Оқшом. Дастурхон атрофида оиланинг ҳамма аъзолари жамулжам. Ҳамма иштаҳа билан дастурхон устидаги таомни тановул қилади. Уйнинг тўрида телевизор. Унда чет элнинг бизнинг қадриятларимизга тўғри келмайдиган аллақандай сериали намойиш қилиняпти. Сериалнинг баъзи саҳналарини кўриб баъзиларнинг юзи қизаради.
Баъзиларга эса бунинг аҳамияти йўқ. Қизиғи сериал тугаши билан бошқаси бошланади. Айниқса хонадон ҳонимлари сериалларсиз ҳаётларидан маъно қочадигандай орзиқиб кутишади. Ўзларининг ташвишлари оздай сериал қаҳрамонлари ҳаёти билан яшашади, бирга кулиб, бирга йиғлашади. Эсиз ҳавога совурилган вақт…
Ана шу пайт баъзан аёлларнинг “Фарзандим биринчи синфга чиқди. Дарс тайёрлатишга вақт етишмаяпти. Укаси ҳали кичкина, қўлимни оляпти”, деб нолиб қолишлари эсга тушади. Лекин сериалга вақт топилади. Фарзандчи, у нима қилсин? Она учун энг муҳими фарзанд ва унинг тарбияси эмасми?!
Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Барчангиз масъулдирсиз ва раиятингиздан сўралурсиз. Имом масъулдир. У ўз раиятидан сўралур. Эркак киши ўз аҳлида масъулдир. Аёл киши ўз эрининг уйида масъулдир. Ходим ўз ҳожаси молида масъулдир”, дедилар.
Ушбу ҳадиснинг шарҳида аёлнинг эри уйидаги энг катта маъсулиятларидан бири фарзанд дунёга келтириб чиройли тарбия бериши эканлиги таъкидланади. Аёл киши бу маъсулиятни шараф деб билиши ва сидқидилдан адо этиши муҳим ҳисобланади. Ота ҳам фарзандларига солиҳа она танлаши отанинг фарзанд олдидаги бурчларидан биридир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, дедилар.
Одоби, хулқи гўзал фарзанд ҳамманинг кўз қувончи бўлган. Арабларда “Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор” деган мақол бор. Дарҳақиқат машҳур инсонлардан оналари ҳақида сўралса улар шу даражага етишларига оналарини сабабчи деб кўрсатадилар. Агар Анас ибн Моликнинг оналари Умму Сулайм ўғилларини Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига бермаганларида у зот илм денгизига айланмас эдилар. Ҳазрати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг оналари ҳазрат гўдаклик чоғларида фақат таҳорат билан кўкрак тутган эканлар.
Балки шу боисдан шундай улуғ шайх даражасига эришгандирлар. Ёзувчи, шоирларнинг болаликлари ҳақида сўралса ёшликларида оналари кўп эртаклар айтиб берганлари ҳақида гапирадилар.
Аёл зоти нозик ҳилқат қилиб яратилган бўлсада унинг сабри, иродасининг мустаҳкамлиги ҳатто баъзи эркакларни ҳам ортда қолдириши мумкин. Тарихга назар ташласак олима, фақиҳа, шоира ёзувчи аёлларнинг матонат билан эришган илмий даражаларига гувоҳ бўламиз.
Уларнинг ҳаётларини ўрганиб ижодлари билан танишсак қанчадан қанча сабоқ оламиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) аёлларининг ҳар бири бир мактаб. Хадича онамиз оқилаликда, сабрда, фидоийликда бутун дунё аёлларига намуна бўладилар. Ойиша онамиз баъзи саҳобалар топа олмаган диний масалаларнинг жавобини топганлар. Ҳақиқий илм денгизи бўлганлар.
Абу Мусо (р.а) дан: Набий (с.а.в):“Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир дедилар. Бу Оиша онамизнинг фазллари юксаклигидан далолат беради. Оқила, солиҳаликда ўрнак бўладиган минглаб аёлларни мисол келтириш мумкин. Узоққа эмас ўзимизнинг ўтмишга қарасак Вақтимизни маъно, мазмунсиз сериаллар кўриб зое қилмайлик. Имом Бухорийдек, Навоий дек, Имом Мотуридийдек буюк зотларни тарбиялаган оналарнинг авлодларимиз. Ҳар бир она фарзанди яхши инсон бўлишини хоҳлайди. Шунга яраша ҳаракат қилайлик. Маъносиз сериаллар кўриб ўзимизни ерга урмайлик.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим
юртининг 2-курс талабаси
Тожибоева Гулнора
ЎМИ матбуот хизмати
Қай биримиз бу ҳаётда бир маротаба бўлса ҳам синов, имтиҳонга дуч келмаймиз?!
Қай биримиз касаллик, қийинчилик каби ҳолатларни бошимиздан ўтказмаймиз?!
Энди айтинг-чи, қаттиқ бетоб бўлиб қолсангиз нима қиласиз?!
“Роббим нима учун мени бу касалга йўлиқтирди? Қайси гуноҳим учун бу кунлар бошимга келди?” – дея нолийсизми?!
Йўқ! Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг!..»[1].
Ҳаёт – имтиҳонлар, синов ва машаққатлар диёридир!
Салафи солиҳлардан бири касаллиги ва камбағал эканидан шикоят қилиб ўтирган бир кишига қарата: “Ҳой, сенга раҳм қиладиган Зотнинг устидан сенга раҳми келмайдиганларга шикоят қилиш орқали бир нарсага эришмайсан!” деган экан.
Ривоят қилинишича, бир одам кўзи ожиз, қўл-оёғи ишламайдиган ёши катта кекса одамнинг олдидан ўта туриб, унинг: “Касалликлардан мени омонда сақлаган ва бандалари орасида мени фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!” деяётганини эшитиб: “Аллоҳ сизни нималардан омондан сақлаганини билсам бўладими? Ахир қўл-оёғингиз ишламайдиган шол экансиз, сизга тегмаган касаллик қолмабди”, дебди. Бу гапларни эшитган шол, кўзлари ожиз қария: “Сени ҳам Аллоҳ таоло солиҳлар сафига қўшсин! Кўрмаяпсанми? Ахир Аллоҳ таоло менинг тилимни омонда қилиб қўйибди, мана шу тилим орқали мен ҳар онимда Аллоҳ таолога шукр қиламан ва яна қалбимни омонда сақлаб қўйибди, у орқали Аллоҳ таолони доимо зикр қиламан”, деган экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб ётган саҳройи арабнинг ҳолидан хабар олгани келиб: “Ҳечқиси йўқ! Яхшисиз, иншоаллоҳ тузалиб кетасиз”, дедилар. Аъробий эса: “Яхши дейсизми? Безгак қийнаб юборди. Бу касал мени хароб қилди, энди шу билан қабрга кетсам керак”, деди. Набий алайҳиссалом: “Майли, ундай бўлса, шундай бўлгани маъқул” [2], дедилар.
Солиҳлардан бири бетоб бўлиб, кўздан қолибди. У оғриқнинг зўридан кечалари ухламай жуда қийналиб чиқар экан. Шогирдларидан бири ҳол сўраб унинг олдига кирса, устози йиғлаб ўтирган экан. Шогирд устозига тасалли бериб: “Озор чекманг, озгина сабр қилсангиз, ҳаммаси ўтиб кетади”, дебди. Устози эса: “Йўқ, мен бетоблигим сабаб йиғламаяпман. Унинг боиси, Аллоҳ таоло мени имтиҳон қилишга лойиқ бандалардан қилиб, дард берганига хурсандлигимдан йиғлаяпман”, дебди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 155-оят.
[2] Имом Бухорий ривояти.