Қозоғистон Республикаси ҳукумати Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳридаги Султон Бойбарс масжиди реконструкцияси учун 4,5 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда “Интерфакс-религия” агентлиги хабар бермоқди.
Ҳозирги Қозоғистон ҳудудида туғилган Бойбарс 1260-1277 йилларда Миср ва Суриянинг султони бўлган. Унинг даврида Қоҳира мусулмон дунёсининг маркази ва аббосийлар халифалигининг пойтахтига айланди.
Azon интернет нашрининг ёзишича, Қоҳирадаги Султон Бойбарс масжиди шаҳарнинг иккинчи энг йирик масжиди ҳисобланади.
Масжидни реконструкция қилиш жами 12 миллион долларга тушади ва ишларни 18 ойда тугатиш режалаштирилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бир киши Ар-Риёддан Жиддага чипта олди. Кутиш залида озгина дам оламан, деб ухлаб қолди. Самолётга чиқиш эълонини эшитмади. Уйғонганида эса йўловчилар аллақачон чиқиб бўлган, самолёт эшиклари ёпилган, учишга ҳозирлик бошланган эди.
У одам ўзидан хафа бўлиб, жуда муҳим йўлдан қолгани учун ўзини койиб туриб қолди. Бир неча дақиқадан кейин учишга шай бўлган самолётда ёнғин чиқди. Ёнғин самолётни қуршаб олди. Экипаж аэропортга қайтишга уринди. Лекин йўловчиларни қутқариш учун тез ёрдам улгурмади. Афсуски, деярли уч юз нафар йўловчининг бари ҳалок бўлган эди.
Бу мунгли воқеадан қилинадиган хулоса шуки, баъзан шунақа кечикиш ва маҳрум бўлишлар бизни маҳзун қилади. Бир нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қиласиз-у, у нарса сиз хоҳлагандай бўлмайди! Ёки кутилмаганда сизга ёқмайдиган ҳодисалар содир бўлиб қолади. Ўшандай пайтларда унутманг – Аллоҳ бизга нима яхши эканини яхши билади. Буни Қуръони каримда биз бандаларига айтиб қўйган:
“…Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).
Акбаршоҳ Расулов