Илму маърифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги ҳамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳақига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).
Устознинг шогирд устидаги ҳақи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)дан бундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм ардоқланади.
Юртимиз таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалардан таълим бераётган устозларни иззат-икром қилиш бурчимиздир.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Жомеъ”
масжиди имом-хатиби
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.