғуллар томонидан вайрон қилинган. 1258 йилда Бағдодга кирган мўғуллар қирқ кун давомида талончилик ва қирғин уюштирган. Асрлар давомида катта меҳнат билан яратилган кутубхоналар ва илмий хазиналар қисқа муддат ичида йўқ қилинган. Мўғул истилосидан кейин Бағдод ўзининг сиёсий, маданий ва илмий марказ мақомини йўқотган. Бағдоддаги халифаликнинг йўқ қилиниши бутун ислом оламига руҳий зарба бўлган.

Бу воқеадан сўнг Бағдодда яшаган кўплаб мусулмон олимлар мўғул истилосидан зарар кўрмаган мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирага қочган. Ташқаридан келган олимлар Қоҳирада катта илмий фаолликни юзага келтирган.

Жалолиддин Суютий мамлуклар давлатининг сиёсий таназзули бошланган даврда яшаган. У ҳаётининг катта қисмини 873–901/1468–1496 йилларда ҳокимиятда бўлган султон Қойитбай даврида (23-50 ёш оралиғида) ўтказган.

Манбаларга кўра, Султон Қойитбай ҳар ойнинг бошида давлат амалдорларини саройга таклиф қилиб, улар билан учрашган ва маошларини топширган. Имом Суютий ҳам бир неча бор бу учрашувларга борган, бироқ кейинчалик бу амалиёт суннатга ва салаф олимларининг одатларига мос эмаслигини билдирган ҳолда таклифларни рад этган. Қирқ ёшида султон ҳузурига чиққанида таъзим қилмаган ва бу воқеа Суютий билан султоннинг муносабатларини ёмонлаштирган. Суютий ушбу воқеа бўйича “Ма роваҳул асатийн фи адамил мажиъ илас салатийн” номли рисола ёзган. Султон Суютий бу китобга раддия тарзида уламолардан фатво сўраган, бироқ улар унга қарши қарор чиқаришдан бош тортган. Натижада султон уни барча давлат лавозимларидан четлатган. Шундан кейин Суютий маълум бир муддат ўз уйида узлатда яшаган.

Суютийнинг ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтаси султон Қойитбай билан юз берган ушбу воқеа бўлган. Можаро унинг илмий фаолиятига катта таъсир кўрсатган. Чунки мана шу воқеалар натижасида у зот тўлиқ илм билан шуғулланишга ва сўфиёна узлатга эътибор қаратган.

Суютий “Ҳуснул муҳазара” ва “Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ” асарларида ўзининг ҳаётини тасвирлаган. Қуйида ушбу икки асардан ҳамда бошқа муаллифларнинг имом Суютий ҳақида ёзган биографияларидан ҳам фойдаланилиб, у зотнинг ҳаёти қисқача баён этилади.

У зотнинг тўлиқ исми: Абулфазл Абдураҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Носириддин Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахриддин Усмон ибн Носириддин Муҳаммад ибн Сайфиддин Хизр ибн Нажмиддин Абу Салоҳ Айюб ибн Носириддин Муҳаммад ибн Шайх Ҳумомиддин ал-Ҳумам ал-Ҳузайрий ал-Асютийдир.

У зот Жалолиддин лақаби билан машҳур бўлиб, барча манбаларда у “Жалолиддин ас-Суютий” ёки “Абдурраҳмон ас-Суютий” номлари билан тилга олинган.

“Абулфазл” куняси у зотга оиласининг яқин дўстларидан бири ҳамда у зотнинг устози Иззуддин Аҳмад ибн Иброҳим Киноний тарафидан берилгани зикр қилинган.

“Ал-Ҳузайрий” нисбасининг нима учун бу зотга берилгани масаласига келсак, у зотнинг ўзи бу ҳақида бундай дейди: “Бизнинг Ҳузайрий нисбамиз, Бағдодда жойлашган Ҳузайрийя маҳалласида яшаганимиздан келиб чиққан. Ишончли бир одамдан отамнинг бобоси араб эмаслиги ва шарқдан келган бўлиши мумкинлигини эшитдим. Бу эса шуни кўрсатадики, бу нисба жой нисбасидир”.

Суютийга “Асютий” (ёки Суютий) нисбасининг берилиши эса, у зотнинг отаси Мисрнинг Асют шаҳрида туғилиб, Қоҳирага келишидан олдин шу ерда қозилик лавозимида ишлаганлиги сабабли берилган.

Суютий ҳижрий 849 йил Ражаб ойининг биринчи куни (1445 йил 3-октабр) Мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирада туғилган. Манбаларга кўра, унинг отаси, Шофеий мазҳаби фиқҳ олимларидан бири бўлиб, қозилик билан шуғулланган. Исми Камолиддин бўлган. Онасининг кутубхонада кўзи ёригани боис, Суютийнинг лақабларидан бири – “Ибнул кутуб” (китобларнинг фарзанди) бўлган.

Онасининг келиб чиқиши турк бўлгани ҳақида манбаларда маълумотлар бор. Шунга кўра, имом Суютийни ҳам она-ҳам ота тарафдан келиб чиқиши туркларга бориб тақалади десак, муболаға бўлмайди.

Суютийнинг отаси 855/1451 йилда вафот этганида, у ҳали олти ёшда бўлган. Отасининг васиятига кўра, унинг таълимини отасининг дўстлари, жумладан, Ибн Ҳумом Сивосий (ваф. 861/1457) ўз зиммасига олган.

Суютий ҳаётини ёритувчи манбаларда унинг рафиқаси ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. У ўзининг яқинлари, ака-ука, опа-сингил ҳамда фарзандларининг кўплари ҳақида гапирар экан, уларни вабо, зотилжам ёки туғруқ пайтида “шаҳид” бўлганини хотирлайди. 

Аҳмад Темур Асютда, ўзларини Суютий авлодидан эканини даъво қилувчи ва ал-Жалолий нисбасини олиб юрган одамлар борлигини қайд этади. Бироқ, олимларнинг бу борада билдирган эътирозларини инобатга олган ҳолда, улар Асютдаги Жалолиддин Суютий масжидида хизмат қилган кишиларнинг авлодлари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳаза ҳақиқатга яқин дейиш мумкин. Бу даъво мантиқли, сабаби Суютий авлодларининг кейинчалик отамакон Асютга қайтишгани  мантиққа мувофиқ эмас.


Абдулҳай Хушвақтов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Мақолалар