Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Январ, 2025   |   19 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:39
Аср
15:42
Шом
17:26
Хуфтон
18:44
Bismillah
19 Январ, 2025, 19 Ражаб, 1446

Яхшилик нима?

25.10.2018   9391   9 min.
Яхшилик нима?

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз”. (Моида,2)

Бу оятда Роббимиз барча мусулмонларни ушбу икки иш яъни, яхшилик ва тақво йўлида биргалашиб ҳаракат қилишга буюрмоқда. Хўш, яхшилик нима ўзи? Унинг аниқ бир мезони борми? Ёки ҳар ким ўз ақли ва савиясидан келиб чиқиб белгилайдими бу мезонни? Бу саволларнинг жавоби эса қурони каримдаги бошқа бир оятда келади.

Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани эса ушбу оятида тўлиқ таърифлаб берилган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

“Яхшилик юзингизни Машриқ ёки Мағриб томонга буришингизда эмас”, деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

“Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилшга берса намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилиувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, демоқда.

Бу оят каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда.

1.Иймон.

Ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса

       Аллоҳга, унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиячи эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш; Охират кунига, яъни, қиёмат кунига иймон келтириш; китоблар, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш; Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қолдирмасдан  ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаши билан яхшилиги ҳам тугайди.

  1. Молу дунёсидан нафақа қилиш.

Яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса”.

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларига, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли  маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, йўқчиликдан бошқалардан моддий  ёрдам сўрашга мажбур бўлганларга;  қул озод қилишга, яъни, хожаси билан маълум  миқдор маблағ эвазига озодликки чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш;

Ўзи яхши кўрган молини бировларга беришни одат қилган одам, заифлик, хирсу бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина муҳтожлар тоифасидаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

  1. Намоз ўқиш.

“Намозни қоим қилса”

Фарз намозларни  ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларни жойига қўйиб, хушуъ ва хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи билан яъни, буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

  1. Закот бериш.

“Закот берса”.

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий  ибодат сифатида берадилар. Бу  иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

  1. Аҳдига вафо қилиш.

“Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар”.

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймонининг кўзига кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлади.

  1. Сабр қилиш.

“Камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам  сабр қилувчилар”.

Фақирлик, бечоралик пайтида, беморлик вақтида, уриш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.

Сабр  мусулмон кишининг алоҳида ва зарурий сифати ҳисобланади.  Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Оятнинг охирида мазкур  олиймақом сифатларга эга бўлганларни:

“Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” деб таърифламоқда.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу  Пайғамбаримиздан иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида яна шу оятни тиловат қлганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига “яхшилик” деб ном қўйди.

Шунинг учун ҳам ушбу ном остига кириб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло “Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир”, деб таърифламоқда.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:

“Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир”, деганлар.

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:

“Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча сохаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади”, деганлар.

Демак, яхшилик баъзи бир ишларга ўзича ҳар ҳил сифатлар бериб, адо этиш билан эмас, балки тақво асосида, яъни, Аллоҳнинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтиш билан хосил бўлар экан.

Одам қайси иш яхши ва савобли эканини билмоқчи бўлса фарз, вожиб, суннат амалларига қарасин , агар унга ўхшашини топса яхши бўлади. Акс ҳолда эса гарчи кишига яхшиликдек кўринган амаллар ҳам инсон учун бефойда, балки, гуноҳкор бўлиб қолишига етарли асос бўлиб қолади.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

"Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридаги жазо берилур. Эркакми, аёлми - кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур". ("Ғофир"сураси 40-оят). 

Ан-Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдур. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир.", дедилар ".

(Муслим ва Термизий ривояти) 

Шарҳ: Сиз билан бизга яхшилик ва ёмонлик маъноларини чуқурроқ англаб етишимизда Восила ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ёрдам беради:

"Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига у зотдан яхшилик нималигини сўраб бордим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳақида сўрагани келдингми ? " дедилар. "Ҳа", дедим. "Яхшилик кўнглинг тўлган ва қалбинг рози бўлган нарсадир. Ёмонлик кўнглингда тўқилган, кўксингда тараддудланган нарсадир. Агар одамлар сенга фатво берсалар ҳам " дедилар.

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:

"Яхшилик - фарз ва вожибларни қилиш. Харомдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилган.

Ёмонлик - уни қилишинг хаёлга келганда кўнгли тўлмайдиган ва ўша ишни қилишини одамлар кўриб қолишини истамайдиган нарсадир.

Дарҳақиқат, разм солиб мулохаза қиладиган бўлсак, ёмонларнинг ўзи ҳам ўзлари ёмонликни қилаётганда кўнгиллари тўлмайди ва одамлардан беркитади.

Бу ҳадиси шарифда "Яхшилик ҳусни хулқдир" дейилмоқда. Албатта, бу гап ҳусни хулқнинг нақадар катта нарса эканини кўрсатади.

Шу билан бирга, бу ҳадис шарифдан яхшилик ва ёмонликнинг турлари кўплигини билиб ҳам оламиз. Ёмонликнинг турлари қанча кўп бўлмасин биз яхшиликка интилишимиз ва харакат қилишимиз керак. Зеро Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам:

"Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилади", деганлар.

(Имом Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган).

Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон учун яхшилик қилишлик лозим бўлади.    

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақиқий яхшилик қилувчилардан айласин.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

14.01.2025   3247   4 min.
Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуч келган мусибатни кўриб, Расулуллоҳнинг ҳаётларидаги энг оғир мусибат шу бўлса керак, деб ўйлаган эканлар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эҳ Оиша, бу қавм менга кўп озорлар етказди”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирлар туфайли кўп қийинчиликларга, маҳзунликларга дуч келдилар. Бу шу қадар оғир мусибат бўлган эканки, ҳатто мушриклар сабаб чеккан изтиробларининг бирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юпатиш учун Жаброил алайҳиссаломнинг ўзи келган экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг қилган ишлари туфайли қип-қизил қонга беланиб, маҳзун бўлиб ўтирганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, «Ё Аллоҳнинг Расули, сизга Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидан кўрсатайми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳа», дедилар. Жаброил алайҳиссалом ортларидаги дарахтга ишора қилиб, «Дарахтни ёнингизга чақиринг», деди. Расулуллоҳ дарахтни чақирган эдилар, у бирдан ҳаракатга келиб, у зотнинг қаршиларига келиб тўхтади. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга «Жойингга қайт денг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган эдилар, дарахт жойига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бўлди, кифоя!» дедилар».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бўлди, маҳзунлигим ариди, Роббимга ишончим бардавом, қалбим хотиржам бўлди, демоқчи бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ҳаётларидаги энг оғир, энг қайғули ҳодиса Ақаба куни бўлганини айтдилар.

Бу – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тоифга борган кунларидир. Бу воқеа ҳам маҳзунлик йили бўлган эди. Бундан олдин Макка мушриклари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни, саҳобаларни Абу Толибнинг маҳалласида уч йил қамал қилиб, уларга борадиган озиқ-овқатни, сувни тўсиб, атайлаб очарчилик билан исканжага олишди. Мусулмонлар уч йиллик қамалдан ҳолдан тойиб, эндигина чиққанларида Расулуллоҳнинг ҳимоячилари бўлмиш амакилари Абу Толиб, бироз ўтиб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дардларига дармон бўлиб яшаган сирдошлари, жуфти ҳалоллари Хадича розияллоҳу анҳо вафот этиб қолдилар.

Макка мушриклари фурсатдан фойдаланиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг саҳобаларига азиятни кучайтириб юборишди. Мусулмонларга яна қанчадан-қанча мусибатлар етди, уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўша йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда кўплаб қайғулар етгани учун бу йил «маҳзунлик йили» деб аталди.

Ана шундай оғир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни Маккадан бошқа жойда ҳам етказиб кўришни ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳар жиҳатдан Маккадан кейинги ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У зот Тоифга боришга қарор қилдилар.

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлолари (озод қилган қуллари), тутинган фарзандлари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан бирга Тоиф томон йўлга тушар эканлар, «шояд Тоифдан бирор ёруғлик чиқса, маҳзунлик ариса, даъват ишлари юришиб кетса», деган умидда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифга етиб бориб, у ерлик энг катта қабила – Сақиф қабиласининг аъёнлари билан учрашдилар, уларни Исломга даъват қилдилар. Аммо уларнинг жавоби энг ёмон жавоб бўлди. Улар у зот алайҳиссаломни масхара қилишди, ўзларининг эсипастлари, қуллари ва бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўкишга, ортларидан бақириб, масхара қилишга, ҳатто тош отишга гижгижлашди. Тоифликлар йўлнинг икки четига туриб олиб, у зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидаги шиппак қонга, қалблари дарду аламга тўлди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари изтиробга тўлган ҳолда Тоифдан чиқиб кетдилар. Шу қадар маҳзун эдиларки, қаёққа кетаётганларини ҳам билмай, юриб боравердилар. Ўзларига келиб қарасалар, Қорнус-Саъолибга[1] келиб қолибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунча масофани пиёда босиб ўтган эдилар. Қаттиқ маҳзун бўлганларидан Қорнус-Саъолибга келгунларича атрофдаги бирор нарсани сезмабдилар ҳам.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.


[1] Қорнус Саъолиб – Тоифдан 40 км узоқликда жойлашган, сел сувлари тўпланадиган жой. Бу ерни Қарнул Манозил ҳам дейишган. Наждликлар ҳаж учун шу жойдан эҳром боғлашади.