Бугун 25 сентябрь куни Ислом дунёсининг машҳур олими шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон мажмуадаги Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган “Ҳазрати Усмон Муфҳафи”, аллома Қаффол Шоший мақбараси, Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Дастлаб Шайх ҳазратлари Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган “Ҳазрати Усмон Муфҳафи”ни зиёрат қилиб, Ўзбекистонда Ислом динига оид маънавий мерослар жуда кўплиги, энг табарруги шубҳасиз, “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” эканини эътироф этди.
Шундан сўнг меҳмон мажмуадаги Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилди. Зиёрат давомида алломанинг ҳаёти ва фаолиятидан лавҳаларни сўзлаб берди. Жумладан, у кишининг “Қаффол” деган номни олишлари, қирқ ёшдан кейин илм олишни бошлаганлари ҳақидаги нодир маълумотларни гапириб берди.
Муҳаммад Аввома ҳазратлари пешин намозини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида мударрис ва талабалар билан бирга адо қилдилар. Намоз якунида Олий Маъҳад фаолияти ва талабалар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу мартабали меҳмон билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Шайх ҳазратлари Ўзбекистон заминига келишни 61 йилдан буён интиқиб кутганлари, Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила ушбу хайрли сафарни амалга оширишга муваффақ бўлганларини баён қилдилар.
Муҳаммад Аввома ҳазратлари охирги йилларда Ўзбекистондаги дин соҳасида амалга оширилаётган ишларга хайрли дуолар қилиб, энг эзгу тилакларини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати