Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳамати ила жамики махлуқотни яратгач, Ўзининг янада гўзал ижодини намоён этишга қарор қилди. У Одам алайҳиссаломни ва унинг авлодларини яратди, уларни Ер юзига тарқатиб юборди, сўнг эса уларга ҳақ йўлни кўрсатиб, ҳидоятга бошловчи расулларини юборди. Аллоҳ таоло муборак Каломида:
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ رَّسُولٌ فَإِذَا جَاء رَسُولُهُمْ قُضِيَ بَيْنَهُم بِالْقِسْطِ وَهُمْ لاَ يُظْلَمُونَ
“Ҳар умматнинг ўз Пайғамбари бордир. Қачонки уларга Пайғамбарлари келса, ораларида адолат ила ҳукм чиқарилур. Уларга зулм қилинмас” (Юнус, 47);
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيراً وَنَذِيراً وَإِن مِّنْ أُمَّةٍ إِلَّا خلَا فِيهَا نَذِيرٌ
“Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган” (Фотир, 24).
Ҳар бир расул ва набий ўз умматига Аллоҳ таолонинг ҳақиқатини етказган. Сўзларининг ростлигини тасдиқлаш учун уларга махсус илм ва мўъжизалар ато қилинган. Мўъжизанинг аллақандай сеҳргарлик ёки фокусга асло алоқаси йўқ. У фақат Буюк Яратувчининг бемисл қудратини намоён этиш учун Раббимизнинг Ўзининг иродаси ила содир бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ҳадиси шарифда “Пайғамбарларнинг барчасига одамлар уларнинг гаплари ростлигига ишониши учун махсус билимлар ато қилинган. Менинг мўъжизам – Қуръони каримдир. Умид қиламанки, Қиёмат кунида ўтган жамики пайғамбарлар умматидан менинг умматимнинг сони кўп бўлади” (Имом Бухорий), дейилган.
Инсониятнинг отаси ва биринчи пайғамбар Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло кўплаб мўъжизалар ато қилган.
Одам алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолонинг халифаси бўлиб яралиши
Парвардигоримиз Одамни яратиб, уни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлашини фаришталарига хабар қилгани қуйидаги ояти каримада баён қилинган:
وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلاَئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُواْ أَتَجْعَلُ فِيهَا مَن يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاء وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ |
وَعَلَّمَ آدَمَ الأَسْمَاء كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلاَئِكَةِ فَقَالَ أَنبِئُونِي بِأَسْمَاء هَـؤُلاء إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ |
قَالُواْ سُبْحَانَكَ لاَ عِلْمَ لَنَا إِلاَّ مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ |
قَالَ يَا آدَمُ أَنبِئْهُم بِأَسْمَآئِهِمْ فَلَمَّا أَنبَأَهُمْ بِأَسْمَآئِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ “Эсла, вақтики Раббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди. Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди. Улар:"Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар. У зот:"Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди (Бақара, 30-33). |
Ёввойи ҳайвонлар билан сўзлашиши
Одам алайҳиссаломга ёввойи ҳайвонлар билан муомала қилиш, яъни уларни қўлга ўргатиб хонакилаштириш илмини ҳам ўргатди ва унга минг йилга яқин умр ато қилди. Шу вақт мобайнида унинг жуда кўп авлодлари туғилди ва дунё бўйлаб тарқалиб кетди. Одам алайҳиссалом уларнинг маконларига борар ва ҳақ йўлидан сабоқлар берар эди. Бир сафар навбатдаги қабиланинг масканига бориб улардан ҳол-аҳвол сўраганида, қабиладагилар ўрмонда яшайдиган йиртқич ҳайвонлардан шикоят қилади.
– Шу вақтга қадар ҳайвонлар бу қадар шафқатсиз эмас эди. Йиртқичлар бизга тўсатдан ташланиб қолади, биз бунинг сабабини била олмаяпмиз, – дейди улар. Шунда Одам алайҳиссалом тепаликка чиқиб баланд овозда:
– Эй ўрмондаги ёввойи ҳайвонлар, тезда менинг олдимга келинглар, – дейди.
Бу чақириқни эшитиб, ҳайвонлар унинг атрофида жам бўлади.
– Бу одамлар менинг болаларим ва авлодларим! Сиз нега уларга ташланяпсиз, нега яшашига қўймаяпсиз? Улар сиздан шикоят қилмоқда, – дейди ҳайвонларга.
– Бу қабила орасида ғийбат ва миш-миш авж олиб кетди. Аллоҳ таолонинг иродаси ила биз уларга жазо сифатида туширилдик, улар ана шу иллатларидан тавба қилмагунларича бу ҳол давом этаверади, – деб жавоб қилди ҳайвонлар.
Бу жавобни эшитган қабила аҳли ҳайратдан ёқа ушлаб қолди. Одам алайҳиссалом қабилага юзланиб:
– Эй болаларим, қилган гуноҳларингизга тавба қилинг ва ғийбатчиликка ва миш-мишларга барҳам беринг, – дейди.
Одамлар тавба қилиб, ҳидоят йўилга тушиб олди ва шундан кейин йиртқич ҳайвонларнинг улар билан иши бўлмай қолди.
Узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтиши
Одам алайҳиссаломнинг яна бир мўъжизаси – унинг узоқ масофани қисқа вақтда босиб ўтишидир. Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз ерга туширилганда Аллоҳ таоло уларни бир-биридан жуда узоқ масофага туширган: Ҳавво онамиз Арабистон яриморолидаги ҳозирги Жидда шаҳри ҳудудига тушган бўлса, Одам алайҳиссалом Шри-Ланка оролларига тушган. Улар бир-биридан айрилиқда 40 йил (айрим ривоятларда 200 йил) яшаган дейилади. Ниҳоят Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, бирлашишга изн берганида тонг чоғи йўлга чиққан Одам алайҳиссалом пешин вақти кирмасдан Ҳавво онамизнинг қошига етиб келган эди. Бунга ўхшаш ҳодисалар уларнинг ҳаётида кўп бўлган ва у бир неча бор Ҳиндистонга бориб келган.
Тошдан сизиб чиққан сув манбаи
Орадан йиллар ўтди, Одам алайҳиссаломнинг авлодлари сони тобора кўпайиб бораверди. Уларнинг орасида баъзилари ҳақ йўлидан тойиб кетди ва Аллоҳ таолонинг ҳукмларини бажаришдан бўйин товлай бошлади. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ва унинг фарзандлари қирқ йил диндан узоқда яшадилар. Қирқ йилдан сўнг Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга:
– Қобилнинг авлодларини ҳаққа даъват эт! – деб амр қилди.
Одам алайҳиссалом уларнинг қабиласига бориб ҳақ йўлига даъват эта бошлади. Аммо қанчалик ҳаракат қилмасин, қавм унинг гапларига қулоқ солмади. а ниҳоят кунларнинг бирида улар бобокалонига:
– Бизга бир мўъжиза кўрсатинг, шундан кейин биз сизга ишонамиз, – дедилар.
– Айнан қандай мўъжиза кўришни истайсиз? – деб сўради Одам алайҳиссалом.
Улар бир катта тошни кўрсатиб:
– Ана шу тошдан сув чиқсин, – дедилар.
Шунда Одам алайҳиссалом қўлини тошга қўйди ва тошдан тиниқ ва ширин сув отилиб чиқди. Бу мўъжизани кўриб улар имонга келди ва Одам алайҳиссалом сажда қилиб авлодлари яшайдиган қишлоққа серсув булоқ ато қилгани учун Аллоҳ атолога ҳамду сано айтди.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби