Ислом дини инсонни ўз ҳаётида жамиятдаги барча кишилар билан яхши муносабатда, муомалада ва гўзал одоб-ахлоқда бўлиб яшашга чорлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бизларни доимо чиройли гумонда бўлишимиз зарурлиги ҳақида қайғуриб шундай деб огоҳлантирганлар: “Бадгумонликдан сақланинглар, зеро ёмон гумон сўзларнинг энг ёлғонидир”.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Мен Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни Байтуллоҳни тавоф қилаётганларини ва қуйидаги ҳадисни айтганларини кўрдим». Ул зот шундай дедилар: «Эй Байтуллоҳ! Сен қандай ҳам яхшисан! Ҳидинг бунчалар ҳам хушбўй! Сен қандай ҳам улуғсан! Сенинг ҳурматинг қанча ҳам буюк! Муҳаммаднинг жони Унинг измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ ҳузурида мўминнинг қони ва молу-дунёси Сенинг ҳурматингдан ҳам улуғроқдир. Мўмин ҳақида фақат яхши гумонда бўлинади» (Имом Молик ривояти).
Дарҳақиқат мўмин-мусулмон киши ҳар доим ўзгаларга озор бермаслик ва зулм қилиб қўймаслик учун тилини, қўлини ва қалбини ёмон гумонда бўлишдан тияди. Ёмон гумон, ғийбат, бўҳтон, чақимчилик, динда ғулувга кетишлик жамият аъзолари ўртасидаги инсонлар ороми ва фароғатига зарар берадиган ижтимоий иллат ва гуноҳ саналади.
Улуғ зоҳид Фузайл ибн Иёз айтади: «Ким ғийбатдан омонда бўлишни истаса, гумон эшикларини маҳкам беркитсин. Ким гумондан узоқда бўлса, дўсти айбини ахтаришдан омонда бўлади. Ким бировнинг хатосини топишдан холи бўлса, у ғийбатдан четда бўлади».
Имом Суфён Саврий деди: «Биродаринг ҳақида ёмон гумонда бўлишинг уни заҳарлаб ўлдиришинг билан тенгдир».
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ