Саудия Арабистони Ҳаж ибодатини адо этиш учун ҳужжатлар тайёрлаган ҳолда виза олмоқчи бўлган Ливандаги фаластинликларга мамлакатга киришни таъқиқлади. Бу ҳақда islam-today нашри хабар берди.
Яқин Шарқда фаолият олиб борувчи ОАВларнинг маълум қилишича, Саудия томони Фаластин паспортига эга бўлмаган ва Ливан ҳудудига истиқомат қилаётган фаластинликларга виза беришни тўхтатган. Бугунги кунда Ливан ҳудудида 300 мингдан ортиқ фаластинлик яшайди.
Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари виза бермаслик сабабини сўраб мурожаат қилганларида, Саудия Арабистони томони ушбу ҳолатга изоҳ ва тушунтириш бермаган.
Аввалроқ, худди шундай муаммо Иордания ҳудудида яшайдиган фаластинликлар билан ҳам содир бўлган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД