Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Туркиянинг Ибн Ҳалдун университетида "XXI аср таҳдидлари ва ислом маърифати ғоялари" мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Ушбу конференцияда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази вакиллари иштирок этганлари маълум қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси номида Идора раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур иштирок этдилар.
Анжуман доирасида жаҳонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишда ислом динининг аҳамияти, унинг ўрни ҳақида фикрлар билдирилиб, ҳамжиҳатликда иш олиб бориш истиқболда улкан натижаларга эришишнинг асоси экани таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия диний таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўпчилик мусулмонлар Қуръонни фақатгина савоб ва ажр олиш мақсадида ўқишади, айни пайтда Қуръонда кўплаб манфаатлар борлигини унутишади.
Аслида, Қуръонни ҳар гал аниқ бир ният билан ўқилса, Аллоҳ таолонинг фазли ила ўша нияти амалга ошади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар кимга ниятига ярашаси берилади", деганлар.
Қуръон — ҳаёт дастури. Ният олимларнинг сармояси. Шунга биноан мусулмон киши Қуръон ўқиганида қуйидагича ниятларни қилиши керак:
1. Мен Қуръонни илм олиш ва унга амал қилиш мақсадида ўқийман.
2. Мен Қуръонни Аллоҳдан ўзимга, фарзандларимга ва оиламга ҳидоят бериши учун ўқийман.
3. Мен Қуръонни Аллоҳга муножот қилиш учун ўқийман.
4. Мен Қуръонни дардларимга шифо бўлиши учун ўқийман.
5. Мен Қуръонни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига чиқиш учун ўқийман.
6. Мен Қуръонни қалбимнинг қаттиқлигини йўқотиш, унга хотиржамлик солиш ва шайтоннинг васвасасини кетказиш учун ўқийман.
7. Мен Қуръонни ҳасаддан, назар нафасдан ўзимни ва оила аҳлимни асраш учун ўқийман.
8. Мен Қуръонни ғофиллардан бўлиб қолмаслик ва Аллоҳни мудом зикр қилувчилар қаторида бўлиш учун ўқийман.
9. Мен Қуръонни иймоним мустаҳкам бўлиши, ишончим ортиши учун ўқийман.
10. Мен Қуръонни Аллоҳнинг амрига итоат этиш учун ўқийман.
11. Мен Қуръонни ҳар бир ҳарфи учун ўнтадан савоб олиш учун ўқийман.
12. Мен Қуръонни қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўлиш учун ўқийман.
13. Мен Қуръонни жаннатда юқори даража топиш учун ўқийман.
14. Мен Қуръонни Аллоҳнинг ҳузурида даражам юксак бўлиши учун ўқийман.
15. Мен Қуръонни қиёмат куни ота-онамга тож кийдириш учун ўқийман.
16. Мен Қуръонни Аллоҳнинг хос аҳлларидан бўлиш учун ўқийман.
17. Мен Қуръонни дўзахдан нажот топиш учун ўқийман.
18. Мен Қуръонни ўзимга ёки оиламга етган сеҳр-жоду амалидан халос бўлиш учун ўқийман.
19. Мен Қуръонни Аллоҳ мушкулимни осон, ҳожатимни раво қилиш учун ўқийман.
20. Мен Қуръонни Аллоҳ қарзимга нажот бериши учун ўқийман.
21. Мен Қуръонни қабримда менга ҳамроҳ бўлиши, сирот кўпригида нур бўлиши учун ўқийман.
22. Мен Қуръонни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари билан хулқланиш учун ўқийман.
23. Мен Қуръонни ўзимни ботил ишлардан тийилиб, савобли ишлар билан машғул қилиш учун ўқийман.
24. Мен Қуръонни ғам-ташвишлардан фориғ бўлиш учун ўқийман.
25. Мен Қуръонни нафсим ва шайтонга қарши курашиш учун ўқийман.
Қуръон тиловати бу - зикр. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: "Аллоҳ таоло шундай деган: "Ким менинг зикрим билан машғул бўлиб, мендан ҳожатларини сўрай олмаса, Мен унга сўраганларидан ҳам афзалини ато этаман".
Аллоҳ таоло барчамизнинг қилган амалларимизни қабул айласин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ