Ота-она худди икки кўз кабидир: бири ўнг, иккинчиси чап. Агар уларнинг биридан жудо бўлсанг, кўришинг хиралашади. Иккисини ҳам йўқотсанг, кўр бўлиб қоласан. Уларни икки кўзингни сақлаганингдек авайла!
وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا
Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт. (Исро сураси, 24-оят).
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар, дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурдайдадан, у киши ўз оталаридан қилган ривоятда қуйидагилар келтирилади: «Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деб сўрабди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ», деган эканлар.
Демак, биз доимо ўз ота-онамизга яхшилик қилишимиз керак. Агар бизга бирор ваъз қилсалар, уларга доимо қулоқ тутишимиз керак. Сабаби, албатта, ота-онамиз бу ҳаётда биздан кўп ҳаёт кечирганлар, биздан кўп тажрибага эгалар. Биз фарзандлар ота –онамизни доимо айтганларини қилиб, уларни эъзозлашимиз, авайлаб – асрашимиз лозим. Чунки ота –онамиз биз учун бу ҳаётнинг маъносидирлар.
Ота-онамиз бизларнинг энг яқин инсонларимиздир. Бизни улар тушунгани каби ҳеч ким тушуна олмайди. Улар бизнинг бу ҳаётдаги кенг ёйилган қанотларимиздир. Улар доим ёнимизда бўлсалар биз кўкларга парвоз қиламиз. Ота- оналар эса доимо ўз фарзандини камолини, иқболини ва бахтини кўришни орзу қилиб ҳаёт кечирадилар.
Улар ўзларини эмас, доимо фарзандларини ўйлайдилар. Шу сабаб биз фарзандлар бир нарсани аниқ билиб қўйишимиз лозим: Биз учун бу ҳаётда ўз ота-онамиз каби фидойи инсонлар бўлмайди. Ҳеч ким улар каби биз учун қайғурмайди. Агар ҳар бир ота-онамизга айтаётган гапимиз олдидан мана шу ҳақида бир фикр қилсак, менимча, ота-онамиз ва биз-фарзандлар орасида ҳеч қандай зиддиятлар кузатилмайди, ҳамда ота-онамизни ранжитиб ҳам қўймаймиз.
Ота-онани ранжитиш муқаддас ислом динимизда гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Ота-онанини ёки улардан бирини ранжитиш фақатгина гуноҳи кабилардан биригина бўлиб қолмай, бундай ишдан сўнг ота-онани ранжитган уларни норози қилган фарзанд ҳеч қачон бахтли, гўзал иқболли бўлмайди. Сабаби, у ўз ота-онасига шу каби муомала қилгани учун унга Аллоҳнинг раҳмати тушмай қўяди.
Демак биз фарзандлар доимо ўз ота-онамизга қулоқ тутишимиз лозим. Улар бизни койисалар фақат: ,,Ҳўп бўлади онажон ёки ҳўп бўлади отажон!” деб айтишимиз лозим. Шундагина биз келажакда яхши инсон бўла оламиз. Ҳаттоки бизнинг фарзандларимиз ҳам, албатта, биз каби бўладилар. Чунки биз ўз ота- онамизга қандай гўзал муносабатда, қанчалик меҳрибон бўлсак , бизнинг фарзандларимиз ҳам бизга худди шундай бўладилар. Ахир бу дунё – қайтар дунёдир.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти
Ахборот- ресурс маркази раҳбари М. Саиджалолова
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва фазллари машҳур бўлаётган ва шуҳрат қозонаётган эди. У киши ўзларининг воқеаларини қуйидагича сўзлаб берадилар: «Мен «Сийратун-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини олти жилд қилиб тамомладим. «Муҳтарам Зотнинг сийратларидаги бирор жилва ёки кўриниш менинг ҳаётимда ҳам бўлганми ёки йўқ? Агар бўлмаган бўлса, у ҳолда қандай бўлади?» деган ўй қайта-қайта қалбимда тинчлик бермас эди. Шу мақсад учун Аллоҳнинг бирор валийсини қидирдим.
Тҳана Бҳавандаги хонақоҳда яшайдиган ва Аллоҳ таоло файзларини таратиб қўйган Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий ҳазратлари ҳақида эшитган эдим. Шундай қилиб, бир куни Тҳана Бҳаванга боришни ният қилдим ва сафарга чиқдим. Бориб, ҳазрат билан кўришдим ва бир неча кун у ерда турдим. Ортга қайтаётганимда ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳга: «Ҳазрат! Бирор насиҳат қилинг», дедим. У зотнинг хаёлларига ўша пайт: «Шундай катта алломага нима насиҳат қиламан? Илм ва фазли бутун дунёга машҳур бўлса», деган ўй келибди. Кейин: «Эй Аллоҳ! Қалбимга унинг учун ҳам фойдали бўлган ва менинг учун ҳам фойдали бўлган нарсани сол», деб дуо қилибди. Шундан кейин ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳга хитоб қилиб: «Эй биродар! Бизнинг йўлимизда бошидан охиригача ўзингизни хокисор тутишингиз керак», дебдилар.
Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзларни айтаётганларида қўлларини кўксиларига олиб бориб, паст тарафига бир зарба бердилар, зарба худди менинг қалбимга тушгандек бўлди».
Ҳазратимиз Доктор Абдулҳай раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бу воқеадан кейин Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини шундай хокисор тутдиларки, унинг мисли топилиши қийин эди. Бир куни қарасам, хонақоҳнинг ташқарисида ҳазрат Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ мажлисга келганларнинг оёқ кийимларини тартиблаётган эканлар. Шундай тавозеъ ва муҳаббатни Аллоҳ таоло у кишининг қалбида пайдо қилди ва кейин юксак даражаларга кўтариб қўйди».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан