Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Турсунзода туманидаги “Боғи сомон” деҳқон хўжалигига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хўжалик раҳбари Камол ҳожи Мадумаров асли олтиариқлик уста деҳқон фарзанди. У ота касбини давом эттириб, қут-барака, элда обрў топган. Бугунги кунда хўжалик узумзори 500 гектарга етган. Ўнга яқин навдаги ширин ва ҳосилдор узумлар довруғи бутун минтақамизга таралган.
Президентимиз узумзор боғ ва маҳсулотлар омборини кўздан кечирди. Шавкат Мирзиёев Камол ота Мадумаровга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган Captiva автомашинасини совға қилди.
Давлатимиз раҳбари шу тумандаги «Ватан» деҳқон хўжалигида ҳам бўлиб, унинг раҳбари Неъмат ҳожи Усмоновга яна бир автомашина туҳфа этди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг Swift News интернет нашри ҳаж мавсумида зиёратчиларимизга кўрсатилаётган эътиборни кенг ёритди. Мақола аввалида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, ўзаро ташрифлари ва самимий мулоқотлар ҳақида сўз юритилган.
Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаж квотаси 3 баробар оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар фуқаро ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этиши юқори баҳоланган.
Жорий мавсумда Мадина шаҳрига етиб келган бўлажак ҳожиларимиз катта эҳтиром ила кутиб олинаётгани, зиёратчилар республикамизнинг 9 та халқаро аэропорти орқали мунаввар шаҳарга кузатилаётгани қайд этилган. Шунингдек, муборак сафар мобайнида ҳар бир тадбир аниқ режа асосида, юксак савияда амалга оширилаётгани, ташкилий-ҳужжат ишлари, тоату ибодатлар, истиқомат, озиқ-овқат, тиббиёт ва транспорт хизматлари юқори сифат ва даражада йўлга қўйилганига урғу қаратилган.
Қисқача айтганда, араб нашрида чоп этилган мақолада мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларига катта эътибор берилиб, мўмин-мусулмонларнинг улуғ амалларини мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар ҳозирлангани, бундан нафақат юртимиз аҳли, балки саудиялик мутасаддилар ҳам мамнун экани баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати