Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[1] деб, айтадилар.
Бинобарин, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илми) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”[2].
Имом Абу Мансур ал-Мотуридийдан кейин мотуридия таълимотини ислом оламида кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан уламолардан бири кешлик Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саид ибн Шуайб ал-Кеший ал-Ҳанафий ас-Солимий ал-Макшифийдир.
Абу Шакур Солимийнинг ҳаёти, туғилган санаси, устоз ва шогирдлари ҳамда “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асари ҳақида биографик манбаларда маълумотлар кам учрайди. Жумладан, “Кашф аз-зунун” китоби муаллифи Ҳожи Халифа Абу Шакур ас-Солимийнинг мазкур асари бор, дейиш билан кифояланган. Алломага ал-Кеший нисбаси туғилиб ўсган жойи қадимги Кеш (Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманлари) шаҳри билан боғлиқ бўлиб, баъзи араб тилидаги манбаларда “ал-Кашший” ёки “ал-Кассий” деб ҳам келган. “Ал-Ҳанафий” нисбаси эса, ҳанафий мазҳаби эътиқодида бўлгани туфайли берилган.
Ушбу мавзуда илмий изланишлар олиб борган турк тадқиқотчиси Умар Туркменнинг айтишича, аллома қабиласига кўра “ас-Солимий” нисбасини олган. Шунингдек, Абу Мансур ал-Мотуридий “Имомул-ҳудо (тўғри йўл раҳномаси)” унвонига сазовор бўлгани каби Абу Шакур ас-Солимий “ал-Муҳтадий (тўғри йўлда юрувчи)” номи билан танилган.
Абу Шакур ас-Солимий Мовароуннаҳрнинг қадимий Кеш воҳасида V/ХI асрнинг биринчи ярмида туғилган. Аллома ўзининг “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид” асарида ҳижрий 470 йилларда Шайхул-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандийдан кўпгина китобларни таҳсил олгани ва унинг ҳузурида фақиҳлик даражасига етганини зикр қилинган. Бу эса алломанинг таваллуди V/XI асрнинг биринчи ярмида бўлганини ва Самарқанд шаҳрида таълим олганини кўрсатади.
Абу Шакур ас-Солимийнинг асосий устози Шайх ал-ислом, ал-Имом, аз-Зоҳид, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамза ал-Хатиб ас-Самарқандий ўша даврнинг Самарқанддаги етук уламоларидан бири бўлган. Нажмиддин Умар ан-Насафийнинг зикр қилишича, ўша пайтда унинг ҳовлиси талабалар учун мадраса вазифасини ўтаган. Талабалар у ерда қироат ва ҳадис каби фанлардан таълим олишган.
Абу Бакр Муҳаммад ас-Самарқандий ҳам ўз навбатида ҳанафий уламоларнинг пешвоси аш-Шайх, ал-Имом, Рукнул-аимма, Шамсул-аимма, Абу Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний ал-Бухорийнинг (ваф. 448/1056 й.) шогирди бўлган.
Абу Шакур ас-Солимий “ат-Тамҳид” асарида калом илмига оид муҳим масалаларни баён қилган ҳамда ақлий ва нақлий далиллар асосида баҳс юритган. Ушбу китоб ўша вақтда ва кейинги асрларда аҳли сунна вал-жамоа ақоидини баён қилувчи муҳим манбалардан бири бўлиб келган.
“Ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари бизгача етиб келган. ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида ҳам “ат-Тамҳид” китобининг 2638, 8736, 4604, 8160 рақамли қўлёзма нусхалари сақланади. ЎзРФА Ҳамид Сулаймонов номидаги фондда “ат-Тамҳид” асарининг 2418-рақам остида қўлёзма нусхаси сақланади, лекин унда асарнинг фақат I бобига тегишли аввалги тўртта фасл мавжуд, холос.
Европа шарқшуносларидан К.Броккельман берган маълумотга кўра, “ат-Тамҳид” асарининг қўлёзма нусхалари Туркиянинг “Ашир” кутубхонасида I. 524/5, 1222-рақамлари, “Селим Оға” кутубхонасида 587-рақамли, “Шеҳид” кутубхонасида 1153-рақамли ва “Сулаймония” кутубхонасида мазкур асарнинг турли хаттотлар томонидан кўчирилган учта қўлёзма нусхалари 524, 525 ва 2167 рақамлар остида сақланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида эса “ат-Тамҳид” асарининг 27-Е, 105-Е, 140-Е, 313-Е, 560-Е рақамлари остида сақланувчи бешта тошбосма нусхалари мавжуд. Буларнинг барчаси 1326/1908-йилда Қози Мулло Муҳаммад Исо Хожа Мусавий Ризовий томонидан таҳрир қилиниб, Мулла Авлиё томонидан Самарқанд шаҳридаги “Демурф” босмахонасида нашр эттирилган. Бундан ташқари, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти фондида 14315 рақам остида сақланаётган битта тошбосма нусхаси 1309/1891-92-йилда Деҳли шаҳрида “Форуқий” босмахонасида чоп этилган.
Бир қанча замонавий тадқиқотчи олимлар “ат-Тамҳид” асарининг мотуридия таълимотида тутган ўрни ҳақида ўз фикрларини билдиришган. Жумладан, Европа шарқшуносларидан Клауде Жиллод бундай ёзади:
“Юқорида кўриб ўтганимиздек, Мовароуннаҳрда V/XI асрнинг иккинчи ярмига қадар калом илмига оид мукаммал асарлар мавжуд эмас эди. Айнан шу даврга келиб, Абу Шакур ас-Солимий (ҳиж. V асрнинг 2-ярмида яшаган) калом илмига бағишланган мукаммал асари “ат-Тамҳид фи баён ат-тавҳид”ни ёзди. Бу китоб мотуридия таълимотини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшди”.
Бундан ташқари, шарқшунос олим А.Муминов Абу Шакур ас-Солимийнинг яшаган даврини V/XI-асрнинг икинчи ярмига тўғри келганини айтади. Шу билан бирга “ат-Тамҳид” асари ўша даврда асосан ўқув қўлланма сифатида истифода этилганини таъкидлаб, ўзининг докторлик диссертациясида Абу Шакур ас-Солимий ва унинг “ат-Тамҳид” асари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтади.
Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид фи баёнит-тавҳид” асарини иккита тошбосма ва еттита қўлёзмалари асосида арабча матни ва ўзбек тилида таржимаси нашр этилди.
Абу Шакур ас-Солимийнинг “ат-Тамҳид” асари қўлёзма ва тошбосма нусхалари ислом оламининг турли ҳудудларида, хусусан, ҳанафий мазҳаби ёйилган минтақаларда кенг тарқалиши унинг мотуридий таълимоти эътиқодини баён этишда нақадар аҳамиятли эканидан хабар беради. Бу эса ўз навбатида Абу Шакур ас-Солимий мотуридия таълимоти ривожида жуда катта ҳисса қўшганига далолат қилади.
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
А.Муҳиддинов
[1] Муттафақул алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Бақара сураси, 269-оят. –Б. 45.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Қалбим сурури, кўзим қувончи бўлган азиз фарзандим! Сиз дунёга келганингизда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор мустақил қадам босганингиз, “дадажон” деб, эркаланганингиз, телефон қилиб “дада уйга қачон келасиз?” деганингиз кечагидек ёдимда.
Кўз очиб юмгунча бир зумда улғайдингиз... Мактабда тенгқурларингиз орасида тарбиянгиз билан ажралиб турардингиз.
Ёшлигингиздан орзу қилган Тошкент Ислом институтининг талабаси бўлиш бахтига эришсин дея кечалари онангизнинг йиғлаб қилган дуолари, “Аллоҳим фарзандимга манфаатли илм бергин” деб қилган илтижоларим ижобат бўлганини эшитганимда кўз ёшларимни тиёлмагандим. Юзлаб қоракўзлар ичидан талаба бўлиш бахти сизга насиб бўлгани учун Роббимга ҳамдлар айтдим.
Мана орадан 4 йил ўтди. Бугун бу файзли ва муборак даргоҳни тарк этмоқдасиз.
Эй Фарзандим! Бугун фурсатдан фойдаланиб, Сизга кичик бир насиҳатни қилмоқчиман. Унга умрингизнинг охирги лаҳзаларигача амал қилишингизга Аллоҳ тавфиқ беришини сўраб қоламан.
Азиз дилбандим! Сиз эндигина 4 баҳорни кўрган болакай эдингиз. Жажжи қўлларингиздан тутиб сизни боғчага олиб кетардим. Шунда дўкондаги машина ўйинчоғини кўриб қолиб, олиб беринг деб роса хархаша қилгандингиз. Олиб беришни жуда истардимку, аммо афсуски олдимда шу кичкинагина ўвинчоқни олиб беришга ҳам пулим йўқ эди....Жонимни сўрашса сизга беришга тайёрман болам... ўзимдан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятимни ишга солиб ҳаракат қиламан. Баъзан дуода ўзимни унутсамда, сизни асло унутмайман.
Орадан йиллар ўтиб, Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ тўйингизни ўтказдик. Шу куни сизни муборак этгани сўзга чиққанимда сизга мендан аразлаб, ҳатто гаплашмай қўйишингизга сабабчи ўша кичкина машинани топширганимда жуда уялиб, юзларингиз қизариб кетганди...
Жоним болам, ниятим сизни уялтириш эмас... Сизга фақат яхшиликларни тилайман. Сизга бутун умрингиз ва охиратингиз учун керак бўладиган муҳим бир сабоқни амалий тарзда етказгим келди, холос...
Унутмангки, кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласиз. Бир кун аниқ Роббимизнинг олдида турамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қилган амалимизни бирма-бир ҳисоб-китоб қилади. Шундай кунда уммати Муҳаммад бўлган сиз дилбандим амалларингизнинг жуда оз ва кичкиналиги билан бутун халойиқнинг олдида уялиб қолманг! Бунинг учун ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ таоло учун қилинг! Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бошқаларга ҳасад қилманг!
Унутмангки, сиз Аллоҳ таолонинг динини етказишдаги омонатдорсиз. Улуғ зотларга илм бешиги бўлган маъҳаднинг вакилисиз. Сиз уларга сўзсиз муносиб бўлишингиз керак. Зеро, халқимиз муборак Ислом динимизни – имом тимсолида кўради.
Бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан ёруғликка, жаҳолатдан маърифатга, бахтсизликдан саодатга олиб чиққан, бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямаган, ҳамиша фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар шуни маҳкам тутинг, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийилинг. Ҳадисларини ёдлашга ҳарис бўлинг, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини кўпроқ ўрганинг ва уларга амал қилинг.
Асло эришган ютуғингиз билан чекланиб қолманг. Кимдир ёки нимадир учун илм олманг. Энг муҳими – илм ибодат эканини унутманг!
Қуръонни қўлингиздан қўйманг. Қуръонга муҳаббатли бўлинг!
Жигарпорам, мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Унутмангки, биз сизни яхши кўрамиз, сиз бизнинг ҳамиша қалбимизда, дуоларимиздасиз.
Сизни кўришимиз болалигингизни, бахтли онларингизни, қувонч билан югуриб қучоғимизга ўзингизни отишингизни ёдимизга солади.
Сиз келмай қўйсангиз бизнинг юраклар сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан жам бўлмайди.
Сиздан ягона илтимосимиз шуки, дуоларингизда доимо эслаб, Аллоҳ таолодан бизга раҳм-шафқат сўранг. Қанийди, Жаннатда барча ота-оналар қаторида турганимизда исмларимиз билан чақирилиб, “фарзандингиз Қуръон ёдлаб, қилган солиҳ амаллари учун сизга мукофот – иззат тожи кийдирилади” деганини эшитсак эди... Бу бизнинг энг буюк орзуимиз.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда бирга қилсин! Иззат тожини киядиган зотлардан қилсин! Омийн.
Даврон НУРМУҲАММАД