Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун 18 октябрь, пайшанба куни Маккаи мукаррама шаҳрида Уюшма Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади.
Анъанага мувофиқ, сессия Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх анжуман иштирокчиларини қутлаб, Уюшманинг навбатдаги 43-сессияси ишига муваффақият тилади.
Ушбу анжуманда дунёдаги нуфузли уламолар, кенгаш аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқдалар. Бугун анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَابِعُوا بَيْنَ الْحَجِّ وَالْعُمْرَةِ، فَإِنَّهُمَا يَنْفِيَانِ الْفَقْرَ وَالذُّنُوبَ كَمَا يَنْفِي الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ وَالذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ، وَلَيْسَ لِلْحَجَّةِ الْمَبْرُورَةِ ثَوَابٌ إِلَّا الْجَنَّةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, худди босқон темир, тилла ва кумушнинг кирини кетказганидек, иккиси фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар.
Насаий ва Термизий ривоят қилган. Термизий саҳиҳ, деган.
Ҳаддодлар (темирчилар) темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларим ювилсин, фақирликдан қутулиб, бой бўлай, деган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилса, мақсадига эришар экан.
«Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ».
Жаннатни ўзига савоб, яъни мукофот қилиб олишни истаган банда ҳажжи мабрур қилиши лозим экан. Яъни, ҳаж қилганда ҳаёсиз гап-сўзлардан тийилиб, фисқу фужурлардан холи бўлиб, сахийлик ва ҳусни хулқ ила ҳаж қилмоғи керак.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 10-жуз