Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[1] деб, айтадилар.
Бинобарин, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[2].
Имом Абу Мансур ал-Мотуридийдан кейин мотуридия таълимотини ислом оламида кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан уламолардан бири кешлик Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саид ибн Шуайб ал-Кеший ал-Ҳанафий ас-Солимий ал-Макшифийдир.
Абу Шакур Солимийнинг ҳаёти, туғилган санаси, устоз ва шогирдлари ҳамда “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асари ҳақида биографик манбаларда маълумотлар кам учрайди. Жумладан, “Кашф аз-зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа Абу Шакур ас-Солимийнинг мазкур асари бор, дейиш билан кифояланган. Алломага ал-Кеший нисбаси туғилиб ўсган жойи қадимги Кеш (Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманлари) шаҳри билан боғлиқ бўлиб, баъзи араб тилидаги манбаларда “ал-Кашший” ёки “ал-Кассий” деб ҳам келган. “Ал-Ҳанафий” нисбаси эса, ҳанафий мазҳаби эътиқодида бўлгани туфайли берилган.
Ушбу мавзуда илмий изланишлар олиб борган турк тадқиқотчиси Умар Туркменнинг айтишича, аллома қабиласига кўра “ас-Солимий” нисбасини олган. Шунингдек, Абу Мансур ал-Мотуридий “Имомул-ҳудо (тўғри йўл раҳномаси)” унвонига сазовор бўлгани каби Абу Шакур ас-Солимий “ал-Муҳтадий (тўғри йўлда юрувчи)” номи билан танилган.
Абу Шакур ас-Солимий Мовароуннаҳрнинг қадимий Кеш воҳасида V/ХI асрнинг биринчи ярмида туғилган. Аллома ўзининг “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарида ҳижрий 470 йилларда Шайхул-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандийдан кўпгина китобларни таҳсил олгани ва унинг ҳузурида фақиҳлик даражасига етганини зикр қилинган. Бу эса алломанинг таваллуди V/XI асрнинг биринчи ярмида бўлганини ва Самарқанд шаҳрида таълим олганини кўрсатади.
Абу Шакур ас-Солимийнинг асосий устози Шайх ал-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандий ўша даврнинг Самарқанддаги етук уламоларидан бири бўлган. Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг зикр қилишича, ўша пайтда унинг ҳовлиси талабалар учун мадраса вазифасини ўтаган. Талабалар у ерда қироат ва ҳадис каби фанлардан таълим олишган.
Абу Бакр Муҳаммад ас-Самарқандий ҳам ўз навбатида ҳанафий уламоларнинг пешвоси аш-Шайх, ал-Имом, Рукнул-аимма, Шамсул-аимма, Абу Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний ал-Бухорийнинг (ваф. 448/1056 й.) шогирди бўлган.
Абу Шакур ас-Солимий “ат-Тамҳид” асарида калом илмига оид муҳим масалаларни баён қилган ҳамда ақлий ва нақлий далиллар асосида баҳс юритган. Ушбу китоб ўша вақтда ва кейинги асрларда аҳли сунна вал-жамоа ақоидини баён қилувчи муҳим манбалардан бири бўлиб келган.
“Ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари бизгача етиб келган. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида ҳам “ат-Тамҳид” китобининг 2638, 8736, 4604, 8160 рақамли қўлёзма нусхалари сақланади. ЎзРФА Ҳамид Сулаймонов номидаги фондда “ат-Тамҳид” асарининг 2418-рақам остида қўлёзма нусхаси сақланади, лекин унда асарнинг фақат I бобига тегишли аввалги тўртта фасл мавжуд, холос.
Европа шарқшуносларидан К.Броккельман берган маълумотга кўра, “ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма нусхалари Туркиянинг “Ашир” кутубхонасида I. 524/5, 1222-рақамлари, “Селим Оға” кутубхонасида 587-рақамли, “Шеҳид” кутубхонасида 1153-рақамли ва “Сулаймония” кутубхонасида мазкур асарнинг турли хаттотлар томонидан кўчирилган учта қўлёзма нусхалари 524, 525 ва 2167 рақамлар остида сақланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида эса “ат-Тамҳид” асарининг 27-Е, 105-Е, 140-Е, 313-Е, 560-Е рақамлари остида сақланувчи бешта тошбосма нусхалари мавжуд. Буларнинг барчаси 1326/1908-йилда Қози Мулло Муҳаммад Исо Хожа Мусавий Ризовий томонидан таҳрир қилиниб, Мулла Авлиё томонидан Самарқанд шаҳридаги “Демурф” босмахонасида нашр эттирилган. Бундан ташқари, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида 14315 рақам остида сақланаётган битта тошбосма нусхаси 1309/1891-92-йилда Деҳли шаҳрида “Форуқий” босмахонасида чоп этилган.
Бир қанча замонавий тадқиқотчи олимлар “ат-Тамҳид” асарининг мотуридия таълимотида тутган ўрни ҳақида ўз фикрларини билдиришган. Жумладан, Европа шарқшуносларидан Клауде Жиллод бундай ёзади:
“Юқорида кўриб ўтганимиздек, Мовароуннаҳрда V/XI асрнинг иккинчи ярмига қадар калом илмига оид мукаммал асарлар мавжуд эмас эди. Айнан шу даврга келиб, Абу Шакур ас-Солимий (ҳиж. V асрнинг 2-ярмида яшаган) калом илмига бағишланган мукаммал асари “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид”ни ёзди. Бу китоб мотуридия таълимотини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшди”.
Бундан ташқари, шарқшунос олим А.Муминов Абу Шакур ас-Солимийнинг яшаган даврини V/XI-асрнинг икинчи ярмига тўғри келганини айтади. Шу билан бирга “ат-Тамҳид” асари ўша даврда асосан ўқув қўлланма сифатида истифода этилганини таъкидлаб, ўзининг докторлик диссертациясида Абу Шакур ас-Солимий ва унинг “ат-Тамҳид” асари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтади.
Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид фи баёнит-тавҳид” асарини иккита тошбосма ва еттита қўлёзмалари асосида арабча матни ва ўзбек тилида таржимаси нашр этилди.
Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид” асари қўлёзма ва тошбосма нусхалари ислом оламининг турли ҳудудларида, хусусан, ҳанафий мазҳаби ёйилган минтақаларда кенг тарқалиши унинг мотуридий таълимоти эътиқодини баён этишда нақадар аҳамиятли эканидан хабар беради. Бу эса ўз навбатида Абу Шакур ас-Солимий мотуридия таълимоти ривожида жуда катта ҳисса қўшганига далолат қилади.
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А.Муҳиддинов
[1] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.
Ҳар йили Рамазон ойини юртимизда кўтаринки руҳда кутиб оламиз. Бу ойда мўмин-мусулмонларнинг меҳри ва саховати, мурувват ва футуввати жўш уради. Шулар боис ҳамда муқаддас Ислом дини таълимотига мувофиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга хайру саховатлар кўрсатилади.
Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 27 февралдаги «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорига биноан “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида бутун республикамиз бўйлаб юқори савияда ўтказилмоқда.
Рамазонда рўзасини тутишда ҳикмат кўп. Чунки Аллоҳ таоло рўза тутиш учун ушбу ойни танлаган. Бу ойда Қуръон нозил бўлган. Ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда” (Бақара сураси, 183–184-оятлар).
Рўза Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилинган. Лекин рўза тутишнинг шарт ва қоидалари турлича бўлган. Айрим умматлар Рамазон ойи ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келиб қолса, Аллоҳдан ёки Унинг пайғамбаридан беижозат шаккоклик ила уни бошқа ойларга кўчириб, бу қилмишларининг жаримаси учун, ўзларича, яна ўн кун қўшимча рўза тутишган.
Ҳалим бўлиш, ўзгалар билан уришиб тортишмаслик, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиш рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хабар берганлар: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра, уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
Набий алайҳиссалом рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Шунга кўра, рўзадор биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, дейиши лозим.
Уламолар бундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб, мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Ифторлик ва саҳарликлар ҳам дабдабадан, риёдан, хўжакўрсиндан холи, Аллоҳ учун бўлиши керак. Бизга ҳар жиҳатдан намуна бўлган зот Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифторликда ҳўл, янги етилган хурмо, агар у топилмаса, қуруқ хурмо билан, мободо у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан билан оғиз очар эдилар.
Рўзанинг жуда кўп ва турли-туман фойдалари бор. Биринчидан, рўза инсон танасини турли касалликлардан асрайди. Чунки танадаги кўп касалликлар асосан меъда ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилардан ҳамда ортиқча семириб кетишдан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутинглар, соғлом бўлурсиз”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Иккинчидан, рўза зеҳнни ўткир қилади, хотирани мустаҳкамлайди.
Учинчидан, рўзадор кишининг тана аъзолари ҳаракати тоат-ибодатлар учун енгил бўлади.
Тўртинчидан, рўза туфайли шайтоннинг малайлари мағлуб бўлади, Раҳмоннинг лашкарига нусрат ато этилиб, ғолиб бўлади.
Бешинчидан, рўза туфайли дуолар қабул бўлади. Қолаверса, тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимояланишда ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги исботланди.
Тошкент шаҳрида Рамазон ойинигн дастлабки кунларидан, муҳтарам Юртбошимизнинг қарорларида белгиланган вазифалардан келиб нафақат мўмин-мусулмонлар, айни пайтда ўзга дин ва бошқа миллат вакилларига ҳам муборак ой муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти.
Мисол учун, Бектемир ва Учтепа туманларида 5 тадан ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур бирлам озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Мурувват кўрсатилган оилалардан бирида рус миллатига мансуб ёши улуғ онахон яшайди. Онахон саховатдан мамнун бўлиб, бу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқади.
Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир.
Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.
Рамазон ҳар бир хонадонга файз ва барака бўлиб кириб келди. Бу ойнинг фазилатидан Аллоҳ таоло барчамизни баҳраманд қилсин!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби