Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан “Энг маърифатли имом” танловини юқори савияда ўтказиш белгиланиб, мазкур танловни юқори савияда ташкил этиш бўйича катта тайёргарлик ишлари кўрилди. Танловда ўз ҳудудида маънавий-маърифий ишларда фаоллик кўрсатган, юқори касбий маҳоратга эга, халқ орасида юксак обруга эга бўлган, ташаббускор, инновацион ғоялар яратувчиси, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган энг иқтидорли имом-хатибларни аниқлашдан иборат.
Уч босқичда ўтказилиши белгиланган танловнинг биринчи шаҳар ва туманлараро босқичи жорий йил 5,6 октябрь кунлари Нукус шаҳри, Элликқала ва Амударё туманларида ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Муҳаммадайюб Ҳомидов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қорақалпоғистонлик уламолар ва диний соҳа ходимларига йўллаган саломини етказди. Сўнг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов сўзга чиқиб, бундай диний-маърифий танловларни ўтказишда ташаббускорлик кўрсатган Диний идора Раҳбариятига миннатдорчилик билдирди ва иштирокчиларга омадлар тилади.
Танловда турли номинацияларда имомлардан ташқари масжидларда фидокорона хизмат қилиб келаётган ходимлар ҳам Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тарафидан «Фахрий ёрлиқ» ва эсдалик совғалар билан муносиб тақдирланди.
“Энг маърифатли имом” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари:
I ўрин: Матсапаев Абдурахман (Амударё тумани “Юсуф эшон бобо” жоме масжиди имом-хатиби);
II ўрин: Абуджанов Тоиржон (Турткул тумани “Турткул” жоме масжиди имом-хатиби);
III ўрин: Жумамуратов Яқуб (Тахиятош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жоме масжиди имом-хатиби).
“Энг намунали имом-ноиби”
- Жолаушиев Айбек (Нукус шаҳри Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди имом-ноиби),
“Энг кўп обуна уюштирган имом”
- Идрисов Азат (Қораузяк тумани “Идрис эшон” жоме масжиди имом-хатиби),
“Энг тарғиботчи имом”
- Сейтжанов Бекмурза (Чимбой тумани “Хан” жоме масжиди имом-хатиби),
“Энг хушовоз муаззин”
- Алламбергенов Илҳом (Нукус шаҳри “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди муаззини),
“Энг ишбилармон мутавалли”
- Абдижамилов Бахрам (Нукус шаҳри “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди мутаваллиси)
“Энг миришкор боғбон”
- Нажимов Рахманберди (Кегайли тумани “Эшон қалъа” жоме масжиди боғбони),
“Энг намунали масжид”
- Тахиятош тумани “Сариқ эшон” жоме масжиди (масжид имом-хатиби Умирзақов Рафатдин)
“Энг намунали таҳоратхона”
- Турткул тумани “Ёнбошқалъа” жоме масжиди таҳоратхонаси (масжид имом-хатиби Қличев Досназар)
Исламатдин Алланов
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.
Аллоҳ таоло ҳар бир амални ихлосу муҳаббат билан ўЗининг қоидасига мувофиқ бажарган бандаларига улкан мукофотларни ато қилади. Ҳаж амалларини гўзал ҳолатда адо қилган кишилар учун дунёда гуноҳлари кечирилиши, охиратда эса жаннат мукофот қилиб берилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умрадан умрагача бўлган (сағира) гуноҳлар кечирилади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган маъноларини англатади. Уламолар ҳадисни шарҳлар эканлар, ҳажнинг мабрур бўлиши учун қуйидаги сифатлар топилиши лозим деганлар. Ихлос: зуҳди зиёда бўлиши; охиратга рағбат қилиш; барча ҳукмларини тўлиқ бажариш; сафарда фисқ ва маъсиятлардан, фаҳш сўзлардан тийилиш; риё, сумъа ва ужбдан сақланиш.
Аллоҳ таоло ҳожиларга берган энг катта имкониятлардан яна бири гуноҳларни мағфират қилишидир. Нафақат ҳожининг, балки ҳожи гуноҳларини мағфират қилишни сўраган инсонларнинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиради. Шунинг учун зиёратга кирган кишилар ҳожидан ҳақларига дуо қилишни сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, худди онаси туққан кундагидек ортга қайтади”, деяётганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояи).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар».
Бу ерда кичик гуноҳлар назарда туттилган. Чунки катта гуноҳларнинг кечирилиши учун тавба шарт. Сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам қувватлайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз (ўртасида), жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача бўлган гуноҳлар, агар кабирасидан четланилса, кечирилади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло юртимиз ҳожиларининг қилган ибодатлари, дуо ва зикрларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул этсин! Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.